Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент кардиология соҳасидаги камчиликларни санаб ўтди. Муаммо кўп

Президент кардиология соҳасидаги камчиликларни санаб ўтди. Муаммо кўп

Фото: Президент матбуот хизмати

Айни пайтда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида аҳоли саломатлигини таъминлашдаги энг муҳим соҳалардан бири бўлган кардиология йўналиши масалаларига қаратилган видеоселектор бўлиб ўтмоқда. Давлат раҳбари мазкур йўналишда камчиликларни санаб, уларни бартараф қилиш бўйича масъулларга бир қатор топшириқлар берди. 

Йиғилишда келтирилишича:

  • 30-70 ёшдаги аҳоли ўртасида ўлим ҳолатларининг 53 фоизи ҳанузгача юрак-қон томир касалликларига тўғри келмоқда (дунёда 31 фоиз);
  • сўнгги беш йилда юрак-қон томир касалликлари 20 фоизга (330 минг нафар), ҳатто ёшлар орасида ҳам кўпайган;
  • 40 ёшдан юқори аҳолининг 20-25 фоизида гипертония аломатлари мавжуд бўлиб, расмий касаллар сонидан 4-5 баробар юқори;
  • республика бўйича 4 миллионга яқин аҳоли орасида юрак-қон томир касалликлари аниқланган бўлиб, умумий аҳолининг 12 фоизини ташкил этади.

Ҳудудлар кесимида олинса:

  • бундай касалликларга чалинган аҳоли сони Наманганда – 18 фоиз (450 минг нафар), Фарғонада – 17 фоиз (600 минг), Бухорода – 14 фоиз (230 минг), Қашқадарёда – 13 фоиз (470 минг) ташкил этиб, республика кўрсаткичидан юқори;
  • Тошкент шаҳри, Бухоро, Навоий ва Тошкент вилоятларида юрак-қон томир касалликларининг оғир асоратлари, қолган ҳудудларга нисбатан баланд;
  • Кардиология марказининг Бухоро, Фарғона ва Тошкент вилоятларидаги филиалларда ангиография ускунаси бўлмагани боис, стендлаш амалиёти йўлга қўйилмагани оқибатида, ушбу ҳудудлардан республика марказларига 1,5 минг нафар бемор мурожаат қилган.

«Бир нарсани аниқ тушуниб олиш лозим. Агар бирламчи бўғинда касалликлар ва ушбу касалликларга мойиллиги бор аҳолини аниқлаш ишлари тўғри йўлга қўйилса, мазкур рақамлар анча кўпроқ бўлади, бу ҳам ҳақиқат», — деди президент.

Юрак-қон томир касалликларини эрта аниқлаш ва олдини олиш мақсадида:

- келгуси йилдан 40 ёшдан ошган барча аҳоли (10 миллион нафар) оилавий поликлиника ва тиббий бригадалар орқали, йилига камида бир марта манзилли скирингдан ўтказилади;

- туман лабораториялари коагулометр ва зарур реактивлар билан таъминланади;

- юрак-қон томир касалликлар аниқланган аҳолининг ягона электрон реестри юритилади;

- юрак-қон томир касалликлари учун эналаприл каби дорилар доимий равишда 200 мингдан зиёд эҳтиёжманд аҳолига бепул тарқатилади;

- туман ҳокимлари ҳар бир маҳаллада “гипертония саломатлик мактаблари”ни ташкил этади.

- оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникаларда ҳамшираларнинг вазифалари ҳам қайта кўриб чиқилиб, уларнинг функциялари кенгайтирилади.

Бу мақсадлар учун, келгуси йилда ҳар бир туманга 350 миллион сўмдан, жами 70 миллиард сўм ажратилади.

Умуман, бирламчи бўғинга дори ва тиббий буюмлар учун келгуси йилда бюджетдан 580 миллиард сўм берилади (бу – жорий йил харажатларидан 3 баробар кўп). Шунингдек, соҳадаги шифокорлар ва ҳамширалар ҳам мазкур йўналиш бўйича қайта ўқитилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг