Москва қамоқхонасидаги ўзбекистонлик талаба очлик ҳолатини тўхтатса, тиббий бўлимга жойлаштирилади
2018 йилнинг 18 июль куни Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси консуллик бўлими ходими Ўзбекистон фуқароси Маъруфжон Шакаровга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш мақсадида Москва шаҳридаги Жазони ижро этиш федерал хизматининг 1-тергов изоляторига (СИЗО-1) ташриф буюрди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги консуллик-ҳуқуқий дeпартамeнти ахборот берди.
Учрашув чоғида М.Шакаров соғлиғидан шикоят қилмади. Ҳар куни СИЗО раҳбарияти у билан суҳбат ўтказмоқда, врач тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Тез тиббий ёрдам кўрсатишни талаб қилувчи ҳолатлар мавжуд эмас.
СИЗО-1 раҳбарияти берган изоҳга кўра, агар М.Шакаров очлик ҳолатини тўхтатса, соғлиғини тиклаши учун тиббий бўлимга жойлаштирилади.
Эслатиб ўтамиз, Маъруфжон Шакаров Москва шаҳар Преображенский туман судининг 2017 йил 13 декабридаги ҳукми билан, катта миқдорда гиёҳвандлик моддаларини ўтказиш (сотиш)ни кўзлаб сақлаганликда айбдор деб топилиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Москва шаҳар суди жиноят ишлари бўйича Суд ҳайъатининг 2018 йил 14 июндаги апелляция ажримига кўра, Шакаровнинг қилмишида «кейинчалик ўтказиш (масалан, сотиш) мақсади бўлмаганлиги» учун жиноят иши қайта малакаланиб, 2017 йил 13 декабрда берилган 10 йиллик жазо 5 йилга қисқартирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter