Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шифокорларга катта маош олиш учун яна бир имкон яратилди

Шифокорларга катта маош олиш учун яна бир имкон яратилди

Фото: Xabar.uz

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан давлат тиббиёт муассасаларининг малакали шифокорларини рағбатлантириш йўлга қўйилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Унга кўра, мазкур тизим халқаро рейтингларда тиббиёт йўналишида биринчи 200 таликка кирган олий ўқув юртларининг клиник ординатура (резидентура), магистратура мутахассислигини тамомлаган ва фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган тиббиёт ходимларига татбиқ этилади.

Номзодлар томонидан аризалар муассасанинг кадрлар бўлимига топширилади.

Ҳужжатлар навбатдаги босқичда вазирликнинг Фан ва таълим бошқармаси томонидан кўриб чиқилгач, вазир буйруғи орқали рағбатлантирилади.

Номзодларнинг лавозим маошига ҳар ойлик қўшимча устама вазир буйруғи чиққан кундан бошлаб бир йил давомида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг қуйидаги бараварида белгиланади:

- клиник ординатура (резидентура), магистратура мутахассислигини тамомлаган тиббиёт ходимига – етти баравари;

- фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган тиббиёт ходимига – ўн беш баравари.

Эслатиб ўтамиз, президент шифокорлар билан учрашувда Тиббиёт ходимларини рағбатлантириш жамғармасига йилига 1,5 триллион сўм ажратилиши ва уларга 8-9 миллион сўм ойлик олиш имкони яратилишини маълум қилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг