Ўзбекистон фуқароларининг Россияга киритилмаётгани ҳақидаги хабарга расмий муносабат билдирилди
Сўнгги кунларда россиялик чегарачилар аэропортлар ва ер усти ўтказиш пунктларида нафақат Тожикистон фуқаролари, балки Ўзбекистон ва Қирғизистондан келган муҳожирларга ҳам Россия ҳудудига киришни оммавий равишда тақиқлаётгани ҳақида хабар тарқалган эди.
Ҳолат бўйича Ташқи меҳнат миграция агентлиги маълумот берди.
Қайд этилишича, агентликнинг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси томонидан мазкур ҳолатни ўрганиш мақсадида Москва шаҳридаги «Внукова», «Шереметево», «Домодедова» аерпортларининг масъул ходимлари билан боғланилиб ҳолатга аниқлик киритилган.
«Москва шаҳридаги Домодедово, Внукова, Шереметова аэропортларида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг Россия Федерацияси ҳудудига қўйилмаётганлиги ёки узоқ вақт давомида ушлаб туриш ҳолатлари кузатилмаётганлиги аниқланди.
Бундан ташқари автомашиналар орқали Россия Федерациясига кириб келинадиган Оренбург, Самара, Саратов вилоятларидаги «Озинки», «Маштаково», «Сагарчин» божхона чегара постларидаги ҳолатлар ҳам ўрганилганда, ушбу чегара постлари доимий иш тартибида ишлаётганлиги, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бирон-бир тўсиқларсиз Россия Федерацияси ҳудудига кираётганлиги маълум бўлди», дейилади Ташқи меҳнат миграция агентлиги хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларига «ўта зарурат бўлмаса, Россияга боришдан вақтинча тийилиш»ни тавсия қилганди.
Кейинроқ минглаб Тожикистон фуқароси Внуково аэропортида тегишли санитария шароитларисиз қолаётгани ҳақида хабар берилди.
Куни кеча Қирғизистон ҳам ўз фуқароларига Россияга бормасликни тавсия қилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter