Ўзбекистонда ишсизлик бир йилда қарийб 4 фоизга ошди
АОКА ҳузуридаги штабда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Раҳимжон Маҳкамов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Брифингда вазирлик матбуот котиби мамлакатда ишсизлик бўйича вазият ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистонда ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолининг 13,2 фоиз ташкил этганини кўрсатди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврида 9,1 фоизга тенг бўлган. Яъни 4 фоиз атрофида ўсиш мавжуд.
Ишга муҳтож бўлганларнинг умумий сони 1 944 минг кишини ташкил этади (ишсизлик даражаси: 30 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида — 20,1 фоиз, аёллар ўртасида — 17,4 фоизга тенг).
Меҳнат ресурслари сони 19 084,6 минг кишини ташкил этиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 0,6 фоизга кўпайди. Лекин иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизга ёки 671 минг кишига камайиб, 12 736,7 минг кишини ташкил қилди.
Айрим чекловлар сабабли якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланувчилар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 167,5 минг (ёки 46,4 фоиз)га камайиб кетгани билан, 131,2 минг ишсизларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш ҳисобига расмий бандлар сони кескин пасайишининг олди олинди.
Карантин даврида уйда ўтирган фуқаролар сони ошгани ҳамда фуқароларнинг шахсий томорқаларни ривожлантириш учун субсидиялар бериш дастури туфайли деҳқон ва шахсий томорқаларда банд бўлганлар сони 201,1 мингга ортган.
Январь-июнь ойларида меҳнат органлари томонидан 588,2 минг ишсиз ва банд бўлмаган аҳолига хизматлар кўрсатилди. Улардан 159,9 минг 30 ёшгача бўлган ёшлар, 229,4 минг аёллардир.
501,1 минг нафар юртдошимиз доимий иш ўринларига ишга жойлайтириш ва жамоат ишларига жалб қилиш орқали бандлиги таъминланди, 15 минг ишсизлар касб-ҳунарга ўқитилди, 27 минг ишсиз фуқарога Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан 10,1 млрд. сўм ишсизлик нафақаси тўлаб берилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter