МИБ: Норасмий маълумотнинг расмий инкори
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳақидаги мақола баҳс-мунозарага сабаб бўлиши аввалдан аён эди. Биринчидан, унда билдирилган фикрларга кимдир қўшилиши мумкин, кимдир йўқ — бу мутлақо табиий ҳолат. Иккинчидан, мақола ёзилишига сабаб бўлган манба ошкор этилмагани (бунга қонуний асосимиз бор) биринчи навбатда тизим мутасаддиларида қандайдир иштибоҳ пайдо қилиши эҳтимоли жуда юқори эди. Учинчидан, Мажбурий ижро бюроси ташкил этилибдики, ушбу тузилма фаолиятининг айрим нуқталари баҳс-мунозара марказига айланиб келаётир...
Кутилганидек, «МИБ ўзининг "мажбурий" мақомидан айрилиши мумкин» мақоласи сайтга жойлаштирилганидан саноқли соатлар ўтиб, Бош прокуратура Матбуот марказидан «мужда» келди: маълумотларни қаердан олгансизлар? Эълон қилган нарсангиз тармоқларда тарқаб кетди?! Шаҳар бедарвоза эмас?! Ва ҳоказо...
Яхшигина писанда оҳангидаги «мужда»ни ҳазм қилиб улгурмасимиздан «Бош прокуратура МИБ қайта ташкил этилиши ҳақидаги хабарларни инкор этгани» етакчи сайтлардан бирида пайдо бўлди. Алламаҳалга бориб, яна бир сайтда муҳтарама Сурайё Раҳмонова номидан «Бош прокуратура матбуот хизматининг расмий ахбороти» ҳам эълон қилинди. Ва бу ёғи ке-етди: вазият шу даражага бордики, ёш, серғайрат, тажрибасизлигини тез-тез намоён этиб турадиган ҳамкасбимизга тегишлилиги айтиладиган сайтда қуйидаги хабар чиқди: «Бош прокуратура xabar.uz нашрини миш-миш тарқатишда айблади!»
Оммавий ахброт воситаларида тарқалаётган муайян хабар-мақолаларга тезкорлик билан муносабат билдиришда Бош прокуратура матбуот хизмати кўпгина давлат органлари «матбуот хизмати»га намуна бўлаётгани бор гап. Бу ҳақли эътирофга лойиқ, албатта. Бироқ норасмий маълумот билан расмий маълумот фарқини ажратиб, шунга монанд муносабат билдирилса, ортиқча тушунмовчиликка ўрин қолмайди. Шу маънода сайтимиз миш-миш тарқатгани йўқ, балки манбамиз (таъкидлаймиз: у асло прокуратурада эмас, «прокуратурадаги ўз манбасига таяниб» деган гапнинг ўзи йўқ хабарда!) Мажбурий ижро бюроси фаолиятида ўзгаришлар бўлиши эҳтимолдан холи эмаслигини билдирди ва бу оммага эълон қилинди. Бу хабар расман тасдиқланиши мумкин ёки йўқ. Тамом.
Ҳар куни дунё бўйича озмунча хабар тарқайдими? Уларнинг қанчаси расман тасдиқланади, қанчаси эса йўқ... Илло уларни тарқатган нашр мутасаддилари оёғини ерга теккизмай «тиқиб» қўйилмайди ёки бошқа турдаги жавобгарликка тортилмайди. Бу ҳол аллақачон ижтимоий ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Қолаверса, бугун расман инкор этилган хабар эрта-бир кун расман тасдиғини топган ҳолатлар ҳам кам эмас (собиқ Бош прокурор ва унинг собиқ ўринбосарлари ҳибсга олинишига оид шов-шувларни эсланг!). Ёки расмий идораларнинг раддияларидаги маълумотлар бир неча кун ўтмасидан тасдиғини топмагани, аслида эса дастлабки манбаларнинг хабарлари рост бўлиб чиққан ҳолатларчи? Бу ҳолда расмий идора ёлғон раддия тарқатгани учун жавобгар бўладими? Шундай экан, норасмий хабарларни қип-қизил ёлғонга чиқариб, «шов-шув ортидан қувиш ва маълумотни ким биринчи бўлиб тарқатишга интилиш»ни «номақбул пойга»га қиёслаш, бизнингча, нотўғри. Оммавий ахборот воситалари «шов-шувлар» билан тирик, маълумотни ким биринчи тарқатса — улоқ ўшанда! Айни омил тугал англаб етилмагунча оммавий ахборот воситаларига нисбатан эскича қараш, фақат расмий маълумотларни пеш қилиб, норасмийларини «миш-миш»га менгзаб, бунга жавобгарлик мавжудлигини писанда қилишдек амалиёт давом этаверади.
Тарқатилаётган маълумотлар қип-қизил ёлғон ва туҳмат бўлса, бу бошқа гап: жавобгарлик нақдлиги ҳеч ким инкор этмайди. Образли қилиб тушунтирсак, прокурор гажакдор имзоси билан тасдиқлаган «айблов хулоса»нинг судда тасдиғини топмаслиги ёки бирор терговчининг «жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарори» бекор қилиниб, жиноят иши қўзғатилиши ёинки фуқаролик суди унда иштирок этган прокурорнинг хулосасига тескари қарор чиқариши олдида норасмий маълумотнинг расман инкор этилиши ҳеч нарса эмас. Ижтимоий ҳаётнинг оддий жараёни бу, аслида.
Дарвоқе, кеча оқшом Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари биз билан боғланиб, «МИБ ўзининг "мажбурий" мақомидан айрилиши мумкин» мақоласига нисбатан электрон манзилимизга «Муносабат» юборилганини айтар экан, «Биз берган баёнотдан келиб чиқиб, мақолани қайта кўриб чиқишни» алоҳида сўраганди. «Расмий баёнот» шаклидаги мазкур муносабат-ҳисоботда Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси қачон ташкил топгани, фаолиятининг асосий йўналишлари, амалга оширилган ишларга оид маълумот-рақамлар ва уларнинг собиқ суд департаменти пайтидаги аҳволию таққосларига кенг ўрин берилибди. Шунингдек, сайт бюро фаолиятига оид маълумотлар тарқатилишида қонунчилик меъёрларига риоя этилмагани ҳам таъкидланиб: «бир томонлама ёндишув орқали ёритилаётган хабарлар фуқароларимизнинг Бюро органларига бўлган муносабатини ўзгартиришга ва турлича ёндашувни уйғотишга сабаб бўлмоқда» дея ҳукм-хулоса ясалади. Келинг, тан олайлик, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларсиз ҳам МИБ фаолиятига «ҳамду сано» ўқилаётгани йўқ. «Xabar.uz» сайтида чиққан «МИБ: «Қарзингиз бўлса нохуш вазиятга тайёр туринг... » (23 февраль ) ва «МИБ ўзининг «мажбурий» мақомидан айрилиши мумкин» (17 март) мақолалари бунинг кичик ҳосиласи, холос. «Бюро органларига бўлган муносабатини ўзгартиришга ва турлича ёндашувни уйғотишга» сабабни кулчадек иккита мақоладан эмас, жилла қурса, МИБ ташкил топгандан бери мингдан зиёд ходимлар ишдан бўшатилганидан (улар қандай асослар билан бўшатилгани алоҳида мавзу!) қидирилса, бизнингча, мақсадга мувофиқ бўларди. Қолаверса, ҳар икки чиқишда асосий урғу — ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ҳисобланмиш прокуратуранинг МИБ сабаб тижоратлашувига берилганди. Беҳуда баҳсдан кўра масаланинг мана шу оғриқли нуқтаси хусусида фикр юритилиб, унинг самарали ечими борасида асосли таклифлар берилгани маъқул эмасми?!
Хўп, МИБ ташкил топгандан бери озмунча ишларни амалга оширмабди, ижро институти сифатида бир қадар ўзини кўрсатибди ҳам. Яхши. Бироқ бу тизимдаги мавжуд муаммоларни хастпўштлашга имтиёз бермас-ов...
Тўғри, сўз айтиш катта масъулият, бунинг юки қанчалик залворли эканини кунлик фаолиятимиз ҳар қадамда эслатиш не, ҳис эттириб туради. Бу жараёнда муайян хато-камчиликлар учраб туриши табиий. Ишламаган одамгина хато қилмаслиги мумкин. Бироқ унутмаслик керакки, фикр айтиш — ҳуқуқ, илло бировнинг муруввати эмас. Ўша фикрга хоҳланг қўшилинг, хоҳланг — йўқ. Ёки бирорта нашрда чиққан норасмий маълумот тасдиқлансин-тасдиқланмасин, буям фожиа эмас. Қолгани эса вақт ҳукмидаги масала.
Вассалом.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter