Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Murojaat.gov.uz платформаси ишга туширилди

Murojaat.gov.uz платформаси ишга туширилди

Бу билан аҳолига маҳалладан туриб барча давлат органларига мурожаат қилиш имкони яратилди

Давлатимиз раҳбари асос солган виртуал қабулхона ва Халқ қабулхоналари институти халқ билан очиқ, тўғридан тўғри ва доимий мулоқотни ташкил этиш, ҳар бир инсон учун ҳар қандай ариза, шикоят ёки таклиф билан бевосита Ўзбекистон Президентига бевосита мурожаат этиш имкониятини яратди. Қарийб олти йил давомида Президент виртуал қабулхонаси тизимига келиб тушган қарийб 7 миллион 315 минг мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 4 миллион 326 мингдан зиёди (59,1 фоизи) қаноатлантирилгани мамлакатимизда ҳар бир инсоннинг мурожаат қилиш ҳуқуқи рўёбга чиқарилиши учун энг қулай шарт-шароитлар яратилганининг яққол исботи бўлиш билан бирга, Президент виртуал қабулхонаси тизими аҳоли муаммоларини ҳал этишнинг самарали механизми сифатида ҳаётда ўзини оқлади, дейиш учун ҳам етарлича асосдир.

Албатта, ҳаёт бир жойда тўхтаб турмайди. Бинобарин, давлатимиз раҳбари белгилаб берган инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш, мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш борасидаги стратегик мақсадларга эришиш, биринчи навбатда, маҳалладан туриб барча давлат органларига мурожаат қилиш ҳамда уларнинг раҳбарлари билан мулоқот қилиш тизимини яратиш билан чамбарчас боғлиқдир. Бинобарин, кенг жамоатчилик муҳокамаси натижасида «Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга  оид давлат дастурида халқ билан очиқ мулоқот механизмларини янада такомиллаштириш, маҳалладан туриб барча давлат органларига мурожаат қилиш ҳамда уларнинг раҳбарлари билан мулоқот қилиш тизимини яратиш бўйича вазифалар белгиланган эди.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган норма ва вазифалар ижроси доирасида Президент Халқ қабулхоналари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамкорлигида давлат органлари ва ташкилотларига келиб тушган мурожаатларни рўйхатга олиш, уларни кўриб чиқиш ва натижасини назорат қилиш бўйича Мурожаатлар билан ишлашнинг ягона онлайн платформаси – murojaat.gov.uz портали яратилиб, 1 сентябрь куни тест режимида ишга туширилди. Асосий мақсад – вазирликлар, қўмиталар, идоралар ва ҳокимликларга келиб тушган мурожаатларни жамловчи марказлашган тизимни яратган ҳолда уларни кўриб чиқиш муддати ва сифати устидан рақамли назорат ўрнатиш, аҳолининг кундалик турмуш тарзига бевосита таъсир қилувчи масалалар бўйича мурожаатлар тезкор ва сифатли кўриб чиқилишини таъминлаш, маҳалла институтини жамоатчилик бошқаруви ва назоратининг таянч бўғинига айлантиришдан иборат.

Шиддатли давр тақозоси

Хўш, мурожаатлар билан ишлашнинг Ягона онлайн платформасига эҳтиёж нимадан келиб чиқди? Бу платформани ташкил қилишнинг асосий сабаблари нимада?

Маълумки, ўтган қарийиб олти йил давомида аҳоли асосан беш манба – беш механизм орқали бевосита давлат раҳбарига мурожаат юбориш имкониятидан фойдаланмоқда:

– Қўнғироқларни қабул қилиш марказидаги 10-00 ёки 0-800-210-00-00 телефон рақамига қўнғироқ қилиш;

– Президент виртуал қабулхонаси сайти – pm.gov.uz сайтига электрон мурожаат қолдириш;

– Президент Халқ қабулхоналарига бориб, мурожаат қилиш;

– Президент почтасига ёзма хат юбориш;

– оммавий, сайёр ва шахсий қабулларга бориб, давлат органлари раҳбарлари билан юз-юз мулоқот қилиш.

Бу беш механизм орқали келиб тушган мурожаатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмаси ва Халқ қабулхоналари томонидан қабул қилиниб, сараланиб, тегишли ташкилотларга аниқ муддатли топшириқ билан юборилиб, уларнинг кўриб чиқилиши ва масалалар ҳал қилиниши устидан тизимли мониторинг-у назорат амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига юборилган мурожаатлар шу давлат органлари томонидан « - r» («Раҳбарга мурожаат») индекси билан рўйхатга олиниб, кўриб чиқилмоқда. Мазкур давлат органлари, идоралар ва ташкилотларнинг бевосита ўзларига келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш борасидаги фаолиятини ўрганишлар, Президент виртуал қабулхонасига келаётган мурожаатлар таҳлили «- r» индексли мурожаатлар кўриб чиқилиши устидан етарлича мониторинг ва назорат ўрнатилмаганини, бу бўйича ҳатто ўз вақтида жавоб хатлари ҳам берилмаётган ҳолатлар ҳам тез-тез учраётганини, бунинг оқибатида кўплаб одамлар маҳалла ё туман-шаҳарнинг ўзида ечим топиш имкони бор масалалар юзасидан ҳам фақат давлат раҳбарига мурожаат йўллашга мажбур бўлаётганини кўрсатмоқда.

Қолаверса, Республика ишчи гуруҳларининг ҳудудлардаги оммавий қабулларида ҳам аҳоли ҳамон оддий-оддий масалаларга ечим сўраб вазирлик масъулларига мурожаат қилаётгани ҳам, биринчи навбатда, қуйи бўғинлардаги раҳбарларнинг мурожаатлар билан ишлаш бўйича шахсий жавобгарлиги ва масъулиятини оширишни, қолаверса, аҳолига маҳалладан туриб барча давлат органларига мурожаат қилиш, хусусан, раҳбарлар билан видеоалоқа орқали мулоқотни босқичма-босқич ташкил этиш, бунда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхоналарининг маҳаллалар билан самарали алоқаларини йўлга қўйишни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда.

Халқ қабулхонасидан видеомурожаат

Айни пайтда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, 20 дан ортиқ мутассади ташкилотлар билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Мурожаатларни кўриб чиқиш ва назорат қилиш жараёнларига рақамли технологияларни кенг жорий қилиш тўғрисида» қарори лойиҳасини тайёрланди. Мазкур қарор лойиҳаси билан барча маҳалла фуқаролар йиғини биносини ушбу жараёнларга босқичма-босқич тайёрлаб бориш, уларни зарур техник воситалар билан таъминлаш, масъул ходимларни Ягона онлайн платформада ишлаш бўйича малакасини ошириш каби чора-тадбирлар белгилаб олинган.

Энди мурожаатчилар давлат органлари раҳбарларига видеоалоқа орқали мурожаат қилиш учун ўзи яшайдиган маҳалла фуқаролар йиғинига шахсан ташриф буюрган ҳолда давлат органига видеоалоқа орқали мурожаат қилиш учун сўровнома юборади.

Бунда:

– мурожаатчи ўзи истиқомат қилувчи ҳудуддаги маҳалла фуқаролар йиғинига шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан келади;

– маҳалла фуқаролар йиғинининг масъул ходими мурожаатчини Ягона онлайн платформа орқали шахсини тасдиқловчи ҳужжатига асосан рўйхатдан ўтказади, боғланиш учун телефон рақами, мурожаатнинг қисқача мазмуни ва мурожаатга тегишли маълумотлар (умумий ҳажми 5 мегабайтдан ошмаган) бор бўлса, илова қилган ҳолда ариза шакллантиради;

– ҳудуддаги туман/шаҳар Халқ қабулхонасини ва мурожаат йўлланилиши зарур бўлган давлат органини танлайди;

– маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходими мазкур аризага ўзига тегишли алоқа маълумотларини бириктириб, белгиланган давлат органига юборади;

– мурожаатчилар юборган ҳар бир сўров юзасидан ташкиллаштирилган видеоалоқалар, давлат органи томонидан мурожаатни кўриб чиқилиши ва бошқа маълумотлар маҳалла фуқаролари йиғинининг Ягона онлайн платформадаги кабинетида акс эттириб борилади.

Якунда Мурожаатчи видеоалоқа бўйича хабар хати кўрсатилган видеоалоқа ўтказиладиган куни видеоалоқа бошланишидан 30 дақиқа олдин тегишли Халқ қабулхонасига шахсини тасдиқловчи ҳужжати ва давлат органи томонидан видеоалоқа орқали мурожаат қабул қилиши санаси ва вақти кўрсатилган хати билан келади ва маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимига тақдим этади.

Халқ қабулхонаси масъул ходими ушбу фуқарони Ягона онлайн платформадан рўйхатдан ўтган сўрови бўйича белгилайди ва тегишли давлат органи билан видеоалоқани ташкиллаштириб беради. Бунда Халқ қабулхонаси масъул ходими мурожаатчига видеоалоқа орқали мурожаат йўллаш вақтида видеоалоқа қурилмаларидан фойдаланиш бўйича тушунчалар беради.

Ушбу тизим орқали давлат органига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонасидан ташқари барча манбалардан келиб тушган (ташкилотнинг расмий веб-сайти, почта алоқаси, идоравий ишонч телефони, фуқароларнинг ўзи келган ёки раҳбар ва мансабдор шахсларнинг қабулида бўлган ҳолдаги) ҳамма мурожаатлари Ягона платформада рўйхатга олиниши, уларнинг кўриб чиқилиши ва кўриб чиқиш натижалари назорат қилиб борилиши таъминланади.

Ягона онлайн платформада мурожаат рўйхатга олингач, мурожаатчи кўрсатган мобиль телефон рақамига мурожаат рақами бўйича тегишли СМС хабарнома жўнатилади. Ушбу хабарномадаги рақам орқали Ягона онлайн платформада мурожаатнинг статусини кузатиб бориш имкони бўлади.

Бугунги кунда 100 дан ортиқ давлат органларининг мурожаатлар билан ишлайдиган 900 нафардан ортиқ мутахассислари ушбу тизимда ишлаш бўйича тегишли ўқувларга қамраб олинди, уларнинг бу борадаги билим ва малакаси оширилди. Жорий йил 1 сентябрдан давлат органлари Ягона онлайн платформада барча мурожаатларни рўйхатга олиб боришни бошлади.

Таҳлил имконияти оширилди

Murojaat.gov.uz платформасининг яна бир қулайлиги – Президент Халқ қабулхоналари учун қўшимча равишда статистик ҳисоботларни шакллантириш тизими такомиллаштирилгани, статистик ва таҳлилий ахборотдан фойдаланиш имкониятини бошқариш функциялари яратилгани билан боғлиқ. Жумладан, бу билан мурожаатлар классифаторини юритиш функциялари такомиллаштирилди. Мурожаатлар классификаторларининг мавзули бирликларини (йўналиш, масала, тасниф) ва уларнинг ўзаро боғлиқлигини, бирининг иккинчисига мансублигини таҳрирлаш, бирлаштириш, кўчириш имкониятлари яратилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида Ягона онлайн платформада:

–             мурожаатлар энди давлат идораларининг энг қуйи тизимлари томонидан ҳам рўйхатга олиниб, таҳлил қилинади;

–             ташкилот веб-сайти, почта алоқаси, ишонч телефони, сайёр қабул ва раҳбар қабулига келган фуқаро мурожаатларини рўйхатга олиш орқали ягона база шакллантирилади;

–             статистик ҳисоботларни шакллантириш янада такомиллаштирилади;

–             юқори турувчи инстанциялар томонидан барча давлат органлари кесимида мурожаатларни кўриб чиқиш ва «рақамли назорат» олиб бориш имконияти пайдо бўлади;

–             ҳар бир босқичда мурожаатни кўриб чиқиш ҳолати бўйича фуқарони хабардор қилиб бориш механизми ишга тушади;

– давлат органлари ва ташкилотларнинг мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича рейтинги шакллантирилиб, оммавий шаклда ёритиб борилади.

Ягона онлайн платформага келиб тушган мурожаатлар таҳлили асосида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг энг долзарб муаммолари рўйхати тузилиб, ушбу муаммолар юзага келиши сабаб бўлаётган соҳалар ўрганилади. Мазкур тармоқларга тегишли давлат хизматларини электрон шаклга ўтказиш ёки уларни янада соддалаштириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади.

Мухтасар қилиб айтганда, давлат органлари ва ташкилотларига келиб тушган мурожаатларни рўйхатга олиш, уларни кўриб чиқиш ва натижасини назорат қилиш бўйича Мурожаатлар билан ишлашнинг ягона онлайн платформаси – murojaat.gov.uz портали энг аввало аҳолига маҳалладан туриб барча давлат органларига мурожаат этиш, Халқ қабулхонасига келиб,  вилоят ва республика идора-ташкилотлари раҳбарлари билан видеомулоқот қилиш, ҳудудий масалаларни – ҳудуд, республика даражасидаги масалаларни республика миқёсида кўриб чиқиб, ҳал қилиш имконини яратади. Бу билан шу пайтгача Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналаридан бошқа давлат органлари-ю ташкилотларга юборилган мурожаатлар ягона онлайн платформага бирлаштирилади, уларнинг кўриб чиқилиши устидан тизимли мониторинг ва назоратни амалга ошириш, маҳаллаларни ислоҳот марказига айлантириш имкони яратилади.

Дилшод Мирзаев,
Электрон давлат хизматларини ривожлантириш бўлими бошлиғи

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг