Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўлиб, ўлмай қолган зўравонлик қурбонлари

Ўлиб, ўлмай қолган зўравонлик қурбонлари

Жорий йилнинг 31 январ куни Янгиҳаёт туманида зўрлик ва қотиллик аломатлари билан 12 ёшли қизнинг мурдаси топилгани ҳақида Бош прокуратура матбуот хизмати хабар қилганди. Жиноят иши бўйича гумонланувчи шахс (29 ёшли эркак) Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. 

Ака-укалар қурбони бўлган қизалоқ

Ўтган йили Сариосиё туманидаги 4-синфда ўқувчи қиз бир мактабда ўқийдиган 8 ва 4-синф ўқувчилари — ака-укалар томонидан зўрлангани анча муҳокама бўлганди. Бу ҳақда қизалоқ билан бир қишлоқда яшовчи Kun.uz манбаси хабар берганди. Ўша манбада таъкидланишича, ака-укаларнинг ота-онаси ишни енгиллатиш учун воқеада 8-синф ўғли қатнашганини яширишга уринишганди. Ота-она бунинг ўрнига «воқеани тўртинчи ва учинчи синфда ўқийдиган фарзандлари содир қилгани» ҳақида кўрсатма беришган.

«Шундай қилса, катта ўғли жавобгарликдан қутулиб қоларкан. Кичик фарзандлари эса жавобгарликка тортиш ёшига етмаган. Орган ходимлари ҳам буни билиб-билмаганга олаётган бўлиши мумкин. Ўзингиз ўйланг, тўртинчи ва учинчи синфда ўқувчи болалар қандай қилиб бу ишни қилиши мумкин?!» — дейди у. Мухбир ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида Сариосиё туман прокурори Нодир Азизов билан телефон орқали боғланди. Воқеа ҳақида гапираркан, Азизов ҳақиқатан ҳам тумандаги мактаблардан бирида 4-синф қизнинг номусига тегиш ҳолати содир бўлганини тасдиқлаган. Жиноят кодексининг 17-моддасига кўра, шахс юқоридаги модда билан жавобгарликка тортилиши учун 14 ёшга тўлган бўлиши керак.

Яна бир воқеага эътиборингизни қаратамиз. 2022 йил 17 май куни Тошкент шаҳар ИИББ Юнусобод туманидаги уй олдида 17 ёшли қизга тегажоғлик қилган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилди. У майда безориликда айбланиб, 10 суткага маъмурий қамоққа олиниб, жаримага тортилди. Жабрланувчи ички ишлар бўлими унинг аризасини биринчи мурожаатда қабул қилмаганидан шикоят қилганди.

Бу ҳақда турли нашрлар ахборот берди. Ўша куни Nemolchi.uz — «Сукут сақлама» лойиҳаси жабрланган қизнинг ҳикоясини эълон қилди. У ҳужумнинг вақти, жойи, гумонланувчининг кийган кийимлари ва ҳатто унинг тахминан ёшини батафсил баён қилди. Қиз дўкондан уйига қайтаётганида эркак унинг ортидан келаётганини пайқаган. Уй ҳовлисига кирганида, эркак унинг ортидан эргашган.

«Мен уни кўрганимни билдириш учун, орқага ўгирилдим. У қўшниларнинг танишлари бўлса керак деб ўйлаётгандим, лекин кейинги ҳаракатларидан бундай эмаслигини англадим. Мен тезда зинадан кўтарила бошладим, тўсатдан бу одам орқамдан менга ҳужум қилди ва менинг чаноғимга тегинишни бошлади», — деди жабрланувчи.

Қиз бақириб, эркакни уришни бошлайди, шу билан уни қўрқитиб юборади. Эркак қочиб кетади, қўшнилар буни кўришади ва ҳолат камералар тасвирига тушади. Ўша куни қиз профилактика инспектори олдига боради, у эса ўз жойида бўлмайди.

«19-санада у пайдо бўлди. Мен унга нима бўлганини айтиб бердим, лекин у (инспектор) эркак қўлга тушгандан кейин ариза ёзишим кераклигини айтди, бу мени ҳайратга солди», — дейди қиз. 21 май куни қиз Юнусобод тумани ИИБга ариза ёзган, бироқ у ерда ҳам ариза қабул қилинмай, профилактика инспекторининг олдига қайтариб юборилган. «Ойим билан унинг (профилактика инспектори — таҳр.) олдига борганимизда, ниҳоят, беш кундан кейин ариза ёздик. Биз камерани текшириб кўрдингизми деб сўраганимизда, у «йўқ», деб жавоб берди, мен органларимиз қанчалик «ғайрат билан ишлашидан ҳайратга тушдим», — дея қўшимча қилди у.

Бола бўлиб она бўлган қизалоқ

«Сукут сақлама» лойиҳаси 14 ёшли Шаҳзода ҳақида ёзади. «Шаҳзода ва унинг онаси «Ойдин нур» бошпанасига бир неча ой олдин келиб қолишди. Ўшандан бери ҳаётлари анча ўзгарди. Уларга ғамхўрлик қилишяпти, яхши овқатланишади. Шу йилнинг июл ойи бошида Шаҳзода қизли бўлди. Тасаввур қилаяпсизми, ҳали балоғатга етмаган қиз — она...

«Биз операция қилиш керак бўлади, деб қўрққандик, лекин у шундай нозик бўлишига қарамай, ўзи туғди. Энди боласини ўзи эмизяпти. Қизи бирам ширин, беозор» — дейди бошпана ижтимоий ходими.

Ўтган йилнинг ёзида Шаҳзода атиги 13 ёшда эди. Оила жуда камтарона ҳаёт кечирарди, ота йўқ, она ва қиз 22 яшар акаси билан яшашарди. Ўтган йилнинг ёзида Шаҳзоданинг акасини йирик фермер хўжалигига ишга таклиф қилишди. Қиз ва унинг онаси ҳам ўша ерга ишлашга боришди.

Фермада унинг эгасининг ўғли ҳам яшарди, у 20 ёшлардан каттароқ эди. Кунлардан бир кун у Шаҳзодани чақирди, унга тегажоғлик қилиб, зўрлади. Қиз қўрқди ва ҳеч кимга бу ҳақида гапирмади.

Бир неча кун ўтиб хўжайиннинг ўғли Шаҳзодани яна зўрлади. Қизнинг акаси ҳолатни кўриб, синглисини ҳимоя қилмади, зўравонни жазоламади. Шаҳзода бокира эмаслигини билиб, у ҳам уни зўрлашни бошлади, улар битта отадан туғилмаганини рўкач қиларди.

Шаҳзода онасига индагулик бўлса, буни кўтара олмаслиги билан қўрқитарди. Марказ директорининг айтишича, қизнинг акаси аввал ҳам зўравонлик иши бўйича гумонланувчи сифатида ўтган, лекин ўшанда жазога тортилмаган.

Тез орада она қизини ферма эгасининг ўғли зўрлаганини билиб қолади, акаси ҳақида Шаҳзода индамади. Аёл зўравоннинг онаси билан гаплашади, у эса йиғлаб ўғли ундай қилиши мумкин эмаслигини айтиб, ариза ёзмасликни сўрайди.

Аризани қизнинг онаси ёзмади, сабабини тушунтира олмади. Фермадан улар кетишди, ўз уйлари йўқлиги учун қизнинг холасиникига боришади. Лекин унинг ҳам яшаши ҳаминқадар эди, улар яна фермага қайтиб маълум пайт ўша ерда яшашди. Кейин эса кўчада қолишди.

Мактабга Шаҳзода камдан-кам борарди, кейин эса бутунлай ташлади. Устозлари қизнинг изига тушишди. Қиз ва унинг онасини қидиришни бошлашади, баҳор охирида топишади, улар ташландиқ жойда кун кечирарди. 7-синф ўқувчиси ҳомиладор эди. Мактаб ички ишлар органларига ариза берилишини таъминлади.

Терговчи ишни 118-модда 4-банди (Номусга тегиш) билан судга оширди, унга кўра айбдор учун 14 ёшга етмагани аён бўлган шахснинг номусига теккани учун 15 йилдан 20 йилгача жазо берилиши мумкин эди. Лекин маълумот берилишича, қизнинг онаси ва жабрланувчининг ўзи суддан енгиллик сўрашган. Айбланувчи уларнинг ягона боқувчиси эканини баҳона қилишган экан. Ака ЎзР ЖК 128-моддаси (16 ёшга етмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) билан айбдор деб топилди ва бу модда бўйича максимал жазо — 3 йилга қамалди.

Контейнердан қочган қизалоқ

Вояга етмаган қизалоқни таҳқирлаган шахслар нега жазога тортилмаяпти, деб бонг уради ЎзА мухбири Норгул Абдураимова 2021 йил март ойида ўз мақоласида.

«Бу воқеани эшитиб сесканиб кетгандим. Ахир катта орзулар билан қанот қоқишга шай қизалоқнинг қаноти қайрилганини ҳис этишнинг ўзи оғир. Аммо у билан учрашганимдан кейин ҳаловатимни бутунлай йўқотдим. Озғингина, маъюсгина қизчани кўриб дилим вайрон бўлди. Шу навниҳолга қайси ваҳший қўл узатишга журъат этди? Унга таскин беришга уринаётган бўлсам ҳам унинг кўзларига асло қарай олмадим. Бизга ўхшаган катталар унинг болалик оламини чилпарчин қилгани учун ўзимни ҳам айбдор ҳис қилдим. Қизининг дардида ёниб-куяётган отанинг ҳолатини сўз билан тасвирлаб бериш мутлақо иложсиз.

Воқеа аслида қандай содир бўлганига тўхталсак.

Ўтган йилнинг ёз ойларида қизалоқ аммасининг уйига меҳмонга боради. Карантин туфайли кўчада транспорт ҳаракати чеклангани учун қизалоқ таксида уйга қайтмоқчи бўлади. Кўчада тўхтаган енгил машинага ўтиради. Машина ичида бўлган яна бир йигит қизалоқни кўриб, шум режа тузади. Уни тоғли ҳудудга олиб қочади. Дачага олиб бориб, қизалоққа қандайдир дори ичиради. Ҳушини йўқотган қизни эса турли хил алфозда расмларга туширади. Ўзига келгач эса уни авраб, «бу ерга келганингни ҳеч кимга айтмасанг, уйингга олиб бораман», дейди. Шундоғам қўрқиб кетган қиз рози бўлади. Уйга келгач ҳеч кимга лом-мим демайди.

Қўлида етарлича «далил»лар бўлган йигит энди қизни хоҳлаган куйига туширишни билар эди. Кунларнинг бирида қизга қўнғироқ қилиб, «сумканг қолиб кетибди, чиқсанг бериб юбораман», деб айтади. Содда қиз сумкаси учун уйдан чиқиб борганида эса унга ўша суратларни кўрсатиб, бирга кетмаса, суратларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб, шарманда қилиш билан қўрқитади. Қаттиқ қўрқиб кетган қиз яна машинага ўтиради. Бу сафар йигит қизалоқни кўп қаватли уйлардан бирига олиб боради. Қиз йўқолиб қолганини билган оила-аъзолари уни қидиришга тушади. Ўша пайтда Москвада ишлаётган отаси ҳам етиб келади. Қизнинг отаси Б.нинг айтишича, у фарзандини бир ҳафта мобайнида қидирган, бу ҳақда ички ишлар органларига ҳам мурожаат қилган. Қанчалик ҳаракат қилмасин, қизини топа олмайди. Орадан бир-неча кун ўтиб, абгор бир аҳволда қиз уйига кириб келади ва отасининг қистови билан ҳамма воқеани бирма-бир сўзлаб беради.

Маълум бўлишича, қиз кейинги икки кунни ташландиқ, кимсасиз бир ҳудудда оч-наҳор ўтказган. Зўравон нафақат унинг номусини топтаган, балки унинг кимсасиз жойда ўлиб кетишини ҳам режа қилиб, уни овлоқ жойда бўлган темир контейнерга қамаб кетган. Бахтли тасодиф туфайли қиз контейнердан чиқиб, уйига узоқ масофа пиёда юриб қайтиб келган. Ота вояга етмаган қизини таҳқирлаган, бу жараёнда иштирок этган шахс ҳақида маълумотларни тўплаб, 2020 йил сентябрь ойининг охирларида Ўрта Чирчиқ тумани ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган. Ариза бўйича жиноят иши очилиб, тергов ҳаракатлари бошланган. Бироқ бу ҳаракатларнинг охири ҳали ҳам кўринмаган. Ота ички ишлар бўлимига қатнаб чарчаганидан сўнг кўплаб юқори ташкилотларга мурожаатлар йўллаган. Аммо мурожаатларга «тегишли органга юборилди, натижаси ҳақида маълум қиламиз», деган мазмунда жавоблар келган, холос. Қизнинг отаси Республика «Истиқболли авлод» ижтимоий-ахборот марказига ҳам мурожаат қилиб, ёрдам сўраган. Мазкур марказ мутахассислари эса бу ҳақда жамоатчиликни хабардор қилган ҳолда қонун устуворлигига эришиш учун бизни бу ишга жалб қилди. Содир бўлган бу нохуш ҳодиса ҳақида батафсил ёзишдан мақсадимиз — бундан сизни, бутун жамоатчиликни огоҳ этиш. Қолаверса, ниятимиз — инсон ҳуқуқлари, бола ҳуқуқлари билан шуғулланувчи тузилмаларни ҳуқуқлари топталган қизалоққа ёрдамга чақириш (жабрланган қиз ва унинг отасига оид барча маълумотлар бизда мавжуд). Хуллас, нега вояга етмаган қизалоқни таҳқирлаган шахслар орадан олти ой ўтган бўлса ҳам ҳамон жазога тортилмади, деган ҳақли саволга биргаликда жавоб излаймиз...

Биз 12 ёшли қизалоқнинг ўлимига қайғураётган, қотил ва зўравоннинг гўрига ғишт қалаётган бир пайтимизда ўлмай қолган қотиллик қурбонлари аламли аччиқ хотираларини мактуб қилиб ёзмоқда. Эҳтимол мана шу қизларга вақтида эътибор берилганида, жазо муқаррар бўлганида, бугун бир қиз ўлдириб кетилмасди.

Ўгай отасидан қочган қизалоқ

Мен бу ҳақда жуда кўп ўқийман ва шу дард билан яшаётганимни биламан. Беш яшар қизалоқ эдим. Дадам бизни онам билан ташлаб кетдилар. Бу туйғу билан яшаш жуда қийин эди. Ёшим 9 га етганда онам турмушга чиқди. Улар уйда йўқликларида ўгай отам билан ёлғиз қолардим. У ҳар доим менга ҳирс кўзи билан қарар, тегажоғлиқ қилар эди.

14 ёшдаман. Мактабдан қайтяпман. Икки йигит мени машинага солиб, олиб кетишди. Зўрлаб, кўчага ташлаб кетишди. Кейинчалик шу маразларни топишди, улар 28-30 ёш атрофида эди. Лекин уларни қамашмади, чунки улардан бири жуда бой эди, унинг пуллари кўп нарсаларни, жумладан менинг ҳаётимни ҳам ҳал қилди…

Мен ҳеч қайси олий ўқув юртига кира олмадим. Шу дард билан яшаяпман, ҳеч ким бу ҳақда билмайди. Ёшим 33 да. Ҳали турмушга чиқмаганман.

Мен ўгай отамдан безиб уйдан чиқиб кетдим. Ҳеч ким бошимдан ўтказганларимни билмайди. Мен шу дард билан яшашга мажбурман. Кимдир менга хушомад қилиб, яқиндан танишмоқчи бўлса, дарров қочаман. Шу инсонга нисбатан катта нафрат уйғонади. Ҳаётим шу тарзда ёлғиз, бемаъно, бефайз ўтмоқда. Ўз оламимда яшайман. Бу дардни ҳеч кимга айтолмайман, қалбимни дарддан фориғ қилолмайман. Сизларга ёзяпман-у, бўғзимга нимадир тиқилган…

 Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг