Ўзининг таваллуд кунида ўлдирилган супер юлдуз
Аҳмад Зоҳир – афғон қўшиқчиси ва бастакори. У 1946 йил 14 июнда туғилган ва орадан 33 йил ўтиб, 1979 йилда айнан таваллуд кунида ҳаётдан кўз юмган. «Афғон Элвиси» номини олган Аҳмад Зоҳир мамлакатнинг барча замонлардаги энг машҳур хонандаси эди. У дари. пушту тилларида куйлаган. Шунингдек, рус, урду ва инглизчада ижро этган қўшиқлари ҳам мавжуд. Миллий жамоатчилик радиоси (НПР) маълумотларига кўра, Аҳмад Зоҳир тарихда халқаро миқёсда ўз изини қолдирган 50 та олтин овоздан бири сифатида қайд этилган.
Бош вазирнинг ўғли
Аҳмад Зоҳир Афғонистоннинг Кобул шаҳрида этник пуштунлар оиласида таваллуд топган. Отаси Абдул Зоҳир қироллик саройи шифокори бўлиб, 1971-1972 йилларда Афғонистон соғлиқни сақлаш вазири ва бош вазир лавозимларида ишлаган. У парламент спикери ва қирол Зоҳиршоҳ давридаги нуфузли шахс бўлиб, Афғонистоннинг 1964 йилги Конституциясини ёзишга ёрдам берган.
Бўлажак қўшиқчи Кобулдаги Ҳабибия ўрта мактабида ўқиди. Бу даргоҳда «Ҳабибия ўрта мактабининг ҳаваскор гуруҳи»ни тузди. Зоҳир аккордеон чалар, гуруҳ яккахони эди. Улар Наврўз, Ийд ул-Фитр ва Афғонистоннинг Мустақиллик куни каби байрам тадбирларида қўшиқ куйлашарди. Мактабни тугатган Аҳмад Зоҳир Доруъл-Муаллимин («Ўқитувчилар коллежи»)да таҳсил олди. Кейин эса Ҳиндистонда инглиз тили ўқитувчиси сифатида икки йил ўқиди. У ердан қайтгач, газетага журналист бўлиб ишга кирди. Аммо санъатга қизиқиши устунлик қилиб, тез орада биринчи албоми устида иш бошлади. Афғон бастакорлари Найнаваз ва Таранасаз билан яқиндан ҳамкорлик қилди.
Бора-бора Аҳмад Зоҳир Кобулда жўшқин овозга эга истеъдодли хонанда сифатида катта шуҳрат қозонди. Унинг баритон овози ва ҳаяжонли хонишлари халқ томонидан «Булбул-э-Ҳабибя», «Ҳабибия булбули» унвонини берилишига сабаб бўлди. Қўшиқчи ижодида, асосан, халқ мусиқаси, форс адабиёти, ҳинд классик мусиқаси ва ғарбнинг поп ва рок услублари уйғунлашган эди.
Супер юлдузлик
Зоҳирнинг дебют албоми Кобул радиосида ёзилган. Иккинчи албоми уни нафақат супер юлдуз даражасига олиб чиқди, балки танқидчилар томонидан бадиий дурдона сифатида ҳам олқишланди. Зоҳирнинг албоми афғон оҳангининг асосий элементларини сақлаб қолган, жуда машҳур ва осон тушуниладиган лирик ҳамда мусиқий тилга эга эди.
Аҳмад Зоҳир афғон мусиқаси саҳнасида 10 йил бўлган бўлса-да, 30 дан ортиқ албом ёзди. Бу дунё миқёсидаги ҳар қандай мусиқа саноатида ноёб ҳодиса ҳисобланади. Албомларнинг ҳаммаси муваффақиятли ва барча томонидан кенг қабул қилинган.
Зоҳир Афғонистоннинг улуғ қўшиқчиси Сарбондан кейин афғон мусиқа услубининг ривожланишида энг муҳим роль ўйнади.
Савр инқилобидан сўнг, Аҳмад Зоҳир янги коммунистик режим раҳбарлари танқид қилинган учта қўшиқ ёзди. Шундан сўнг таъқибга учраган деган гаплар юради.
Бевақт ўлим ва мишмишлар
Аҳмад Зоҳир 1979 йил 14 июнда 33 ёшга тўлган куни вафот этди. Оммавий ахборот воситаларида унинг Саланг туннели атрофида автоҳалокат туфайли вафот этгани ҳақида хабар берилган, лекин баъзилар унинг сиёсий қарашлари ўша даврдаги марксистик ҳукуматга зид бўлганлиги сабабли ўлдирилганини даъво қилади. Гўёки хонанда яқин дўсти ва икки аёл шериги томонидан шаҳардан ташқарига чиқарилиб ўлдирилган. Бошқалар, Аҳмад Зоҳир катта сиёсатчи Ҳафизуллоҳ Аминнинг буйруғи билан, Зоҳир ва Аминнинг қизи ўртасидаги муҳаббат туфайли ўлдирилган деб ҳисоблашади.
Ўша куни Аҳмад Зоҳир дўстлари билан машинада Сапанг довонига қараб йўл олади ва Чорикор туманида автоҳалокатга йўлиқади. У билан бирга бўлган қўшиқчи дўсти Маҳбубулла Маҳбуб ва бошқа ошналари негадир тирик қолишган, фақат Зоҳир ўлган.
Автоҳалокатдан сўнг унинг жасадини кўздан кечирган тиббиёт ходимлари марҳумнинг бошида ўқ текканга ўхшаш айлана ёриқни топишган. Бироқ бу маълумот ўша пайтда жамоатчиликка ошкор қилинмай, орадан бир неча йил ўтгач – Амин ўлиб, оила аъзолари Пули-Чархи қамоқхонасига ташлангач, сизиб чиқди.
Кобулда Зоҳирнинг дафн маросимида катта оломон қатнашиб, шаҳар кўчаларини тўсиб қўйган ва кундалик ишларни тўхтатган.
Оиласи ҳақида
Маҳбубулла Маҳбуб ОАВ вакиллари олдида чиқиш қилиб, дўсти Аҳмад Зоҳирнинг ўлимига алоқаси бўлганини қатъиян инкор этди. Ваҳоланки, Аҳмад Зоҳир тенгдошлар даврасида тез-тез унинг устидан кулиб юргани айтилади. Халқ орасида эса, Зоҳирнинг ўлими Аминнинг ёрдамчиси Талун томонидан режалаштирилгани ва ишлаб чиқилгани ҳақида ҳозиргача гап юради.
«Умр тез ўтади», дейди афғонлар. Вақт миллионлаб марҳумларни одамлар хотирасидан ўчириб ташлайди, фақат Аҳмад Зоҳир каби машҳур инсонлар ёдга олинади.
«РИА Новости» маълумотларига кўра, Аҳмад Зоҳирнинг синглиси бугун Америкада истиқомат қилади. Қўшиқчининг хотини ва ўғли ҳам АҚШда. Айтишларича, ўғли Аҳмад Зоҳирга икки томчи сувдек ўхшаш экан. У отаси каби қўшиқ куйлаб туради, аммо жуда кам.
80-йилнинг ўрталарида Кобул марказидаги Аҳмад Зоҳир яшаган уйда совет фирмаси жойлашган эди. Кейин бинони сотиб юборишди, айни пайтда у автокондиционер устахонасига айлантирилган.
Акбар Фатҳуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter