Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олмалиқда иш сўраб минглаб ёшлар йиғилди

Олмалиқда иш сўраб минглаб ёшлар йиғилди

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Олмалиқ шаҳридаги «Металлург» маданият саройи олдида минглаб ёшлар тўпланган видео тарқалди. Маълум бўлишича, бу ёшлар ишга кириш истагида йиғилишган. Олмалиқ шаҳар ҳокимлиги ҳолат юзасидан расмий маълумот берди.

Қайд этилишича, бугун Олмалиқ шаҳрида корхона, ташкилотлар, хусусан, ОКМК иштирокида бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилмоқда. Ярмарка ўтказиш учун «Металлург» маданият саройи танланган бўлган. Бироқ, талабгорларнинг кўплиги, хусусан, ОКМКга ишга кириш истагида яқин ҳудудлардан (Пскент, Оҳангарон, Ўрта Чирчиқ, Бўка, Бекобод) ҳам келган фуқаролар ҳисобига мўлжалланган жойда одам тўпланиш ҳолати юзага келган.

Шундан сўнг, зудлик билан шаҳар ҳокимлиги, ОКМК масъуллари томонидан «Меҳнат ярмаркаси» мазкур маданият саройига ёндош ҳудудда жойлашган «Ёшлар боғи»га кўчирилган. Айни пайтда «Ёшлар боғи»да Олмалиқ шаҳар сектор раҳбарларининг сайёр қабули ҳам бўлиб ўтмоқда.

Маълум қилинишича, ОКМК АЖда йирик инвестиция лойиҳалари жадаллик билан амалга оширилмоқда. «Ёшлик-1» конини ўзлаштирилиш» лойиҳаси доирасида янги объектлар, хусусан, 3-МБФ қурилиши муносабати билан комбинатда 10 мингта иш ўрни босқичма-босқич очилади.

Бугунги «Меҳнат ярмаркаси»да ёшларнинг мурожаатлари ўрганилиб, келгусида комбинатда очилиши режалаштирилган янги иш ўринларига қабул масалалари кўриб чиқилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг