Ўзбекона тарбия тўнини елкасига ташлаб, бизни тарк этяпти(ми)?
Ўзбекона тарбия деган миллий тарбия тизимимиз бор. Сезяпсизларми, кейинги пайтда биз уни бой бераётгандекмиз! Унда шариатдан, диндан ёки бошқа омиллардан гапирилмасди. Шунчаки, уларнинг ҳаммаси шу тизимнинг ичида мукаммал бор эди.
Ўзбекона тарбиянинг асосида оила шаъни ҳамма нарсадан юқори турарди. Унда онанинг алоҳида ўрни бор эди. Бу тарбия мезонларида оилада она болалар учун идеал даражасида бўлган. Нега ота идеал эмас, деб эътироз билдиришга шошманг. Миллий қадриятларимизда Оналар Оталарни фарзандлар учун идеалдан ҳам юқори мавқега кўтариб қўйганлар! Шу боис отанинг эшикдан кириб келиши билан «Онанг қани», деган бир оғиз йўқлови, жуфти ҳалолига бўлган ҳурмати ҳамда болалар тарбиясининг ва оиладаги маърифий-маънавий масалаларнинг аёлга бутунлай ишониб топширилиши болалар учун Онанинг ўрнини янада баландроқ кўтарган!
Фарзандлар фикри, онги, дунёқараши онанинг қандай шахс эканига, билими ва тарбиясига қараб юксалган. Ота эса болалар учун ана шу юксакликдан ҳам баландроқ мақомга эга бўлган! Шу сабаб «Отанг билмасин-а!», «Ҳали отанг келсин», деган сўзларнинг ўзиёқ болалар учун сеҳрли «тарбия таёқчаси» бўлган. Оилада ҳам, қариндош-уруғлар, маҳалла-кўйда ҳам тарбиянинг асосий бўғини онанинг аёлнинг қўлида бўлган ва бу масъулиятни оналаримиз ҳамиша ҳис этиб яшашган. Бу гапларни мен айтмасам ҳам ҳаммамиз яхши биламиз.
Бироқ энди вазият ўзгарди. Турмушга узатилиши билан эри тарафидан калтакланаётган, қайнона-қайнисингиллари томонидан камситилаётган, атрофдагиларнинг шубҳа-гумонлари остида ўзини оқлашга ҳаракат қилаётган, ота-онаси эса «қизим тушган жойида тинч ўтирсин» деб қуда тарафга ялиниб юрганлар сони орта бошлади.
Болаларига билим олиши учун мотивация бериш, оила ва унинг қадриятларини тушунтириш, тарбия бериш ўрнига етти маҳалланинг ва унга қўшиб болаларининг отаси ва ота-уруғидаги ҳамма қариндошларини ғийбат қиладиган, атрофидагиларга бўлган гина-аразини кўнглига тугунчак қилиб тугиб юрадиган жиззаки, орзу ҳавасни тўй, кийим-кечак, еб-ичиш ва топганини бошқаларга кўз-кўзлашда деб биладиган аёллар кўпайди. «Шу аммамга шу поччам», дегандаридек, уларга мос худбин ва мол-дунёсевар қайноналар сони ҳам ортиб бораяпти-да.
Аёли ҳурмат қилинмаган уйнинг фарзандларидан яхшилик кутиш қийин. Аёл чин маънода эъзозланмаса, оилада бахтни ҳис этмаса ва жабрдийда бўлиб қолса ўша уйдан ҳам, ўша жамиятдан ҳам файз-барака қочади! Нега? Чунки муқаддас динимизда Аёл эркакка омонат қилиб берилгани алоҳида таъкидланган. Яъни аёл омонатдир! У каттами-кичикми, бойми-камбағалми, олимами ёки мактаб кўрмаганми, бунинг аҳамияти йўқ.
Бизнинг Ўзбекона тарбиямизга бу нарса сингиб кетган эди. Шу мезон билан оналар, бувилар ва келин-қизлар ҳурмат қилинарди.
Бугунчи аёлларга нисбатан ҳурматсизликлар ортиб бормяптими? Нафақат айрим оилаларда ҳатто институт, устоз кўрган сўз усталари томонидан ҳам оммавий ҳурматсизлик қилинмоқда. Ҳамма севиб томоша қиладиган айрим қизиқчиларимиз «фалончи акамиз фарзанд кўрибдилар бола қўшнисига ўхшармиш» ёки «туғруқхонада аёл шу дардни боламнинг отаси ҳам ҳис этсин деса, қўшниси кечаси билан қийналиб чиққанмиш», дея катта саҳналарда андишасизларча лаққиллаб юришибди. Ҳамма хохолаб кулиб, унинг тегирмонига сув қуяпти! Ахир бу даҳшат эмасми?! Қайноналар ҳақидаги бошқа миллатлар аскияларини ҳам «миллийлаштириб» олаётганлар сони ҳам анча кўпайиб қолди. Билмадим, бизнинг ўғлонлар қачондан бери аёл мавзусини кулгига солиб, пул топадиган бўлиб қолишди?!
Аёлни катта кўчада калтаклаб кетишибди, номусига тегишибди, пичоқлаб қўйишибди… ва ҳакозо каби нохуш хабарлар эса одамнинг юрагини зирқиратиб юборади.
Агар жамиятимизда зўравонликлар, қотилликлар, жиноятлар ва ҳатто коррупция бўлмаслигини истасак, ҳалиям оилада аёлнинг мавқеини кўтариш, Ўзбекона миллий тарбиямизни сақлаб қолишга астойдил ҳаракат қилишимиз керак! Японияда фарзанд тарбияси ундай экан, Хитойда, Туркияда бундай экан деб тахлам-тахлам диссертация ёзаётган, Оила илмини ўрганаётган олимларга халқимиз тарихини, тарбиямиз тарихини жиддий ўрганишлари учун кўрсатма берилиши (бизда кўрсатма берилмаса ҳеч бир иш қилинмайди-ю) керак! Ҳа айнан ўрганилиши, (бошқа миллат олимлари тарафидан ўрганилиб, китоб, қўлланма қилинган манбаалар ҳам қайта ўрганилиши) керак! Бюджетдан ойлик олиб, маънавиятимиз йўқолиб кетаяпти, деб тадбирлар ўтказаётган маънавиятчилар эса Ўзбекона тарбияда маънавият қандай бўлганини унинг илдизлари қайси чашмалардан сув ичганини бадиий китоблар, кино фильмлар, сериаллар тарзида ёшларимизга кўрсатиши шарт! Шунда ёшларимизнинг онгига бошқа миллатларнинг сериаллари ёмон таъсир қиляпти, деган нолишдан ҳам халос бўламиз.
Аёлини, болаларининг онаси-бувисини, келин-қизларини асраб-авайлаб, иззату ҳурматини жойига қўйиб яшаётган, ишидан, бизнесидан файзу баракаси аримаётган, ақлли Оталар, йигитлар ва оила бошлиқлари жуда кўп. Ана шуларнинг ҳаёт тарзларини, оилавий тутумларини ибрат қилиб кўрсатсак бўлади-ку ёшларга.
Акс ҳолда аҳволимиз оғирлашаверади! Боласининг олдида, нафақат боласи, бутун эл-юрт олдида камситилаётган Аёл, уриб-тепкиланаётган, ҳатто фарзандлари олдида пичоқлаб ташланаётган Аёл, ўзининг шахс эканлигини, она эканлигини унутиб, рўзғорнинг адо бўлмас юмушлари ичида йўқолиб бораётган, бу жараёнда яна атрофдагиларнинг таънали нигоҳларига, у ҳам етмагандек, муштумзўр, жоҳил эрнинг таёғига дуч келиб турган Аёл бола тарбияси ҳақида ўйлайдими?! Бир сўмгина пул топсам болаларимга егулик олиб бораман деб мардикор бозорида кўзлари жавдирай-жавдирай, дийдаси қотаётган аёлдан қандай қилиб тадбирли, арсондай, йўлбарсдай ғурурли, кенг феълли ўғлонларни, оқила оналарни тарбиялаб бер, деб талаб қила оламиз!
Ўзимиз эпсиз, касб-ҳунарсиз ўғилларни вояга етказиб, ишсизлик деган муаммога рўпара қилиб, сўнг оталарни пул топмасликда айблаб, болалар олдида обрўсини бир тийин қилиб, Оналарни ёш гўдаклари олдида калтаклаб, ҳақоратлаб, фарзандларимизнинг оиладаги идеалларини йўқотяпмиз. Боболари, бувилари, амма-хола, амаки-тоғалари ҳам идеал бўлган аввалги давр болалари учун. Болаларнинг онги мукаммал шаклланиши учун эса бундай идеаллар жудаям керак! Шу сабаб фарзандларимиз ўз идеални интернетдан изламаяптими! Ўзбекона тарбия эса тўнини елкасига ташлаб, орамиздан жимгина сирғалиб чиқиб кетмаяптими?
Ҳамрохон Мусулмонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter