Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи ГЭС фойдаланишга топширилди

Мустақил Ўзбекистон тарихида биринчи ГЭС фойдаланишга топширилди

«Туябўғиз» кичик гидроэлектр станцияси фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда «Халқ сўзи online» хабар бериб ўтди.

Охирги ўн йилда мамлакатимиз аҳолисининг электр энергиясига бўлган талаби қарийб ўн баробар ошди. Бироқ мавжуд қувватларнинг техник жиҳатдан эскиргани, хусусан, сув-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланилмагани оқибатида электр токига ортиб бораётган эҳтиёжни узлуксиз таъминлашда муаммолар юзага келаётган эди.

Ана шундай мураккаб бир пайтда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ташкил этилиб, унинг зиммасига 2017-2021 йиллар ичида 42 янги ГЭС бунёд этиш, мавжудларини модернизация қилиш вазифаси юклатилди. Бундан кўзланган асосий мақсад 2025 йилгача экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмини 1,7 баробарга ошириб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари арзон ва узлуксиз электр етказиб беришдир.

Туябўғиз сув омбори қошидаги ушбу кичик ГЭС бу борада рўёбга чиқарилган дастлабки лойиҳадир. Қолаверса, у мустақил Ўзбекистон тарихида фойдаланишга топширилган биринчи ГЭС эканлиги билан алоҳида аҳамиятга эга.

— ГЭС лойиҳавий қиймати 15,8 миллион долларга тенг бўлиб, шундан 8,1 миллион доллари ХХР «Эксимбанк» и томонидан молиялаштирилди, — дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган энергетик Акром Иргашев. — Туябўғиз сув омбори қошидаги ушбу кичик ГЭС ўн тўрт ой ичида қуриб битказилди. Илгари бундай иншоот барпо этиш учун камида уч йил вақт сарфланар эди.

Мутахассисларнинг айтишича, ГЭСнинг умумий қуввати 11,4 МВтга тенг. Бу йилига ўртача 41,2 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилиб, 1 минг 600 та хонадоннинг электр токига бўлган эҳтиёжи тўлиқ таъминланади, деганидир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг