Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда сиз кўришингиз шарт бўлган яна бир маскан

Ўзбекистонда сиз кўришингиз шарт бўлган яна бир маскан

Фото: Xabar.uz

Конигил - тарихий жой. Қадимда самарқандликлар бу ерда турли маросимларини ўтказишган. Ўрта асрларга келиб эса сайлгоҳга айланди. Худди шу масканда сарбадорлар ҳамда Амир Ҳусайн ўртасида музокара ўтказилган ва Амир Темур Мавлонозоданинг ҳаётини сақлаб қолган.

Вақт ўтиб, бу жойнинг тарихийлигини унутгандек бўлдик. Ниҳоят Конигилга тарих қайтмоқда.

Шу кунларда Ўзбекистонда барча туман ҳокимлари ўз ҳудуди хусусиятидан келиб чиқиб ижтимоий-иқтисодий имкониятлар бўйича кенг жамоатчиликка ҳисобот бермоқда. Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Саломовнинг мурожаатида туризм масаласига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Юртимизда охирги йилларда сайёҳлик ривожи учун кўп ишлар амалга ошириляпти. Гастрономик ва зиёрат туризми деган атамалар энди янгилик бўлмай қолди. Аммо ишонинг, мана шунча ташаббуслар орасидан ҳам Конигил алоҳида эътиборга лойиқ.

Ҳар қандай минтақанинг сайёҳлар эътиборини тортадиган алоҳида жиҳати бўлади. Ҳарчанд уринманг, ўша «фишка»ни бошқалардан тортиб ола олмайсиз. Масалан, бутун дунё Таиланд, Дубай ёки Балига денгиз бўйида дам олиш учун боради. Мана шу контентингент Шотландияга ўлақолса бормайди. Шотландия — рицарлар ва қадимги тош қалъалар ватани. Ўрта асрлар романтикасини қидириб юрганлар учун айни муддао. Худди шунинг сингари кимдир тунги ҳаётга қизиқади, бошқаси эса гастрономик туризм ишқибози.

Ўзбекистонга сайёҳлар тарихий обидаларни томоша қилиш, зиёратгоҳларни айланиш ва албатта таомларимиздан татиб кўриш учун келади. Айнан шу томонлама Конигил қишлоғи айни муддао бўлган — ўзбек юз, икки юз йил олдин қандай тирикчилик қилган, нима билан яшаган, ҳаммасини кўрсатиб беради. Темирчилик устахоналари, мойжувоз, ун тегирмони, мойчироқ, чойхона, ошхона - ҳаммасини Конигилдан топасиз. Бу ерга Италиядан келган сайёҳ ўз қўли билан ош дамлаб кўриши мумкин.

Энг муҳими - Самарқанд қоғозини дунёга қайта танитган ўша машҳур устахона айнан шу ерда жойлашган.

Буюк аллома Абу Абдуллоҳ Ал Хоразмий дўстларидан бирига хат ёзаркан, ундан жавоб келмаётганидан гина қилган ва ҳазил аралаш «Сизни тушунса бўлади, ҳар ҳолда Самарқанддан узоқда яшайсиз, хат ёзиш учун қоғоз топиш осон эмас», — деган экан. Умуман, тарих қатларида Самарқанд қоғози ҳақида айтилган гапларнинг анча-мунчасини топасиз. «У жуда чиройли, майин, юқа ва хат битиш учун ўта қулайдир», - арабистонлик олим Абу Мансур ас Салабий қоғозимизга шундай баҳо берган эди.

Афсуски, сўнгги ўрта асрлардаги турғунлик даврида кўплаб қадриятларимиз қаторида қоғоз ишлаб чиқариш технологияси ҳам йўқотилди. Деярли икки юз йиллик давр Самарқанд қоғозисиз ўтди. Токи фидойи ҳунарманд ва тадбиркор Зариф Мансуров ўша машҳур қоғозни қайта тикламагунига қадар.

Ҳар қандай соҳанинг ривожи унга содиқ одамларга боғлиқ. Конигил қишлоқчасига келсангиз, бундай тарихлардан бир қанчасини эшитишингиз мумкин. Қоғозимизни қайта тиклаш учун нима ишлар қилинган, қандай заҳматлар чекилган, Зариф аканинг ўзи сўзлаб беради.

Қоғоздан нима тайёрласа бўлади? Қизиқ савол, тўғрими? Нима бўларди, китоб, дафтар, олинг ана қути ясарсиз. Тўрва халта, дўппи, чопон, кашта, ўйинчоқ, қўғирчоқчи, тайёрласа бўладими? Бўлади. Бундан ҳам ҳайратланарли топилмалар кўришни истасангиз, Конигилга келиш керак.

Аслида бундай тарихий қишлоқчалар дунё сайёҳлик тажрибаси учун янгилик эмас. Масалан, Жанубий Кореядаги мана шундай масканга йилига миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради. Конигил ҳам ундан кам эмас.

Қадимги Сиёб ариғи бўйидаги сўқмоқ бўйлаб кетаркансиз, икки томонингизда мўъжаз кулбалар, устахоналар ва чойхоналарни кўрасиз. Айтишларича, бу ерда фақат қоғоз устахонаси бўлган вақтда йилига 15-20 минг сайёҳ келган экан. Самарқанд вилоят ҳокимлиги ушбу оқимни бир неча баробар кўтариш учун ҳам Конигилни қайта тиклади.

Ҳали бу ҳаммаси эмас. Яқин келажакда Сиёб бўйидаги туризм қишлоқчасини Самарқанд Сити билан боғлайдиган хиёбон барпо этилиши режалаштирилган. Бунинг натижаси энди ҳокимликнинг келаси йилги мурожаатида акс этиши лозим...

Маълумот учун: Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк маротаба ҳокимлар кенг жамоатчиликка 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мурожаатнома билан чиқишлар қилмоқда. Xabar.uz ахборот таҳлилий портали ушбу мурожаатларда кўрсатилган ишлар кўламини ўрганишда давом этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг