Ўзбекистон разведкачилари Британияда катта давлатларга «дарс берди»
Ўзбекистон ҳарбийлари «Кембрия патрули» халқаро мусобақасида ўтган йилги натижасини такрорлаган ҳолда иккинчи ўринни қўлга киритди.
Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабарига кўра, жорий йил 4–12 октябрь кунлари Буюк Британиянинг Брекон шаҳрида ўтказилган разведка ва махсус бўлинмаларнинг «Кембрия патрули» халқаро мусобақасида дунёнинг жами 24 та давлатидан 144 та жамоалар иштирок этди. Жумладан, унда мезбон Буюк Британия, Ўзбекистон, Косово, Греция, Ирландия, Германия, Латвия, Франция, Гана, Италия, Ҳиндистон, Полша, АҚШ, Швейсария, Литва, Нидерландия, Уэльс, Непал, Шотландия, Австралия, Покистон, Мексика, Албания, Чили, Қозоғистон, Янги Зеландия Қуролли Кучлари разведка ва махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоалар ўзаро баҳс олиб бордилар.
Мусобақадаги йўналиш 90 км. масофадаги турли даражадаги мураккаб шартлардан иборат бўлиб, ҳар 8-10 км.да бир нечта жанговар топшириқлар бажарилди.
Шунингдек, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш воситаларидан фойдаланган ҳолда 3 км масофадаги зарарланган ҳудуддан ўтиш, жойни разведка қилиш ва тоғ дарёсини кесиб ўтиш, ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, жароҳатланганларни турли йўллар билан эвакуация қилиш, мина тўсиғидан якка ва гуруҳ таркибида ўтиш, душман обектига босқин уюштириш, гаровга олинганларни озод қилиш ва ҳарбий асирларни сўроқ қилиш каби шартларда ҳарбий хизматчилар ўз маҳоратларини синовдан ўтказишди.
Бундан ташқари жамоаларга 8 та кутилмаган «тест сюрприз» топшириқлари ҳам берилди. Унга кўра, хорижий давлатлар қуроллари ва ҳарбий техникаси турларини аниқлаш, симуляция ва алоқа ускуналари ёрдамида артиллерия оловини йўналтириш, ҳарбий топография меъёрларни бажариш, Женева конвенсияси бўйича тест топшириш, разведка бўйича ҳисоботларни тайёрлаш ва тузиш, алоқа тайёргарлиги бўйича меъёрларни бажариш, бажарилган тадбирлар бўйича ва кейинги топшириқларни бажаришга шайлиги бўйича билдирув бериш жараёнлари ҳам қизғин кечди.
Шундай қилиб мусобақа натижаларига кўра, I ўринни мезбон давлат – Буюк Британия жамоаси, II ўринни катта давлатлар жамоаларини ортда қолдирган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси эгаллаган бўлса, III ўрин Покистон жамоасига насиб қилди.
Маълумот учун, Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси мазкур нуфузли мусобақанинг 2019 йилги баҳсларида 1-ўринни, 2020–2021 йилларда эса 2-ўринни банд қилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter