Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўз отасини ҳам аямаган ўғил: қайнота ва келинга ҳимоя ордери берилди

Ўз отасини ҳам аямаган ўғил: қайнота ва келинга ҳимоя ордери берилди

Кун иссиқ. Қўлида арқон тутган аёл қишлоқнинг ҳу-ув четидаги дарахт томонга судралиб борди. Кўзлари кўкарган. Билакларида калтак излари - қонталаш. Лабларидан сизиб чиқаётган қон иякларини ювиб ўтмоқда. Аёл дам қўлидаги арқонга, дам дарахтнинг бақувват шохларига узоқ тикилди. Лаблари сокин шивирлади: «Болаларим, кечиринг!»

Паришон хаёллари кутилмаганда ортидан пайдо бўлиб қолган қайнотасининг қичқириғидан тарқалиб кетди.

«Тўхта, қизим. Уч норасиданинг уволига қолма. Нотавон эринг учун – ўғлим учун мени кечир, болам!»-келинининг қўлидаги арқонга жонҳолатда ёпишди қайнота ва ҳўнгиллаб йиғлади.

Аёл – ўзи ночор. Аёл – ўзи ўт ичида. Елкалари силкиниб-силкиниб кўз ёш тўкаётган ва салкам ёши саксонларга етиб қолган қайнотасини нимбағирлаб, уни овутишга тушди.

«Мени отам, дегансан-ку, қизим. Ҳеч замонда қиз ҳам отасини доғда қолдириб кетадими, болам. Ўлим – энг осон йўл. Аллоҳим сену менга, невараларимга шуни синов қилиб берибди. Хайрлиси келар болам, хайрлиси келар. Бир оёғим гўрда қолганда, ортингдан увиллаб қолган болаларингни қандай оёққа турғизаман...»-хўрлиги келиб йиғлади яна қайнота.

«Кечиринг, ота! Бошқа қайтарилмайди. Аммо, жонимдан ўтиб кетди...»-аёл ҳам кўзёшга чўкди.

«Юр, қизим, юр, ўзим сени участка нозирига бошлаб бораман. Хат-қаламингни қил...»-ҳазин сўзлади қайнота.

Бухоронинг Шофиркон туманида яшовчи, ҳеч қаерда ишламайдиган, спиртли ичимликка ружў қўйиб, аёли, уч фарзанди ҳамда кекса отасига зўравонлик билан тазйиқ ўтказиб, сурункасига уларни калтаклаб келаётган фуқаро Р.Д.нинг хатти-ҳаракатларига чек қўйилган. Аёлга «ҳимоя ордери»нинг берилгани унинг фарзандлари бағрида хавотирсиз яшашига сабаб бўлган.

«Ота-онам йўқ. Қайнонам вафот этгач, жисмоний нуқсони бор кекса қайнотам ҳам ўғлининг тазйиғида қолди. Зўрға ўзини судраб юриб, ҳассага таяниб қолган қайнотамнинг менга қўшиб, болаларимни ҳам калтаклайдиган ўғлига кучи етмасди. Охири ўз жонимга суиқасд қилиш йўлини танлагандим... йўқ, маҳаллага, участка нозирига билдирдик. Ўзимга ҳам, қайнотамга ҳам «ҳимоя ордери» беришди»,-дейди Ш.Д.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Умиджон Умаровнинг «Xabar.uz»га билдиришича, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотин-қизлар томонидан 2 285 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 2 279 нафарига ҳимоя ордерлари берилган. «Инсон» марказлари томонидан уларга 1 447 та турли хизматлар – психологик, ҳуқуқий ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатилган. Тиббиёт бирлашмаларда фаолият юритувчи Бирламчи кўмак хоналарига 93 нафар тазйиқ ва зўравонликка учраган шахслар: 55 нафари хотин-қизлар, 38 нафар вояга етмаган болалар жойлаштирилган.

«Бундан ташқари, Бухорода 363 нафар етим ва ота-онасиз қолган болалар васийлик ва ҳомийликка олинди. Айни кунларда 25 нафар болага уй-жой ажратиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Вилоятда фаолият юритаётган 7 та оилавий Болалар уйида 27 нафар бола тарбияланмоқда. Улар учун 3 та кўп тармоқли махсус боғча, 4 та махсус мактаб-интернат фаолияти ҳам йўлга қўйилди. Туман ва шаҳарларда мавжуд 546 та умумтаълим мактабларининг 29 тасида 54 та инклюзив синфлар ташкил этилди. Ҳозирда жами 88 нафар ўқувчилар таълим олмоқда»,-дейди Умиджон Умаров.

Бошқарма бошлиғи кейинги пайтларда кўплаб оилаларда ёлғиз кексалар ва жисмоний нуқсони бўлган шахсларга нисбатан тазқийлар ўтказилаётгани, камситилаётгани хусусида сўзлади. Унга кўра, биргина вилоятнинг ўзида ўзгалар парваришига муҳтож 871 нафар ёлғиз кекса рўйхатга олинган. 92 нафар ижтимоий ходим ассистентлари бириктирилиб, кундалик ҳаётларида ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Яқин қариндошлари бўлмаган 510 нафар шундай шахслар компенсация нафақалари билан қамраб олинган.

«Ногиронлиги бўлган 1 762 нафар фуқаро иш билан таъминланиб, 552 нафар ёшлар параспортга жалб қилинган. Маълумки, 2024 йилдан протез-ортопедия мосламаларини “Узум Маркет” орқали ваучер асосида харид қилиш имконияти яратилган. Бугунги кунга келиб, жами 2 116 нафар ногиронлиги бўлган шахслар протез мосламалари ва реабилитация воситалари билан таъминланди. 4 481 нафар эҳтиёжманд фуқароларнинг 215 нафарига ногиронлар аравачаси, 90 нафарига эшитиш мосламаси, 281 нафарига протез ортопедия мосламалари, 328 нафарига реабилитация воситалари, дори-дармонлару, моддий ёрдамлар кўрсатилди»,-дейди суҳбатдош.

Маълум бўлишича, жорий йилда 5 229 та оилага ижтимоий иш, яъни “кейс” очилиб, уларнинг эҳтиёжлари ўрганилган ва 94 942 та индивидуал режа ишлаб чиқилган. Ижтимоий ходимлар томонидан 78 651 та аризани қабул қилиниб, уларнинг 57 731 тасига амалий ёрдам кўрсатилган. “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида эса 19 558 та оиланинг 89 мингдан ортиқ аъзолари билан ишлаш режалаштирилган.

«Шу ўринда айтиб ўтмоқчиманки, бизнинг давлатда ҳеч бир жисмоний нуқсони бор, эътиборга муҳтож шахслар тақдирига бефарқ қаралмайди. Лозим бўлса, тенгсиз шароит ва имкониятлар яратиб берилади. Бироқ, жисмоний нуқсони бор шахсларнинг оилада қадр топмаслиги, фарзандлар томонидан тазйиққа учраши, ота-оналар томонидан камситилиши жуда ачинарли ҳолат. Бундай вазиятда ноқобил ота-оналар ҳам, меҳрсиз фарзандлар ҳам ўз хатти-ҳаракати учун қонун олдида жавоб бериши керак»,-дейди Умиджон Умаров.

Лайло Ҳайитова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг