Ўзбекистоннинг қўриқланадиган ҳудудида 4 та қор қоплони тасвирга олинди
Қашқадарё вилоятидаги «Ҳисор» қўриқхонаси ҳудудида тарихда биринчи марта 4 та қор қоплони гуруҳ бўлиб юргани кузатилди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги тизимидаги қўриқхона ходимлари томонидан ўрнатилган фотоқопқонга ноёб кўчиб юрувчи ҳайвонлар муҳрланган.
Қор қоплони, қор леопарди ёки илвирс — маҳаллий даражада кенг тарқалган ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган кичик тур сифатида ТМХИ Қизил рўйхати ва Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 11 декабридан «Қизил китоби»га киритилган ҳайвонларни овлаганлик учун жазони кучайтириш тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришлар кучга кирди, унга кўра қор қоплонларини ноқонуний овлаш БҲМнинг 3000 баробари (1 миллиард 20 миллион сўм) миқдорида жаримага сабаб бўлади.
Кузги рўйхатга олиш маълумотларига кўра, «Ҳисор» қўриқхонасида 50-52 га яқин қор қоплонлари яшайди. Шуниси эътиборлики, қор қоплони бугунги кунда фақат совуқ иқлим шароитида яшайдиган мушуксимонлар оиласининг ягона тирик аъзосидир.
Қор қоплон тасвири Регистон майдонида жойлашган Шердор мадрасасининг асосий кириш эшиги ва миллий банкнотда тасвирланган. Шунингдек, мушуксимонлар оиласининг қудратли вакили 2024 йилнинг 12–17 феврал кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган СМС СОР14 — Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенция иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилиши рамзи сифатида ҳам танланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter