Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нодирбек «Tata Steel Chess» турнирида совриндор бўлди

Нодирбек «Tata Steel Chess» турнирида совриндор бўлди

Икки ҳафта давомида Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳри мезбонлик қилган шахмат бўйича анъанавий «Tata Steel Chess-2025» мусобақаси ўз якунига етди.

Кеча сўнгги 13-турда «Мастерс» гуруҳида 3-ўринни эгаллаб турган Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда ҳиндистонлик Пентала Ҳарикришнага қарши баҳс олиб борди ва дуранг натижа билан кифояланди. Агар Нодирбек ушбу партияда ғалаба қозонганида, чемпионлик тай-брек учрашувларида ўйнаш имкониятини қўлга киритарди.  

Бунга амалдаги жаҳон чемпиони Гукеш Доммараджунинг 13-турда оқ доналарда ўйнашига қарамай, ватандоши Аржун Эргаисига имкониятни бой бергани сабаб бўлди. Иккинчи ўриндаги Рамешбабу Прагнанандҳа ҳам сўнгги турда германиялик Винсент Кеймерга ютқазиб қўйди. Нодирбек Абдусатторов эса асосий рақиблари тақдим этган бу имкониятдан унумли фойдалана олмади.

Агар Абдусатторов ўз партиясида ғалаба қозонганида, уч гроссмейстер иштирокидаги тай-брек партияларига гувоҳ бўлар эдик. Саккиз яримтадан очко жамғарган Гукеш ва Рамешбабу ўртасидаги тай-брекда кутилмаганда Прагнанандҳа 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб, «Tata Steel Chess-2025» чемпионига айланди. Гукеш иккинчи ўринни банд этган бўлса, Нодирбек Абдусатторов 8 очко билан совринли учинчи поғонани эгаллади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг