Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Муаммо аниқ, масъуллар тайин, аммо нега натижа йўқ?

Муаммо аниқ, масъуллар тайин, аммо нега натижа йўқ?

Фото: «Xabar.uz»

Қибрайнинг «Етакчи-3» кўчасида яшовчи аҳоли мурожаати ҳал бўлмаяпти

Мамлакатдаги ўзгаришлар, олиб борилаётган ислоҳотларга соя соладиган бир тўсиқ бор — бу жойлардаги раҳбарларнинг баъзида лоқайдлиги, баъзида эса эътиборсизлиги сабаб аҳолининг сарсон-саргардон бўлиб қолиши, гарчи ечими мураккаб бўлмаса-да, муаммолари ҳал бўлмай қолиб кетаётганидир.

Хабарингиз бор, 2017 йил «қишлоқ жойларида аҳоли учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, шунингдек, ислоҳотларни амалга оширишда фуқароларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш» учун «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори чиққан эди.

Энди ҳудудлар секторларга бўлинган, секторларга эса ҳудуднинг мансабдор шахслари (ҳоким, прокурор, ИИБ бошлиғи, ДСҚ раиси)га бириктириб қўйилган, уларнинг устидан ҳам назорат то вазирларгача борган. Бир қараганда, бу тизим ҳамма муаммони ҳал қилиб ташлайдигандек, аммо…

Таҳририятимизга Тошкент вилояти Қибрай тумани «Олмазор» МФЙга қарашли «Етакчи-3» кўчасида яшовчи фуқаролардан мурожаат келиб тушди. Биз юқоридаги гапларни бекорга айтиб ўтмадик, наинки бу мурожаат сайтимизгача етиб келмаслиги керак эди. Ахир тизим бор, масъуллар белгиланган, бироқ натижага келганда бундай дея олмаймиз.

«Етакчи-3» кўчасида яшовчи фуқаролар ўз ишлари билан хотиржам шуғулланишлари ўрнига бу масъулдан унисига ариза кўтариб силласи қуриган. Туман ҳокимлиги, сектор раҳбарлари ва маҳаллага қилган мурожаатлари тайинли жавобсиз ва ижросиз қолиб кетаверган.

Бу ерда ҳар бир хонадон иккинчи кўчадан электр энергиясини бошқа хонадон орқали улаган. Бу ўз навбатида қийинчиликлар келтириб чиқармоқда. Мурожаатчилар кўп нарса талаб қилишгани йўқ. Шунчаки алоҳида электр линиясини кўчасига тушириб беришса, бас.

Фуқаролар «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга мурожаат қилмаган деб ўйлайсизми, қилган, аммо натижа йўқ. Шу йилнинг 16 июнида қилинган мурожаат хатига жавобан  Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 20 февралдаги 54-сонли баённомасининг тегишли бандларида якка тартибда уй-жой қурилиши янги массивларида зарур муҳандислик коммуникациялари билан таъминлаш, жумладан, электр энергияси таъминоти маҳаллий ҳокимият ташаббуси асосида, бюджет маблағлари ҳисобига амалга ошириш кўзда тутилганлиги айтилган. Ҳокимлик эса «Етакчи-3» фуқароларининг мурожаатларига эътибор бермаётир.

Газ билан боғлиқ муаммо худди электр муаммоси каби бир хил. Ҳар бир хонадон иккинчи кўчадан газни бошқа хонадон орқали улаган. Ёзда-ку унча сезилмас, аммо қишда газ пасайиб кетиб, қийинчиликлар туғдиради. Муддао аниқ: «Етакчи-3»га алоҳида линияда газ тортиш керак. Ахир улар ҳам газга бошқалар билан бир хил нархда пул тўламоқдалар. Бу бўйича «Қибрайтумангаз» газ таъминоти бўлимига мурожаат қилишган. Улар эса вазиятдан жуда осон чиқиб кетишган. Ҳокимият пул ажратса, масала ҳал, «Қибрайтумангаз» ГТБ пайвандчилар ажратиб, турбалар тушириб беради. Ҳамма гап яна ҳокимиятга бориб қоляпти, негадир.

Бу ҳаммаси эмас! Ободонлаштиришдан ажратилган чиқинди ташиш машинаси бутун маҳаллага хизмат кўрсатса-ю, сизнинг кўчангизга келганда кирмаса… «Етакчи-3»ликлар худди шундай аҳволда. Уларнинг мурожаатига «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхонаси кўчанинг йўли абгорлигини важ қилиб, машина «Етакчи-3»га киролмаслигини билдирган. 

Йўлларнинг созлик даражаси йиллар давомида оғриқли муаммолардан бири бўлиб қолмоқда. «Кўчамизга қарама-қарши бўлган боғ томонда терак кўчатлари экилган. Кўчатлар ва аҳоли уйлари ўртасидаги масофа жуда қисқа. Бирор машина кирса, қайтиб чиқиб кетолмайди», дейди мурожаатчи фуқаро. Йўлни кенгайтириш ва таъмирлашга ҳам ҳокимиятнинг ташаббуси керак.

«Кўчамизнинг ҳолати қониқарсиз. Уни обод қилиш бизнинг вазифамиз ва биз унинг доимий озода бўлишини истаймиз. Аммо кўчамиздаги боғга бошқа кўчадан чорва моллари олиб келиб боқилади. Боғ чорвачилик учунми ёки боғдорчилик учунми? Биз қарши эмасмиз, аммо тор кўчамиз янада торлашиб ҳаракатланишимизга ҳалақит бермоқда. Бу бўйича маҳалла раисига мурожаат қилдик, аммо раис ушбу мурожаатни ўрганиш ўрнига бизнинг (мурожаатчилар) шахсиятимизга эътироз билдирди. Кимга мурожаат қилишниям билмаймиз», дейди «Етакчи»ликлар.

Маъмурият тизимли ва тармоқли ишлайди. «Етакчи»ликлар бошланғич органларга ҳам, ундан юқоридагиларига ҳам чиқиб кўришди. Ҳудудга масъул Қибрай тумани 4-сектор раҳбари Ш.Холматовга қилинган мурожаатлар эса шунчаки унутилиб юборилмоқда, холос. Сектор раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорини тўлиқ ўқиб чиққан, ҳукуматнинг халқчил сиёсатига хайрихоҳ деган яхши гумондамиз, аммо негадир «Етакчи-3» кўчасидаги фуқароларнинг мурожаати натижаси бунга «ёпишмай» қоляпти.

«Халқ биздан рози бўлса, Яратган ҳам биздан рози бўлади», — деган эди Президентимиз. Давлат раҳбарининг ўзи ҳаммасига улгуриши қийин, аммо халқни эшитиш, муаммоларини ҳал қилиш учун масъулларни бириктириб қўйган. Бундай халқчил ислоҳотлар амалда кўринмагач, «Етакчи»ликларга ўхшаган муаммога дучор ва муаммолари ҳал бўлмаётган юртдошларимиз ҳукуматдан рози бўладими? Муаммолар аниқ, масъуллар тайин, аммо нега натижа йўқ?

Тошкент вилояти ҳокими Д.Ҳидоятов, Қибрай тумани ҳокими М.Мирқасимов, Қибрай тумани 4-сектор раҳбари Ш.Холматов ҳолатга эътибор қарашса, олам гулистон бўлади.  Умид қиламизки, яқин орада «Етакчи-3» кўчасидаги ушбу муаммолар ҳал бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг