«Ўзбекистон овози» газетаси Наманган туман ҳокимлигини танқид қилди
Халқ демократик партияси нашри — «Ўзбекистон овози» газетасида Наманган вилоятининг Наманган тумани фаолиятига оид танқидий мақола чоп этилди.
«Мурожаатларга беписанд муносабат ва бажарилмаган дастурлар» сарлавҳаси билан эълон қилинган мақолада халқ депутатлари туман кенгаши сессияси фаолияти ёритилган.
Унда айтилишича, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича мавжуд дастур ва меъёрий ҳужжатлар асосида муайян ишлар амалга оширилган. Бироқ йўл қўйилаётган камчиликлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
«Деҳқонобод» МФЙ ҳудудида жойлашган тўрт қаватли уйда канализация яхши ишламаслиги сабабли, ертўлани сув босиб кетган, фуқароларнинг мутасадди раҳбарларга мурожаатлари эътиборсиз қолдирилган.
Тадбиркорлик 2018 йил 1 март ҳолатига туманда рўйхатдан ўтган 1,600 дан зиёд тадбиркорлик субъектининг 40 фоизи турли сабабларга кўра фаолият кўрсатмаяпти. Масалан, 2017 йилда рўйхатдан ўтган «Мўжиза ширинлиги» МЧЖ ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун «Халқ банки» туман филиалидан кредит олиб, туман ҳокимлигига жой ажратиб бериш ҳақида мурожаат қилган. Ер ажратилмагани боис, ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган.
Туманда зарар кўриб ишлаётган субъектлар ўтган йилга нисбатан икки баробар кўп. Тадбиркорларнинг ер ажратиб бериш тўғрисидаги мурожаатлари ўз вақтида кўриб чиқилмайди. Мирзаҳамид Раҳимов, Ғанишер Кенжаевларнинг аризалари туман ҳокимининг иш столида икки ойлаб қолиб кетган.
Ҳоким ўринбосари Ҳ.Ўринов ҳамда туман архитектура ва қурилиш бўлими бошлиғи Б.Қўчқоровлар фуқароларнинг мурожаатларига беписанд муносабатда бўлган.
Сессияда тумандаги бошқа камчиликлар ва уларнинг сабаблари, муаммоларни ҳал қилиш масаласи атрофлича кўриб чиқилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter