Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Оролбўйи ҳудудида чўл ўсимликлари блок-инкубаторларда етиштирилади

Оролбўйи ҳудудида чўл ўсимликлари блок-инкубаторларда етиштирилади

Фото: «Xabar.uz»

Жорий йилнинг 25 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Халқаро Оролбўйи инновация марказига Япониянинг OYO корпорацияси вакиллари Казухиро Азами ва Сунао Обояши ташриф буюрдилар. OYO экологик талофатлар, табиий офатлар туфайли ер юзи ва ер остида рўй берган салбий ўзгаришларни ўрганиш, баҳолаш ҳамда бартараф этиш бўйича фаолият олиб борувчи йирик корпорация бўлиб, геологик тадқиқотларга асосланган лойиҳалари самарадорлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Корпорация вакилларининг Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Халқаро Оролбўйи инновация маркази, OYO корпорацияси ва Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Ҳужжатга кўра OYO корпорацияси билан ҳамкорликда маҳаллий хомашёдан чўл ўсимликларини етиштириш учун инкубатор-блокларни тайёрлаш илғор технологияси жорий этилишига келишилди.

Блок-инкубаторларни тайёрлаш бўйича ишлар «Мўйноқ» илмий-ишлаб чиқариш участкасида бошланди. Казухиро Азами ва Сунао Обояши иштирокида 25 майдан 2 июнгача бўлган даврда ёпиқ илдизли тизимда саксовул етиштириш технологияси бўйича 3000 дона блок-инкубаторлар тайёрланиши кўзда тутилган бўлиб, кейинчалик блок-инкубаторларда етиштирилган саксовул кўчатлари Орол денгизи қуриган тубининг муайян участкаларига экилади.

OYO корпорацияси вакиллари Халқаро Оролбўйи инновация маркази қошидаги «Мўйноқ» илмий-ишлаб чиқариш участкасининг фаолияти билан танишдилар. Айни кунларда меҳмонлар мазкур участкада етиштирилаётган ўсимлик турларини етиштириш ва уларни парваришлаш тадбирларида фаол иштирок этмоқдалар. Казухиро Азами ва Сунао Обояши жорий йилнинг 2 июнига қадар блок-инкубаторларни жойлаштириш бўйича илмий тажрибалар ўтказиладиган майдонларни ўрганиб, OYO корпорацияси томонидан амалга оширилган, саноатлаштириш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш туфайли содир бўлган ижтимоий ва экологик муаммоларга қаратилган лойиҳлардан олинган хулосалар асосида амалий-консультатив ишларни олиб бормоқдалар.

Қуриб қолган Орол денгизи тубига сафарга чиққан япониялик мутахассислар блок-инкубаторларда етиштирилган ниҳолларнинг у ерга экиш имкониятларини ўргандилар, дастлабки хулосаларини тақдим этдилар. Натижада тажриба тариқасида чўл ўсимликлари турларини қайта экиш учун майдонлар аниқланди. Корпорация вакиллари Халқаро Оролбўйи инновация марказининг Нукус ва Мўйноқ филиалларида ўз ишларини давом эттирмоқдалар.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг