«Ё, Аллоҳ, ёлғон хабар тарқатадиганларга Ўзинг жазо бер!» – Обидов «Озодлик»ни дуоибад қилди
Фарғона вилояти ҳокимининг матбуот котиби Муҳаммаджон Обидов «Озодлик»нинг «панжасига панжа урди».
Ургандаям яйраб-яйраб, хумордан чиқиб урдики, буни таниқли журналистнинг ўзини тутиши-ю гап оҳангларидан билволиш қийин эмас.
«Озодлик» чакана қовун туширмабди-да. Эмишки, Қувасойда ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани айтилаётган фуқаро вафот этибди, гўё?! Яна денг, у калтаклар зарбидан етган оғир жароҳат оқибатида касалхонада омонатини топширганмиш...
«Озодлик»нинг айни хабари Бош прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги томонидан ўз вақтида рад этилганидан хабарингиз бўлса керак. Шунга қарамай, Муҳаммаджон ҳожи ака бошидан ошиб ётган юмушлардан ортиб (у нафақат Фарғона вилояти ҳокимининг матбуот котиби, балки бир вақтнинг ўзида «Фарғона ҳақиқати» газетаси бош муҳаррири, шунингдек, журналистлар ижодий уюшмасининг вилоят бўлими раиси ҳам), Қувасойга бориб, «марҳум»ни топиб, у билан суҳбат қуради. «Марҳум» суҳбат жараёнида «Эй, «Озодлик», мени нега у дунёга жўнатворишдинг, мана, тирикман, мени ҳеч ким ургани йўқ!» мазмунида гаплар айтади.
Албатта, тирик одамни ўлганга чиқариш тоқат қилиб бўлмайдиган ҳолат. Шунданми Муҳаммаджон ҳожи ака ҳиссиётларга берилиб, «Озодлик»нинг ўзбек хизмати ходимларини «тиши тушган бўри»га қиёслаш баробарида «Ё, Аллоҳ, ёлғон хабар тарқатаётганларга Ўзинг жазо бер!» дея дуоибад қиворади...
Бохабарсизки, ўғриликда гумон қилинган маҳаллий фуқаро Қувасой ИИБ ходимлари томонидан калтакланганига оид хабар юзасидан прокуратура томонидан терговолди текшириш ўтказилмоқда. Текшириш натижалари ҳақида ҳали маълум қилингани йўқ. Ҳуқуқни муҳофаза қилув органлари томонидан нуқта қўйилиши керак бўлган масалага Муҳаммаджон Обидовнинг «ҳашар»га келиши прокуратура ишини енгиллаштирадиган кўринади. Нега десангиз, ҳожи ака билан ҳамсуҳбат бўлган «марҳум»нинг (бироз сунъий бўлса-да) «мени ҳеч ким ургани йўқ!» мазмунидаги гаплари масалага узил-кесил нуқта қўяди-да. Бундан у ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани ҳақида прокуратурага мурожаат қилган опаси ёлғон хабар берган бўлиб чиқадими?! Айни саволга жавобни терговолди текширув натижасидан топсак керак, насиб. Иккинчидан, М.Обидовнинг «раддияси» терговолди текширув ишларига таъсир кўрсатдими-йўқми – бу савол жавоби прокуратурага тан энди...
Дарвоқе, Қувасойда фуқаро ИИБ ходимлари томонидан калтакланганига оид хабарларда шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи Элёр Ғаниев Фарғона вилоятининг маълум ва машҳур ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг жияни экани алоҳида урғуланган эди. Муҳаммаджон Обидов лавҳаси ниҳоясида бунга алоҳида тўхталиб ўтади. Айтиладики, Қувасой шаҳар ИИБ бошлиғи Э.Ғаниев вилоят ҳокими Ш Ғаниевга жиян экани рост. Фақат жиян амакиси иқтидорга келгунча ИИБда раҳбарлик лавозимини эгаллаб улгурган экан...
Раддия-лавҳанинг ўзак нуқтаси ҳам шунда, чамаси...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter