Миллий ўзликни англашнинг аччиқ ҳақиқати ва изтироблари
Ҳамюртимиз, файласуф Анвар Бўронов ўзининг «Фейсбук»даги саҳифасида бугун миллатимиз бошида турган оғриқли муаммолар ҳақида тўхталиб ўтди. Муаллифнинг юрт, миллатнинг бугунги ҳолати, тақдири ҳақида куйиниб ёзган мулоҳазалари бизни бефарқ қолдирмади. Шу боис бу фикрларни ўқувчиларимиз билан бўлишгимиз келди.
* * *
Дунё саҳнасида Ўзбекнинг ўз ўрни бор. Ўзбек — ўзига хос маданият, тил ва ҳудудий бирликки, жаҳон халқлари орасида ўз ўрнига эга бўлган миллатдир. Аммо қандай ўрни бор? Дунё аҳли ўзбекни миллат сифатида қандай қабул қилади? Ҳалқаро доирада миллий мавқе, миллий нуфуз, деган тушунчалар қандай шаклланган?
Биз ўзбеклар ҳамон миллатимиз шаънини спорт ёки санъат орқали кўтармоқчи бўламиз. Зўр бериб терма жамоаларни шакллантирмоқчи бўламиз. Миллиардлаб пулларни уларнинг оёғи остига сочиб қўямиз. Лекин?
Лекин, дунё саҳнасида биз «мардикор» номи билан машҳур эканлигимизни айтмаймиз. Спортчиларимиз нуфузли мусобақаларда ғолиб бўлаётган стадионларни мардикорларимиз тозалашини тан олмаймиз. Дунё исловатхоналарида кун сайин ортиб бораётган «капалак»ларимиз миллат юзини шувит қилаётганини яширамиз. Кўчаларимизда тентираб юрган тиланчиларнинг садақа сўраган қўллари аллақачонлар бошқа мамлакатларга ҳам етганини билиб, билмасликки оламиз.
Биз касални яширамиз, аммо иситмаси ошкор қилади: бир кун янгиликларда «шароитсиз яшаётган ўзбек гастарбайтерлари ёнғинда қолиб, ёниб кетгани»ни, ҳатто Ҳиндистонда «ўзбек фоҳишалари қўлга тушгани»ни эшитсак, Қозоғистонда одамлар ўзбек тиланчилардан безор бўлганини ўқиймиз. Эртасига эса телевизорда автобусда совуқ қотиб ўлган юртдошларимизни кўрсак, изидан ўнлаб бокира қизларни Дубайда «ҳезантроп»ларга пуллаган қўшмачини кўрсатишади. Аммо бунга аза тутмаймиз.
Боксдан мамлакатимиз ғолиб бўлганда тўй қилсак, нега маънавиятда мағлуб бўлганимизга аза тутмаймиз?
Агар дунё бўйлаб кезиб юрган мардикорларимизни йиғсак, биласизми нима бўлади? Камида икки миллион кишилик қўшин бўлади. Аммо афсуски улардан фақат СТРОЙБАТлар тузиш мумкин...
Минглаб олий маълумотли кадрларимиз Россияда оддий ишчи, ҳовли супурувчи бўлиб ишлаб юрибди (алам қиладигани, улар орасида пора олишни ор билиб, институт кафедраларини ташлаб кетган олимлар ҳам бор). Кучли мутахассисларимиз ўзга мамлакатлар заводлари, фабрикалар учун ишламоқда.
Ўзбекистонда эса юз минглаб оилалар Россиядаги боқувчисига кўз тикиб яшайди. Юз минглаб аёллар эрлари Россияда бошқа аёлга уйланиб кетишидан хавотирда, миллионлаб норасида болалар эса ўз оталарини соғиниб, ўксиниб, чала етимдай яшашга мажбур...Миллионлаб оналар, оталар ҳар куни мусофирчиликда юрган фарзандларининг омон бўлишини Аллоҳдан сўраб илтижо қилади. Аммо ўз юртида уларга иш ўрни бўлишига ишончи сустлиги сабабли, «бутунлай қайтиб келсин», деб дуо қилмайди...
Россияда ишлаб, яхшигина даромад қилиб қайтган бир инсон айтганди: Россияда яхши пул топдим, аммо қандай топдим? Қон ютиб ишлаб топдим... Баъзан ўрмоннинг ичкарисига кириб кетиб ҳўнграб йиғлардим. Оиламни, болаларимни соғиниб ёш тўкардим. Элликка кириб, Ўзбекистонда бир марта ҳам йиғламаганман! Ел учирсин бу пулларни, аммо шу пулларсиз маҳалламда оилам ҳам, фарзандларим ҳам камситилади. Айрим ўзидан кетган бойлар устингдан кулади. Уларга кулгу бўлмаслик учун ўрмонда йиғлайсанда...
Ўрмон ичида йиғлаган мазлумнинг «оҳ»ини Аллоҳ эшитмайдими? Албатта эшитади. Эшитмаса бутун бошли мамлакат молия тизимининг бошига ўтириб, миллат ризқини пўрсилдоқ нондай бўлиб еб ётган опалар фош бўлармиди? Уларнинг фош этадиган миллатпарвар инсон юрт бошига келармиди?!
Баъзан ўйланиб қоласан? Ўзбекистонда ўзбекларнинг қадри қанақа? Ўзбекистонда яшайдиган корейсларча борми қадри? Йўқ албатта! Чунки корейслар ўз миллатдошини сотмайди? Шунинг учун тақдир тақозоси билан дунё бўйлаб тарқаб кетган корейс халқи ўзга юртларда яшасада, ерлик халқдан мавқеи паст эмас.
Ўзбек эса ўз миллатдошини олиб бориб Россияда сотади, ишлатади, иш ҳақидан фоиз олиб ейди. Айрим фермерлар бир йил ишлатган ишчисига арзимаган буғдой, озроқ экин учун ер, яна озроқ ғўзапоя бериб алдайди. Мактаб директори ўқитувчининг ойлигини турли йўл билан алдаб олади. Ўқитувчи ўқувчини шилади. Талончи ташкилотлар, ҳокимлар-у, раҳбарлар билан келишиб бошқаларнинг иш ҳақидан юлиб ейди. Шифокор касални, касал ўсални талайди. Етимхоналарни етим молини туя қиладиганлар бошқаради. Ҳамма бир-бирини чув туш тушуришга мослашган. Гўё «ўрмон қонуни» ҳукмрондай.
Ўзбекка ҳақиқатни айтсанг душман бўласан. Сенинг ишинг нима? Ўзингчи?-деб ёқангизга уради. “Азалдан дунё шундай яралган, сенгамас тўғирлаш!”- дейди. Миллатнинг жонкуяр, тўғрисўз зиёлилари буни китоб қилса, таъқибга олинади.
Шунинг учун индамайсан... Шунинг учун жим яшайсан... Аммо сен жимиганинг сари бошқа миллатлар устингдан баралла кула бошлайди. Фалон исмли ўзбек демайди. Отини айнан айтмайди. ЎЗБЕКЛАР деб айтади. Ўзбеклар-мардикор, ўзбеклар-фоҳиша, ўзбеклар-тиланчи дейди. Сен эса ўзбеклигингдан уяла бошлайсан...
Муаллиф фикрлари таҳририят нуқтаи-назаридан фарқланиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter