Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўз фарзанди учун онасига алимент тўламай юрган аёл Қашқадарёдан топилди

Ўз фарзанди учун онасига алимент тўламай юрган аёл Қашқадарёдан топилди

Бунақа ҳолат доим ҳам учрайвермайди: ўз фарзанди учун эр эмас, аёл... алимент тўлайди! Кимга денг? Онасига!

Болажонлиги билан дунёга донғи кетган ўзбеклар учун нақадар ачинарли ҳолат!

Фуқаро М.Д. ўхшамаган турмушида (турмуш деб бўлса) орттирган бир нафар фарзандини ўз онаси қарамоғига берганди. Хўп, болага қаровчи нақд, бироқ унинг моддий таъминоти-чи?! Аёл ўз фарзанди таъминотидан бўйин товлагач, онаси томонидан судга тортилди. Натижада  фуқаролик ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туманлараро суди М. Д.га ўз фарзанди учун онаси фойдасига маълум миқдорда алимент тўлаш мажбуриятини юклади.   

Мазкур суд ҳужжати Мажбурий ижро бюросининг Юнусобод туман бўлимига келиб тушди. Унгача алимент пуллари йиғилиб-йиғилиб, 10 миллион сўмга бориб қолганди. Бироқ ҳали бирор тийиндан дарак йўқ. Ижрочилар қарздор аёлни сўнгги бора огоҳлантирилди: қарзингизни тезроқ тўланг, йўқса, 15 (ўн беш) суткага «кесилишингиз» аниқ!  

Шундан кейин ҳам аёлдан дарак бўлмади. Давлат ижрочиси қарздорнинг яшаш манзилига борса, у жойдаям йўқ. Қарздор аёлга нисбатан қидирув эълон қилишдан бошқа чора қолмади. 

Қидирув бўйича инспекторнинг саъй-ҳаракати натижасида қарздор она Қашқадарё вилоятидан топилди.

Бу ёғи нима бўлди?

МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси масъул ходимаси Марғуба Амонованинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, вазият ҳуқуқий таъсир чораси қўллашгача етиб бормади. Давлат ижрочисининг астойдил ҳаракати натижасида она ва қиз яраштирилди. Энг самарали чораям шу, аслида: буви набираси таъминоти учун ўз қизига нисбатан чора кўрдириши, жуда юмшоқ айтганда, ёқимсиз ҳолат. Шу маънода томонларнинг ярашгани маъқул. Бўлиб ўтган ишлар эса фарзанд таъминотидан қочиб бўлмаслигини яна бир бор англатади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг