Ўзбекистон ТИВ Туркияда бўлиб турган ва бормоқчи бўлганларни огоҳлантирди

Ўзбекистон ТИВ Туркияда бўлиб турган ёки боришни режалаштираётган ўзбекистонликларга мурожаат билан чиқди.
«17 ноябрь куни Туркия Республикаси расмий ҳокимият идоралари янги турдаги COVID-19 коронавируси тарқалишига қарши курашиш доирасида карантин чоралари кучайтирилганини маълум қилди.
Янги чекловлар 2020 йил 20 ноябрдан кучга киради.
Бундан аввалроқ 65 ёшдан катта фуқароларнинг кўчага чиқишларига ўрнатилган чекловлар энди 20 ёшдан кичик шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.
Мамлакатда дам олиш кунлари уйдан чиқишга қисман тақиқ жорий этилмоқда. Мамлакат бўйлаб дам олиш кунлари қисман комендантлик соати ҳам амал қилади. Аҳолига фақат маҳаллий вақт билан соат 10:00 дан 20:00 гача кўчага чиқишга рухсат берилади» дейилади хабарда.
Жамоатчилик муассасалари, бозорлар, савдо марказлари, дўконлар, ресторанлар, кафелар, сартарошхоналар ҳафта давомида соат 10:00 дан соат 20:00 гача ишлайди. Ресторанларга фақат буюртмаларни етказиб бериш йўналишида фаолият кўрсатишга рухсат этилмоқда. Кинотеатрлар йил охиригача ёпиқ бўлади. Ўйин ва спорт майдончаларидан фойдаланиш тақиқланади. Мамлакатдаги барча спорт тадбирлари ҳозирги вақтдагидек томошабинларсиз ўтказилади.
Мактаб ўқувчилари ва талабалар учун масофавий ўқитиш 2020 йил охиригача узайтирилмоқда.
Кўчада сигарет чекишга тақиқ ҳам ўз кучида қолади.
Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият органларига эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда, қўшимча чеклов чораларини жорий этиш ҳуқуқи берилди. Хусусан, Туркиядаги коронавирус билан касаллананишнинг деярли ярми қайд этилган Истанбул шаҳри расмийлари 2020 йил 19 ноябрдан бошлаб музейлар ва санъат марказлари, сузиш ҳавзалари ва концерт залларини ёпмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter