Ногиронлар жамияти раҳбари: «Мутасаддилар тезроқ чиқиб кетишимизни сўрашяпти. Лекин қаерга кўчамиз?»
Тошкент давлат педагогика университетида ташкил этилган бир тадбирда партиямиз раҳбарларидан бири ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли манфаатини ҳимоя қилиш, уларга ҳар томонлама ёрдам бериш партиянинг диққат-эътиборида эканини таъкидлаб, «Бугун Сизларни қандай муаммолар қийнаяпти?» тарзида ўртага савол ташлади.
Ўнлаб юртдошларимиз қўл кўтарди...
Очиғи, катта-катта давраларда имконияти чекланган фуқароларимизни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари яратилган деб, жар соларканмизу аммо ижро масаласига келганда...
— Юнусобод тумани ҳокимлиги олти йилдан буён туман ногиронлар жамиятини жой билан таъминлаш масаласини ортга суриб келмоқда, — дейди жамиятнинг Юнусобод бўлими бошлиғи Бахтиёр Исмоилов. — Узоқ йиллар давомида биз фаолият олиб борган биномиз 2014 йилда бошқа ташкилотга бериб юборилди. Шундан кейин Тошкент шаҳар бинолардан фойдаланиш департаменти, туман ҳокимлигига мурожаат қилдик. Аммо ҳар гал бир хил жавоб олардик. Фақат 2017 йилга келиб, бир маҳалла идораси жойлашган бино ертўласидан жой ажратиб беришди. Лекин у ерга жамият ихтиёридаги ҳужжатларни кўчирдик, холос. Ўзимиз яна кўчада қолдик.
Ниҳоят, 2018 йили Юнусобод туманининг ўша пайтдаги ҳокими 14-даҳа, 1-уйдан иккита хона ажратиб берди. Бу ерда илгари «Юнус ота» маҳалла идораси жойлашган, улар бошқа жойга кўчаётганларида ички хоналарнинг эшик ва ромлари, ҳатто «розедка»ларини ҳам кўчириб кетишган экан. Нима бўлса ҳам жой топилганига хурсанд бўлиб, камчиликларга кўз юмдик. Шундан кейин ҳомийлар топиб, ташландиқ бинони таъмирлашга қарор қилдик. Бироқ кутилмаганда туман ҳокими ўзгарди, мутасаддилар эса бизга бошқа жойга кўчишимиз зарурлигини айтиб қолишди. Сабабини суриштирсак, бу жой бошқа ташкилотга бериладиган бўлибди.
Яна туман ҳокимлигига қатнай бошладик. Қанча ҳаракат қилмайлик ҳокимимиз Раҳмонбек Усмоновнинг қабулига киришнинг иложи бўлмади. Ҳар сафар турли баҳоналар билан йўлимиз тўсилаверди. Ҳоким ёрдамчиларининг «марҳамати» билан фақат ижтимоий таъминот бўлимигача борардик, холос. Бу масалада Тошкент шаҳар ҳокимлигига ҳам мурожаат қилган бўлсак-да, арзимиз яна Юнусобод туман ҳокимлигининг ижтимоий таъминот бўлимига келиб тушаверарди.
Тўғри, бу орада бизга иккита манзилдан жой кўрсатишди. Улардан бири жуда ҳам тор бўлиб, фақат стол-стул зўрға сиғарди. Иккинчиси эса бошқа бир маҳаллага тегишли эди. У ерни хусусий ташкилот ижарага олган, ижара пулидан эса маҳалланинг коммунал тўловлари қопланар экан. Бундан ҳам ёмони бизга кўрсатилган ушбу жойга ногирон, кўзи ожиз фуқаролар бировларнинг ёрдамисиз боролмаслигида эди. Айни пайтда эшик-роми бўлмаса-да, хонамиз шундоқ катта йўл бўйида, бекатга яқин жойлашган. Ногиронлар келиб-кетишга қийналишмайди.
Ҳар душанба қабул кунимиз. Бу ерга 25-30 нафар имконияти чекланган фуқаролар йиғилишади. Ютуқларимиз, муаммоларимиз билан ўртоқлашамиз, кимдир Брайль алифбосидаги китобларни ўқийди...
Бу ернинг шарт-шароитларини ҳокимият кўмагисиз ҳам яхшилаб олишимиз мумкин. Аммо омонат ўтирибмиз. Мутасаддилар тезроқ чиқиб кетишимизни сўрашяпти. Лекин қаерга кўчамиз? Бу саволга 2014 йилдан буён жавоб йўқ. Баъзан ўйлаб қоламан, балки ҳокимимиз Р.Усмановнинг шундай шароитда эканимиздан хабари йўқдир. Агар хабар топганда биз бунчалик овора бўлмасмидик...
Юнусобод туман ногиронлар жамияти раҳбари Б.Исмоиловнинг гапларини эшитиб, жамиятнинг 2018 йилдан буён эшик-ромсиз хонада фаолият кўрсатаётганига ишонмадим. Балки шунча йил сарсон юрган жамият раҳбари жаҳл чиққанида бироз ошириб юборгандир, деган ўй билан фотокамерани кўтариб, жамият раиси ҳамкорлигида ўша манзилга бордим. Ҳақиқатан ҳам ички хоналар эшик-ромсиз. Электр симлари тартибсиз ҳолатда. Лекин бу ер ростдан ҳам ногиронларнинг келиб-кетишига жуда қулай экан. Катта йўл бўйи, жамоат транспортлари серқатнов, бино эса шундоқ бекатнинг ёнида.
Мамлакатимизда халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозимлиги таъкидланаётган бир пайтда пойтахтимизнинг қоқ биқинида шундай ҳолат юз бераётганига чиндан ҳам ишониш қийин. Ушбу мақолани қоғозга тушираётиб, балки чиндан ҳам туман ҳокими Р.Усмоновнинг юқоридаги ҳолатдан хабари йўқдир, деган фикрга бордик. Аммо бугунги кун раҳбари, айниқса, ҳокимнинг ўз ҳудудида бир гуруҳ ногиронларга шундай муносабатда бўлаётганларидан хабарсиз бўлиш мумкинми, деган фикрга бордигу хулоса чиқаришга шошилмасликка қарор қилдик. Ажабмас, ушбу мақола сабаб ҳоким реал ҳолатдан хабар топса...
Равшан Маҳмудов,
ЎзМТДП Марказий кенгаши бош мутахассиси
(манба: «Миллий тикланиш» )
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter