Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда ярим йилда ўсимлик дунёсига қанча зарар етказилгани очиқланди

Ўзбекистонда ярим йилда ўсимлик дунёсига қанча зарар етказилгани очиқланди

Фото: «Senat.uz»

Бугун, 28 июль куни Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг қўшма мажлиси ўтказилди. Унда сенаторлар, Қўмиталар экспертлари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Мажлисда парламент юқори палатасининг ўн еттинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди. Шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг кесилишига доир ахбороти эшитилди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 февралдаги ПФ-6155-сон Фармони билан 2019 йил 1 ноябрда республика ҳудудида давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарнинг қимматбаҳо навлари кесилишига жорий этилган мораторийнинг амал қилиш муддати 2021 йил 31 декабрга қадар узайтирилган.

Мораторий даврида 5 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахслар томонидан 166 минг туп атрофида қимматбаҳо навли давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат сўраб қилган мурожаатлар рад этилиб, сақлаб қолинган.

Мажлисда ушбу соҳада амалга оширилаётган ишларга қарамай дарахтларнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ тизимли муаммолар сақланиб қолганлиги таъкидланди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сонли Фармонига мувофиқ, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш ваколатини маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси органларига беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва ҳукуматга киритиш вазифаси юклатилган. Бироқ шу кунга қадар мазкур топшириқ бажарилмаган.

Қолаверса, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарори билан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига дарахтларни муҳофаза қилиш мақсадида уларнинг сони, тури, ёши, танасининг диаметри, географик жойлашуви ва бошқа параметрлари бўйича ҳисобга олиш ҳамда реестрини юритиш топширилган. Аммо бугунга қадар Қўмита томонидан жамоатчиликка бу борада маълумотлар берилмаган, янгидан экилган дарахтларнинг ҳисобини юритиш ишлари ҳам тизимли ташкил этилмаган.

Яна бир жиҳат. Кўчатларнинг ягона электрон базасини яратиш ва унга ҳудудларда экилган кўчатлар тўғрисидаги маълумотларни киритиб бориш ишлари эътибордан четда қолган.

Ачинарлиси, 2021 йилнинг 6 ойи давомида республикада дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2 597 та ҳуқуқбузарлик содир этилган ва ўсимлик дунёсига 6,7 млрд сўм зарар етказилган.

Мажлисда сенаторлар томонидан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарнинг кесишнинг олдини олиш, атроф-муҳит ва экологияни асраб-авайлаш борасидаги тизимли ишларни ташкил этишга қаратилган тадбирларни янада кучайтиришга доир фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенати Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитаси ҳамда Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг қўшма мажлисининг тегишли қарори қабул қилинди.

Бундан ташқари, мажлисда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг айрим қарорларини ўрганиш натижалари тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Хусусан, халқ депутатлари Яккабоғ туман Кенгашининг 2021 йил 23 мартдаги «Яккабоғ туманидаги «Абдуқодир ҳамкор», «Нодирбек Асилбек чорва», «Шахбоз Сардор Шохжахон» фермер хўжаликлари ҳамда «Қоплан дара», «Қоплан дара шахзодаси» масъулияти чекланган жамият шаклидаги агрофирмаларга тегишли ер майдонлари мақсадсиз фойдаланиб келаётганлиги сабабли туман захира фондига қайтариш тўғрисида»ги қарорини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Мазкур Қарорга асосан «Қоплон дара шахзодаси» МЧЖ шаклидаги агрофирма ҳамда яна қатор фермер хўжаликларига ер майдонлари ажратиш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарорлари бекор қилиниб, ер майдонлари туман захира фондига қайтарилган.

Қолаверса, халқ депутатлари Узун туман Кенгашининг 2020 йил 9 ноябрдаги «Тумандаги пахта-ғалла экини учун ажратилган ер майдонларидан самарали-оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш тўғрисида»ги қарорини ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ўрганишлар давомида Узун тумани ҳокимининг 2020 йил 26 мартдаги қарори билан фуқаро И.Муртазаевга пахта-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжалиги ташкил этиш учун 52,7 гектар ер майдони ажратилган. Қарорга асосан 2020 йил 11 апрелда ердан фойдаланиш бўйича 31 йилга мўлжалланган ижара шартномаси тузилган. Аммо халқ депутатлари Узун тумани Кенгашининг 2020 йил 9 ноябрдаги «Тумандаги пахта-ғалла экини учун ажратилган ер майдонларидан самарали-оқилона фойдаланишни йўлга қўйиш тўғрисида»ги қарори билан «Замин Султон Барака» ҳамда яна 35 та фермер хўжалиги билан тузилган ер ижара шартномалари муддатидан олдин бекор қилиниб, ер майдонлари туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган.

Мазкур қарорлар амалдаги бир қатор қонунчилик ҳужжатларига зид равишда қабул қилинганлиги таъкидланди. Шунингдек, ушбу масала юзасидан Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг