Наманган аэропортида учиб келиш терминали очилди
1 сентябрь куни реконструкциядан сўнг Наманган шаҳрида халқаро аэропортнинг учиб келиш терминали очилди, деб хабар берди Uzbekistan Airports матбуот хизмати.
Янгиланган терминал Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Екатеринбургдан HY9830 рейсининг дастлабки 171 нафар йўловчисини ва Тошкентдан Silk Avia US501 рейсининг 63 нафар йўловчисини қабул қилди.
Учиб келиш залида йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг умумий майдони 720 кв.м дан 1756 кв.м гача ошди. Шундан 1365 кв.м. — халқаро рейслар йўловчиларига ва 391 кв.м. — ички рейсларга хизмат кўрсатиш учун. Шу тариқа, терминалнинг ўтказиш қобилияти 3 бараварга ошди: 100 дан энг тиғиз вақтда 300 нафар йўловчига хизмат кўрсата олади.
Реконструкция доирасида учиб келиш терминалига янги багаж ленталари, чегара назорати кабиналари, тежамкор сув иситкичлари, совитиш тизимлари ва ерости иситиш радиаторлари ўрнатилди.
Аэропорт терминали устига энергия тежовчи қуёш панеллари ўрнатилди, улар терминалнинг умумий эҳтиёжининг 30 фоизигача электр энергиясини таъминлайди. Бундан ташқари, 100 та тўхташ жойига мўлжалланган янги автоматлаштирилган автотураргоҳ очилди.
Терминални маҳаллий материаллардан кенг фойдаланилган ҳолда йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати бўйича халқаро стандартларга жавоб берадиган барча шарт-шароитларни яратадиган қилиб қурдик, — дейди Наманган халқаро аэропорти директори Қобилжон Абдуназаров.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter