Ўзбекистоннинг «олтин сандиқчаси»даги учрашувлар
Ҳақ-ҳуқуқни билиш — ўзликни англаш сари мустақим ва мустақил йўлдир. Конституцияга эътибор инсоннинг аввало, ўзига, оиласига, фарзанду невараларининг истиқболига эътибор демакдир.
Жалолиддин Румийдан «Бу дунёга келиб нимани билдингиз?» — деб сўраганларида «ҳаддимни билдим» деб жавоб берган экан. Ҳад-ҳудуд бу ҳақ-ҳуқуқ демакдир. Инсон аслини, наслини, умр фаслини ҳам бахт қомусидан топади. Шунинг учун ҳам ватандошларимиз конституцион ўзгаришларга бефарқ эмас.
Ҳар қандай ғоя омма онгига чуқурроқ сингдирилсагина, қудратли куч касб этади. Давлатимиз раҳбарининг «маънавият — энг таъсирчан қудратли қуролимиз» деганларида ҳам ана шу ҳақиқат бор.
«Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси» китоби бундай афоризм билан бошланади: «Дунёда ҳеч қачон бир хил тонг отган эмас». Дарҳақиқат, замон шиддаткор экан, инсон онгу тафаккурида ҳам эврилишлар, яшаш тарзида ҳам ўзгаришлар бўлиши табиий. Жамиятнинг, маҳалланинг ҳатто, оиланинг ҳам ўзига хос тартиб тизгинлари бўлади. Буни билиш ва амал қилишнинг ҳам хосияти катта.
Бир гуруҳ зиёлилардан таркиб топган тарғиботчилар профессор Абдухалил Маврулов бошчилигида ўз сафарини Навоий вилоятидан бошлашди. «Маърифат» тарғиботчилар жамиятининг раҳбари Бахтиёр Ҳусанов махсус тузилган жадвални эълон қиларкан, референдум ва конституцияга киритилган янгилик ва ўзгаришларни кенг жамоатчиликка содда ва равон тарзда, юксак нотиқлик маҳорати ва етук билим билан етказиш заруратини таъкидлади. Биз тушган гуруҳ иқтидорли олимлар Дилором Бобожонова, Феруза Акромова, Мунира Қаҳҳорова, Музаффар Ортиқов, Сайёра Тўйчиева, Мавлуда Ғаффорова, Олим Тошбоев, Даврон Муитов, Гулнора Ахмедова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулбаҳор Эрқулова, Абдулла Шомағрупов ва умидли ёш санъаткорлардан Рустам Мирминов, Хуршид Собиров ва бошқалар бор.
Даставвал, Ўзбекистоннинг олтин сандиқчаси сифатида эътироф этилувчи Зарафшон шаҳрида бўлдик. Турли жамоа корхоналари, таълим муассасалари ва маҳаллаларда бўлдик. Маҳаллий аҳолининг келажакка ишонч, ватан тақдирига дахлдорлик туйғуси билан яшаётгани бизни ҳам ғурурлантирди. Бу эса, Асосий қонунимиз — Конституцияга, референдумга бефарқ эмаслигининг белгисидир. Қайси ёшда, қайси соҳада, қайси касбда ишламасин, қайси миллат вакили бўлмасин барчасида худди шу туйғу ҳукмрон. Яхшиланиш бадалига бўлган янгиланиш янги таҳрирдаги конституцияга руҳ ва мазмун бахш этгани, бу эса инсон қадри ва шаънини улуғлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Янги Ўзбекистоннинг руҳи ва шукуҳи бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
Зарафшондаги 12-сонли Жазони ижро этиш муассасасида бўлдик. Жазо муддатини ўтаётган айрим маҳкумлар билан суҳбатлашдик. «Мен йўл қўйган хатоларим, айбим сабаб бу ерда ўтирарканман, умримни сарҳисоб қилдим, — дея сўз бошлади маҳкумлардан бири Муҳиддин Шоев. — 20 йилга озодликдан маҳрум қилинганман, ҳозир уни 18 йилини ўтадим. Кўп пушаймонман. Ўзим асли Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида туғилганман. Ота-онамнинг қадрига етмадим, уларга хизмат қила олмадим, ўз қўлим билан қабрга ҳам қўя олмадим. Ўтиб кетишди. Қанчадан-қанча яқинларимнинг тўй ҳашамларида бўлолмадим. Афсусдаман. Газета ва журналлар орқали мамлакатимизнинг йилдан-йилга ўзгариб, ривожланиб бораётганини эшитиб қувонаман. Янги конституцияда бизларга дахлдор маълумотлар бор. Улар адашганлари, жинояти сабаб ўз жазосини ўтаётгани аниқ. Инсон қадри ва шаънини улуғлаш сиёсатининг устуворлиги шундоққина сезилиб турибди. Фарзандларим, яқинларим билан кўришиб, қўнғироқлашиб туришимга имкон яратилган. Мен ўз ҳуқуқларимни, аниқроғи, конституцияни билганимда ва билиб амал қилганимда бу ерда ўтирмаган бўлардим. Фақатгина мен эмас, бу ерда жазо муддатини ўтаётган кўпчилик шундай фикрда. Биз ҳам референдумга бефарқ эмасмиз» . Сўнгра у ўзи ёзган озодлик, конституция ҳамда она ватанга бағишланган шеърларидан ўқиб берди.
Сўнгра «Халқ конституцияси билан халқчил давлат сари» шиори остида педагог ва маҳалла фаоллари жам бўлган таълим муассасасига кириб бордик. У ерда ҳам мавзуга оид қарашлар ва муносабатлар борасида иштирокчилар билан суҳбатлашдик.
Фархат Сойибов (Ўзбекистон Қаҳрамони): Зарафшон шаҳри саноат ва ишчилар шаҳри. Бу ерда ўз касбини севадиган фидойи заҳматкаш инсонлар кўп. Улар юрт келажагига бефарқ эмас. Президентимиз таъкидлаганларидек, бугунги халқимиз кечаги халқ эмас, уларнинг онгу тафаккур тарзи ривож топган. Улар воқеликка тўғри баҳо бериб, муаммоларга ечим топа олади. Бизларда ёшларнинг ўрни ва роли катта аҳамиятга эга. Президентимизнинг саъйи ҳаракатларида халқимизни бой қилиш, рози қилиш ғояси бор. Қайси ота-она ўз болаларининг келажагига бепарво бўлиши мумкин? Шундай экан, истиқболимиз кўзгуси ва иқболимиз ойнаси бўлган бахтимиз қомуси Конституцияга эътибор ва эҳтиром билан қарашлари тайин.
Расул Ғафуров (Зарафшон шаҳар депутати): Ёшларимизда интилиш ва изланишларини кўриб хурсанд бўламан. Улар ҳар хил жабҳаларда ўз фаолликларини кўрсатишмоқда. Депутат сифатида ишонтириб айтаманки, зарафшонликлар 30 апрел куни Референдумни аҳиллик ҳамда уюшқоқлик билан худди байрамдек ўтказишади.
Мусаллам Қурбонова (шаҳар тарғибот гуруҳи раҳбари): Конституциянинг янги матни билан танишдим. Халқимизнинг барча манфаатлари, эҳтиёжлари барчаси унда акс этган десам хато бўлмайди. Фарзандларим билан ўша кунни интизорлик билан кутаман. Референдум бизнинг келажак йўлимизни белгилайдиган, тақдиримиз кўзгуси, орзулар ушаладиган кун, конституцион ҳуқуқларимизни муҳрлайдиган сана сифатида аҳамиятлидир. Зарафшонимизда айни дамда 70дан миллат вакиллари истиқомат қилишади. Улар бир оила фарзандлари каби аҳил ва тотув. Референдум масаласида ҳаммамиз якдил ва мақсадларимиз муштарак. Чунки миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши нуқтаи назаридан барча фуқароларнинг тенг ҳуқуқли сифатида қайд этилгани бу конституциянинг инсонпарварлик тамойили ва байналмилаллик руҳининг устуворлигини билдиради.
Махсума Исаева (Хорижий тиллар ўқитувчиси): Мен Европа давлатларида бўлганман. Биздаги бағрикенглик, меҳридарёлик уларда йўқлигига амин бўлганман. Бизда эса шажаранинг, оила аъзоларининг яқинлиги ва бир- бирига масъуллиги инсоний муносабат замирига қурилган. Европа мамлакатларида отанинг фарзандга, фарзанднинг отага боғлиқлиги фақат валюта билан ҳал этилиши бизда кулгили, уларда эса бу ҳолни табиий деб қабул этишади.Таълим ва тарбияни ўзаро боғлиқлиги бизда муҳим. Бу ҳар иккала тушунча инсоннинг камолоти билан боғланиб, таълимда тарбиянинг, тарбияда таълимнинг томизғиси бор. Уларни бир-биридан ажратиш мақбул эмас, улар бир-бири билан боғланиб кетган.
«Янги Зарафшон» маҳалласи ҳудудида жойлашган 19- сонли мактабга борганимизда бизларни мактаб директори, вилоят кенгаши депутати Аксауле Тумишева кутиб олди. Мактабга кираверишда «Ёш китобхон» танловининг ғолиби бўлиб «Президент совғаси»ни қўлга киритган 8-синф ўқувчиси Азиза Иброҳимованинг фаолиятига доир баннер қўйилган эди. Мактаб директори бениҳоя хурсанд бўлиб ўқувчиларнинг 5 муҳим ташаббус доирасидаги фаоллиги хусусида ғурурланиб, тўлқинланиб гапирди. Зум ўтмай Азиза Иброҳимовани ҳам чақириб келишди.
Азиза Иброҳимова: Ёшлигимдан китоб ўқиш менинг энг севимли машғулотим бўлган. Бу борада аввало, ота-онамнинг болалик пайтларимда турли бадиий китобларни келтириб беришлари, мутолаа қилишга қизиқтиришлари ҳамда савол-жавоб қилишлари бўлса, иккинчи муҳим томони бизга сабоқ берган ўқитувчиларнинг талабчанлиги ва билим-савиясининг юқори эканлигини айтгим келади. Мен «Президент совғаси»га эга бўлиш учун эмас, шунчаки ўзимнинг қизиқишим нуқтаи назаридан ушбу юксак нишонга эга бўлдим. Мен ҳозирда ҳам китоб мутолаасини канда қилмайман. Бунинг учун бизга сабоқ бераётган нотиқлик маҳоратини ўргатаётган устоз, ўқитувчиларга чексиз миннатдорчилик билдириб қоламан.
Хизмат сафари мобайнида зарафшонликларга хос хушнуд кайфият ва кўнгил тўқликни бошқа туманларда жумладан, Томди, Учқудуқ, Хатирчи, Нурота туманларидаги маҳаллаларда ҳам ана шу ҳиссиётни туйдик. Юрт қисматига, илм-фанга садоқатли инсонгина чинакам ватанпарвар бўлади. Бахт қомуси - конституциямизга бефарқ бўлмайдиган инсонни, онгли ва кенг дунёқарашли шахсни чин ватанпарвар дейиш жоиздир. Чунки ушбу тарихий ҳужжат халқимизни бахту саодатмандликка даъват этувчи йўлланма ва бебаҳо қўлланмадир.
Раҳимбой Жуманиёзов,
«ТИҚХММИ» Миллий тадқиқот университети матбуот хизмати раҳбари, профессор, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзоси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter