Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Миллий тикланиш» партияси Қобул Дўсовни аъзоликдан чиқарди

«Миллий тикланиш» партияси Қобул Дўсовни аъзоликдан чиқарди

«Миллий тикланиш» партияси раҳбари Алишер Қодиров ва партия аъзоси, депутат Қобул Дўсов.

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» партияси Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши депутати К.Дўсовнинг интервьюси юзасидан расмий баёнот берди.

«Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши шуни маълум қиладики, К.Дўсовнинг партия аъзолигидан чиқиш ҳақидаги мурожаати маълумот учун қабул қилинди.

Унинг ижтимоий тармоқлар ва айрим сайтлардаги чиқишларида партия Уставига риоя этмаганлиги, шунингдек, партия обрўсига путур етказувчи ахборотларни тарқатгани учун, партия имижини оширишга тўсқинлик қилувчи ҳаракатларни амалга оширгани учун, кўп минг сонли партия аъзоларининг К.Дўсовга нисбатан партиявий чора кўриш ҳақидаги мурожаатларини инобатга олган ҳолда 2019 йил 1 ноябрь куни бўлиб ўтадиган партиянинг навбатдаги Съездида халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлигига кўрсатиладиган номзодлар таркибидан чиқарилганлигини маълум қиламиз.

Халқ депутатлари Бўстонлиқ тумани Кенгаши депутати томонидан партия раҳбари номига айтилган асоссиз, шахсий ғараз мақсадларига таянган бўҳтонлар депутатнинг шахсига баҳо бериш учун кенг жамоатчиликка етарли бўлишини инобатга олиб, партия ушбу масалани муҳокама учун мавзу эмас, деб ҳисоблайди.

Ҳуқуқий жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 40-41 моддаларига мувофиқ, судга мурожаат қилиш учун барча далиллар ва асосларнинг мавжудлигига қарамасдан партия раҳбари ушбу ҳуқуқдан фойдаланмасликни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаганини маълум қиламиз.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши бундан буён ҳам барча даражадаги депутатлардан партиявий интизомга қатъий риоя қилиш, сайловчилар эътирозига сабаб бўлувчи, партия электорати манфаатларига зид келувчи ҳаракатларни амалга оширмасликни ҳамда депутатлик масъулиятини оширишни талаб этади. Амалдаги қонунчиликка асосан, бундай ҳолларда депутатларнинг ваколатларини муддатидан аввал тўхтатиш мумкинлигини маълум қилади, — дейилади расмий баёнотда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг