Орол туби бўйлаб 42 километр: қуриган денгизда марафон ташкил этилди
Ўзбекистондаги оммавий югуриш мусобақаси ташкилотчиси Aндрей Куликов қуриган Орол денгизи туби бўйлаб 42 км 195 м масофани босиб ўтди.
Бу марафон 17 июн – Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни муносабати билан Экология вазирлиги томонидан ташкил этилди.
Югуриш «Aral Eco Marathon» марафони доирасида ўтказилди. Мақсад жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ушбу минтақанинг экологик муаммоларига қаратиш ва барчани сайёрамизни сақлаб қолиш учун фаол қадамлар ташлашга ундашдир.
«Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида глобал экологик муаммонинг олдини олиш ва аҳолининг ижтимоий-иқтисодий яшаш тарзини яхшилашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, – деди Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Aзиз Aбдуҳакимов. – Хусусан, 2018–2022 йиллар оралиғида 1,6 млн гектар майдонда «яшил қопламалар» ҳимоя ўрмонзорлари барпо қилинди.
2023 йилда эса Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманида 128 минг гектар майдонда «яшил қопламалар» яратилди. Бундан ташқари, ҳар йили 100 гектардан кам бўлмаган ҳажмда саксовул ниҳолхоналари ташкил этилди».
Таъкидлаш жоизки, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида жорий йил баҳор мавсумида ўрмон хўжаликлари томонидан 21,8 млн дона иқлим шароитга мос манзарали, мевали дарахт ва буталарнинг кўчат ва қаламчалари етказиб берилди.
Янгидан 500 гектар ҳудудда тупроқ-иқлим шароитга мос дарахт ва буталар турларидан ниҳолхона ва кўчатхоналар ташкил этилди.
Қолаверса, жорий йилда Нукус шаҳри атрофида 5 км масофада 3590 та, Урганч шаҳри ва Урганч-Гурлан автомобил йўли атрофига 5 км масофада 2500 та каталпа, қайроғоч, япон сафораси каби тупроқ-иқлим шароитга мос дарахтлар кўчатлари экилиб, «яшил белбоғлар» барпо қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter