Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Жиноятчилик бўйича «оғриқли статистика» ошкор этилди

Жиноятчилик бўйича «оғриқли статистика» ошкор этилди

Фото: Xabar.uz

2023 йилда мамлакатда 104 096 та жиноят рўйхатга олинган бўлиб, уларнинг 74 202 таси ёки 71,3 фоизи ҳисобот йилида содир этилган.

Жами жиноятлар сони мамлакат бўйича ҳар 100 минг аҳолига 289 тадан тўғри келган. Ушбу салбий кўрсаткич Тошкент шаҳрида 735 тани, Тошкент вилоятида 415 тани, Сирдарёда 378 тани, Фарғонада 328 тани ташкил этган.

28 феврал куни Сенатда бўлиб ўтган Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида ИИВнинг 2023 йилда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси борасида тегишли вазирлик ва идоралар билан олиб борган ҳамкорликдаги ишлари юзасидан ахбороти эшитилди.

ИИВ маълумотига кўра, 2023 йилда содир этилган умумий жиноятларнинг 82,7 фоизи фош этилган, қидирувдаги 7 563 нафар шахс ушланган, бедарак йўқолган 450 нафар шахс топилган. Тезкор-қидирув тадбирлари натижасида ахборот технологиялари воситаларидан фойдаланиб содир этилган 6 455 та жиноят аниқланган.

Бевосита маҳаллаларда жиноятчиликни жиловлаш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилган. Натижада 2023 йил якуни бўйича мамлакатимиздаги 9 442 та маҳалладан 2 972 тасида ёки 31,5 фоизида жиноят содир этилмаган. Жиноятлар кўпайган 2 298 та ёки 24,3 фоиз маҳалла «қизил» тоифага киритилган.

Бу борада ИИВ Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилгани натижасида ижтимоий кўмакка муҳтож 6 634 нафар хотин-қиз ишга жойлаштирилган, қарийб 11 минг нафарига тиббий, моддий ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилган.

Тазйиқ ва зўравонликка учраган 40 минг нафардан ортиқ хотин-қизга ҳимоя ордери берилган. Оилалар мустаҳкамлигини сақлаш мақсадида ўтказилган профилактик тадбирлар натижасида 17 327 та оила ярашган, оилавий муаммолар ва зўравонликка дуч келган 1 450 нафар хотин-қиз Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказларига жойлаштирилган.

Муҳокамалар жараёнида амалга оширилган ижобий ишлар билан бирга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси йўналишида муайян камчиликлар, ўз ечимини кутаётган масалалар ва тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ҳам мавжудлиги айтиб ўтилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг