Чинлик инсон қиссаси: 700 дан зиёд болани қутқарган Ван Ванлин
![Чинлик инсон қиссаси: 700 дан зиёд болани қутқарган Ван Ванлин](https://static.xabaruz.com/crop/6/6/720_460_95_667510144.png)
Хитой шарқидаги Чжэцзян провинциясида яшовчи 80 ёшли Ван Ванлин 700 дан зиёд ташландиқ боланинг «отаси» дея ном қозонган. Бу ҳақда South China Morning Post газетаси ёзди.
У ҳеч қачон уйланмаган, оиласи билан яшаш бахтига муяссар бўлмаган. Аммо 700 дан ортиқ болага ота ўрнида оталик қилган.
Ванлин кўчада қолган болаларга ёрдам беришни 1979 йилда, 34 ёшида бошлаган. Биринчи бўлиб 15 ёшли ўсмирни қутқарган. Уни кўмир конида қамаб ишлатилаётган жойидан олиб чиқиб, поездга ўтқазиб уйига жўнатиб юборган.
Ван Ванлиннинг ёшлиги оғир кечган. Туҳмат балосига учраган: қўшниси ўғриликда айблаган. Қилмаган жиноятини мажбурлаб бўйнига қўйиб, олис туманга 16 йил бадарға қилиниб, фермада ишлатилган.
1978 йилда Ван Ванлин фабрикада ишлар, маошини ўзига ўхшаб бу ерларга келиб қолган болаларга сарфлар, ота-онаси борларини амаллаб уйларига жўнатиб юбораришга ҳаракат қиларди. Уйларига эсон-омон етиб олишгач, албатта хат ёзишларини сўраган.
Ўнлаб етим болаларга эса Ван Ванлиннинг ўзи оталик қилган. Юй Хуэй исмли бола билан бўлган воқеа ибратли. Юй Хуэй қашшоқ оиласини боқиш учун 12 ёшида уйидан чиқиб кетган. Бироқ ёмон болаларга қўшилиб қолиб, ўғрилик қилиб юрган. Ван уни топиб олганида, бола чиқиндилар орасидан овқат излаб юрганди. Ванлиннинг кўмагида Юй Хуэй касбга ўқиди ва Шанхайга бориб ишлари юришиб кетди. Пуллари кўпайиб, оиласига икки қаватли уй қуриб берди. Бу юзлаб мисолларнинг биттаси, холос.
Ван Ванлинни «катта қалбли инсон» дея таърифлашади. Зеро, у 700 дан зиёд болаларидан келган хатларни юрагининг тўрида асрайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter