Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари «Ғалаба боғи»га борди (фото)
Ўзбекистон-Россия саммити доирасида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин Тошкент шаҳридаги «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрдилар.
Кўп миллатли халқларимиз кўп асрлик умумий тарихимиз ва унинг ёрқин саҳифалари, жумладан, Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабани алоҳида ҳурмат-эътибор билан ёд этадилар.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида «Инсон қадри учун» тамойили ислоҳотлар дастурининг мутлақ устувор йўналишига айланди. Хусусан, ўзбекистонликларнинг уруш жанггоҳларида кўрсатган қаҳрамонлиги ва фронт ортидаги фидокорона меҳнатини абадийлаштириш учун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2020 йил 9 майда «Ғалаба боғи» очилди.
Бу ерга ташриф давомида Ўзбекистон ва Россия Президентлари ҳалок бўлган аскарларнинг хотирасини ёдга олдилар ва уруш дастидан беш нафар ўғлидан айрилган Зулфия ая Зокирова хотирасига ўрнатилган «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйдилар.
Мажмуанинг энг юқори нуқтаси – сунъий тепалик чўққисида «Абадий жасорат» композицияси – Совет Иттифоқи Қаҳрамони генерал-майор Собир Раҳимов ва Иккинчи жаҳон урушида қатнашган барча ўзбекистонлик аскарлар хотирасига бағишланган ёдгорлик ўрнатилган.
Тепалик ичида боғнинг асосий павильони – Ўзбекистоннинг урушдаги иштироки тарихига бағишланган Шон-шараф музейи жойлашган.
Етакчилар музейнинг бой экспозицияси билан танишиб, шонли ўтмишимиз ҳақидаги хотирани асраб-авайлаш муҳимлигини таъкидладилар. Тарихий меросни эъзозлаш ёшларда ватанпарварлик руҳини тарбиялаш ва халқлар ўртасида маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутиши алоҳида қайд этилди.
Ғалаба боғининг маҳобати ва салобати Россия делегацияси аъзоларида катта таассурот қолдирди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter