Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Олий Мажлис Сенати Раиси Буюк Британиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича Элчиси билан учрашди

Олий Мажлис Сенати Раиси Буюк Британиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича Элчиси билан учрашди

Фото: «Senat.uz»

2021 йил 21 январь куни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева Буюк Британиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича Элчиси Рита Френч билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.

Онлайн учрашувда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Тимоти Торлоу иштирок этди.

Томонлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликни татбиқ этишдаги устуворликларни, икки давлат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, бу борада халқаро стандартларни миллий қонунчиликка иплементация қилиш масалалари билан боғлиқ қонунчилик ва ташкилий-ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш, бунинг учун халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва тегишли халқаро мажбуриятларни бажариш, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларида халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш борасида тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Элчи Р.Френч мазкур соҳада кўрилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо бериб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинганлигини қўллаб-қувватлади.

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, гендер тенгликни таъминлаш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш, қонунчиликни янгилаш бўйича ишлар ҳам ижобий баҳоланди.

Ўзбекистонни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайлангани билан қутлаб, Р.Френч Британия томони Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг мақсад ва вазифаларини амалга оширишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.

Р.Френч Ўзбекистоннинг мазкур йўналишда қисқа муддатда эришган ютуқлари юксак баҳога лойиқ эканлигини қайд этди. Гендер тенглик ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш каби соҳаларда эришилган натижалар бунга яққол мисол бўла олади. Шунингдек, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашдаги ютуқлар ҳам қайд этилди.

Мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва кўрилаётган чора-тадбирлар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилганини таъкидлаб, Буюк Британиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича Элчиси Р. Френч Ўзбекистон келгусида бу борадаги ишларини давом эттириши ҳамда бошқа мамлакатларга ўрнак бўлиши, ўз тажрибаси билан ўртоқлашишига умид билдирди.

Т.Торлоу Ўзбекистон парламенти билан инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича яқин ҳамкорликни таъкидлаб, Ўзбекистон Буюк Британиянинг Марказий Осиёдаги устувор шериги эканлигини қайд этди.

Томонлар ўзаро фикр алмашдилар ва келгусида инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш учун алоқаларни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдирди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг