Жалолиддин Мангубердининг Чингизхонга қарши жанги саҳналаштирилди
Жиззах вилоятида жойлашган «Гандумтош» қишлоғида «Мардлар қўриқлайди Ватанни!» шиори остида фестиваль бўлиб ўтди. 10 мингга яқин ёшлар иштирок этган фестивал доирасида Жалолиддин Мангубердининг Чингизхонга қарши ўтказган жангларидан парчалар саҳналаштирилди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Xabar.uz»га хабар берди.
Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги, Жиззах вилоят ҳокимлиги, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши, Мудофаага кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти, вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур фестивалда Ватан ҳимояси йўлида аждодларимизнинг мардонавор кураши мозийга саёҳат руҳида кўргазмали тарзда очиб берилди.
Замонавий ҳарбий техника, қурол-аслаҳалар намойиши, ҳарбий оркестр ва бадиий ҳаваскорлик гуруҳларининг концерт дастури, «Темурийлар издоши» мактаб тарбияланувчилари, ҳарбий хизматчилар, кинология ва кавалерия қўшинларининг кўргазмали чиқишлари фестиваль иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
Фестиваль давомида миллий спорт ўйинларидан бири кўпкари ҳам ташкил этилди. Фаол иштирок этган чавандозлар рағбатлантирилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter