Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Нима сабабдан давлат хизматлари кўрсатишда қонун бузилишига йўл қўйилмоқда?

Нима сабабдан давлат хизматлари кўрсатишда қонун  бузилишига йўл қўйилмоқда?

Ҳар бир инсон кунда-кунора иш юзасидан давлат идораларининг эшигини тақиллатиб боришга мажбур. Идора ўз вақтида фуқаронинг ҳожатини чиқарса хўп-хўп. Аксинча бўлса-чи?

Шу жойда, фуқароларнинг юмушларини тез, осон ва сансалорликсиз  битирадиган, идорама-идора юришларга барҳам берадиган тизим — Давлат хизматлари марказларининг ўрни яққол билинади.

Ўзбекистон президенти ташаббуси билан Халқ қабулхоналари ҳузурида ташкил этилган Давлат хизматлари марказлари айнан аҳолининг оғирини енгил қилишга, уларнинг идорама-идора сарсон бўлиб юришларининг олдини олишга, давлат идораларининг халққа хизмат қилишига қаратилган ўзига хос тузилмадир.

Давлат хизматлари марказларининг вазифаси, аҳамияти нимада?

Бу аввало аҳоли ва тадбиркорларга давлат хизматларини бир жойда, тезкор, шаффоф ва қулай усулларда кўрсатишдир.

Яшириб нима қилдик, айрим давлат хизматчиларининг бепарволиги, масъулиятсизлиги ва сусткашлиги натижасида ўз мурожаатига вақтида ва белгиланган тартибда жавоб ололмай сарсон бўлиб юрган юртдошларимиз оз эмас.

Давлат хизматлари агентлигининг вазифаларидан бири айнан давлат хизматларини кўрсатиш тартиби ҳамда муддатларини бузган давлат хизматчиларига нисбатан тегишли таъсир чоралари қўллашда намоён бўлади.

Мисолларга ўтамиз.

2018 йилнинг ўтган даври мобайнида давлат идоралари томонидан давлат хизматларини кўрсатишда 80 мингдан ортиқ қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди. Масалан, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматини кўрсатишда Сурхондарё вилоятида 16 минг, Тошкент вилоятида 11 минг, Тошкент шаҳрида 8 минг, Самарқанд вилоятида 7 мингдан ортиқ ҳолатларда қонун бузилишларига йўл қўйилган.

Шундан 69 044 та ҳолатда аризаларни кўриб чиқиш муддати бузилган, 2 741 та ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилинган, 3 378 та ҳолатда Давлат хизматлари марказлари орқали эмас, балки тўғридан-тўғри давлат хизмати кўрсатилган, 448 та ҳолатда асоссиз равишда рад этилган ва 6 940 та ҳолатда бошқа қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилган.

Аниқланган ҳолатлар бўйича ваколатли идораларга 909 та мажбурий бўлган тақдимнома ҳамда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўймаслик юзасидан 981 та огоҳнома киритилди. 1,5 мингга яқин айбдор шахсларга нисбатан маъмурий иш ҳужжатлари расмийлаштирилди.

Натижада 787 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 81 нафари эгаллаб турган лавозимидан бўшатилди.

Бундан ташқари, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бузганликлари учун 1 469 нафар давлат хизматчилари маъмурий жарима жазосига тортилди. Ушбу ҳолат идоралар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп кўрсаткич кадастр идораларида (355 нафар ходим) кузатилди. Архитектура ва қурилиш идорларида ишловчи 211 нафар, маҳаллий ҳокимликларнинг 127 нафар масъул ходимлари маъмурий жаримага тортилди.

Албатта, айбдорлар жазосини олди ва оляпти. Бироқ бир жиҳат бизни кўпроқ хавотирга солмоқда. Давлат хизматлари кўрсатишда йўл қўйилаётган биттагина хато, қонун бузилиши ҳам халқимизнинг ушбу тизимга ишончи йўқолишига сабаб бўлишини айрим ваколатли органлар ҳалигача тушуниб етишмаяпти.

Шу ўринда, давлат хизматларини кўрсатувчи ваколатли органлар давлат хизматларини кўрсатишда йўл қўйилган ҳар қандай ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик муқаррар эканлигини билиб олишлари лозим.

Айбдор ходимларни жавобгарликка тортгани билан фуқаронинг иши битмаса, мушкули осон бўлмаса бундан мантиқ йўқ, албатта.

Шунингдек, маъмурий жазо жавобгарликка тортиш чораси ҳисоблансада, у маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсни қонунларга риоя этиш ва уларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, шунингдек ана шу ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам янги ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилишини ёддан чиқармаслигимиз керак.

«Касални даволагандан кўра, унинг олдини олган осонроқ», шу боис ҳам Давлат хизматлари агентлиги давлат хизматлари кўрсатувчи идораларнинг масъул ходимлари ўртасида профилактик тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Хусусан, Агентлик томонидан давлат хизмати кўрсатувчи ходимларнинг базаси шакллантирилиб, давлат хизмати кўрсатишда юзага келаётган ва уларни қийнаётган муаммолар биргаликда ҳал қилинмоқда.

Жойларда ўтказилаётган ҳуқуқий-тарғибот тадбирларида ҳам давлат хизматларини кўрсатиш тартиблари, ҳуқуқбузарликларга йўл қўйишнинг оқибатлари ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Илҳом Абдусатторов,
Давлат хизматлари агентлигининг бошқарма бошлиғи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг