Ўзбек математиги Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси бўлди
Жорий йилнинг 26 январь куни Бутунжаҳон фанлар академияси («The World Academy of Sciences» — TWAS)нинг 35 нафар янги аъзоси маълум бўлди. Уларнинг орасида Ўзбекистон фанлар академиясининг математика институти олими Ўткир Розиқов ҳам бор, дейилади «Uzbekistan Today» хабарида.
Техника фанлари номзоди Ўткир Розиқов математик биологияга термодинамикани киритиш мақсадида балоғатга етган популяцияларнинг статистик механикасида ҳамда эволюцион алгебраларида Гиббс ҳолатлари назариясига салмоқли ҳисса қўшган. У р-адик динамик тизимларни ва р-адик тақсимотларни ўрганиш ғоясини илгари сурган
Бутунжаҳон фанлар академиясида ёшлар учун алоҳида бўлим ташкил этилган бўлиб, унга ҳар йили ҳақиқий аъзоларни саралаб олишда бўлгани каби сайлов ўтказилади ва номзодлар 5 йилга сайланишади. Академиянинг ҳақиқий аъзолигига сайлов ўтказилса-да, ёшлардан фарқли ўлароқ бу ерда номзодлар умрбод сайланишади.
Ў.Розиқов 2007—2012-йилларда Бутунжаҳон фанлар академиясига ёш ҳамкор сифатида тайёрланганди. Мазкур ташкилотнинг «Young Alumnus» дастури битирувчиси ва ёш олимга тақдим этиладиган соврини ҳамда “Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони соҳиби ҳамдир.
Маълумот учун: Бутунжаҳон фанлар академияси Италиянинг Триесте шаҳрида жойлашган бўлиб, глобал фанлар академияси сифатида тавсифланади. Унинг ташкилотчиси БМТнинг ЮНЕСКО тузилмаси ҳисобланади.
Мазкур илм масканига Нобель мукофоти лауреати, покистонлик Абдус Салом бошчилигидаги олимлар гуруҳи томонидан 1983 йилда асос солинган. Бугунги кунда TWASнинг ҳақиқий аъзолари сони 1228 нафар бўлиб, улар 90 дан ортиқ давлатлар вакилларидир. 1984 йилдан илм-фан бўйича Халқаро кенгаш таркибига киритилган.
Шу тариқа Бутунжаҳон фанлар академиясидаги ўзбекистонлик академиклар сони 4 нафарга етди. Унга айни пайтда Ў.Розиқовдан ташқари яна уч нафар ўзбекистонлик олим — Ш.Аюпов, Р.Ғаниев ва И.Абдураҳмонов аъзо ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўткир Розиқов 2017 йили Шавкат Аюпов, Каримберген Кудайбергенов, Баҳром Омировлар билан биргаликда «Ноассоциатив алгебралар, дифференциаллаш ва ночизиқли динамик системалар назарияларини ривожлантириш» фундаментал тадқиқоти учун фан ва техника соҳасида Биринчи даражали давлат мукофоти билан тақдирланган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter