Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нодирбекнинг истеъдодини увол қилмайлик, уни тинч қўяйлик...

Нодирбекнинг истеъдодини увол қилмайлик, уни тинч қўяйлик...

Маълумки, кеча 17 ёшли гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов — рапид (тезкор шахмат) йўналишида жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Platformauz канали мазкур ғалаба юзасидан ўз муносабатини эълон қилди.

«Яқин тарих гувоҳ: у спорт бўладими ёки бирор фан олимпиадаси бўладими бизда қанчадан қанча жаҳон чемпионлари чиққан. Лекин эскича қолиб кетган қараш туфайли уларнинг истеъдодига, ўз устида ишлашига тўсқинлик қилганмиз. Масалан, 2016 йилги Олимпиада чемпионларимизни олайлик!

Ўша натижадан кейин спортчиларимиз тадбирма тадбир юраверди, юраверди, юраверди... Турли маросимларда олд қаторларда ўтиришди, тинмай у журналистдан бунисига, бунисидан наригисига интервью берди.

Ўзбекистонда неча ташкилот борки, ҳаммасига меҳмон сифатида таклиф қилинди. Ҳаттоки маънисиз концертларгаям тушишга мажбур қилиб қўйдик. Уларнинг ўз устида ишлашига имкон бермадик. Шу билан охирги Олимпиададаги натижани кўриб турибсиз.

Ёки боксчимиз Руслан Чагаевни олайлик. Валуев устидан ғалаба қозонганидан кейин бир йил тўхтовсиз мажбурий тадбирлар билан банд қилдик. Шахматчимиз Рустам Қосимжонов ҳам Жаҳон чемпиони унвонини сақлаб қолиши мумкин эди. Унгаям тўзим бермадик. Хуллас, бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Энди Нодирбек Абдусатторов ҳақида. Тўғри, эртага уни аэропортда карнай-сурнайлар садоси остида юзлаб мухлислар олқишида кутиб оламиз. Катта маросимлар ўтказиб, унинг, яқинларининг шаънига илиқ гаплар айтамиз, совғалар берамиз.

Йил давомида Тошкентда бўлган вақти тадбирлар ўтказиб, телевизордан туширмаймиз. Бундай «кун тартиби» уни мағлубиятга учрашига олиб келади. Буни юқоридаги бошқа спортчиларимиз ҳаёти мисолида айтиб ўтдик.

Нодирбекнинг истеъдодини увол қилмайлик, уни шунчаки тинч қўяйлик. У ҳам Магнус Карлсенга ўхшаб 4-5 йил давомида чемпионликни ҳимоя қилишига шароит яратиб берайлик. Шунда америкалик Майкл Фельпсга ўхшаган чемпионлар авлодининг навбати узилмайди.

Сўзим якунида ёш чемпион барчамизга яна бир карра муборак бўлсин!».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг