МИБ «мажбурий обуна»га доир хабарларга изоҳ берди
Кечадан буён ижтимоий тармоқларида прокуратура органи ходимлари оммавий тарзда «Ҳуқуқ» ва «Халқ сўзи» газеталарига мажбурий обуна қилинаётгани ҳақида хабарлар айланмоқда.
Мажбурий обуна масаласи долзарб ва (босма нашрлар учун) оғриқли бўлиб турган бир пайтда айни мавзу прокуратура тизимига боғланган ҳолда кўтарилгани қатор саволлар туғдирмай қолмайди, албатта.
Шундан келиб чиқиб, масалага изоҳ олиш мақсадида Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот котиби Фаррух Тошпўлатов билан боғландик. Адлия маслаҳатчисининг изоҳи қуйидагича бўлди:
— Ҳар бир прокуратура органлари ходимлари ўз фаолиятининг тарғиботчиси бўлган Бош прокуратура муассислигидаги «Huquq» газетасининг ўқувчиси ҳисобланади. Мазкур нашр жамиятимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги янгиликлар, қонунчиликдаги ўзгаришлар, соҳа фаолиятида қабул қилинаётган норматив ҳуқуқий ҳужжатлар мазмуни, тизимда оширилаётган ишлар ҳамда бошқа янгиликлардан хабардор қилиб турувчи асосий газеталардан бири ҳисобланди.
Ўз навбатида, «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари ҳам ижтимоий-сиёсий ва қонунчиликдаги янгиликлар, юртимизда ҳаёти ва жаҳонда содир бўлаётган янгиликлардан биринчилардан бўлиб кунлик ахборот етказувчи матбуот нашрдир.
Прокуратура, жумладан, Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан ходимларнинг ушбу нашрларга уюшқоқлик билан, аммо ихтиёрий равишда обуна бўлиши юзасидан тегишли кўрсатма берилгани бор гап. Бироқ кўрсатмада асосий эътибор – аҳоли ва истеъмолчилар билан кунлик мулоқотда бўлиш жараёнида, жамият ҳаётидаги янгиликлар ва қонунчиликдаги ўзгаришлардан хабардор бўлиши ҳамда ҳуқуқий билимларини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Обунани ташкил этишда мавжуд ходимлар сони эмас, балки эҳтиёж инобатга олинган.
Ходимларнинг эҳтиёжи ва хоҳишига қараб, 1 та газета нашрига йиллик, ярим йиллик ва ойлик обуна бўлиши, ёки бўлмаса, 2-3 нафар ходимнинг 1 та газета нашрига обуна бўлиши ҳам имконият яратилган.
Ташкил этиш ишларида мажбурий ёки бошқача тарзда обуна бўлиш ҳолларига йўл қўйилмаган.
Шу ўринда, бир мулоҳаза. МИБ органлари ташкил этилганидан буён ходимларининг қўрслиги, баъзида билим савияси ва муомала маданияти ҳақида кўп гапирилди. Уларнинг дунёқараши ва билимини ошириш учун муҳим бўлган газета, қўлланма ва даврий нашрларни кунлик етказиш уларнинг аҳоли билан ишлашида муҳим восита эмасми?
Яхши биламиз, мажбурий обуна таъқиқланган ва буни МИБ расмийлари ҳам йўл қўймасликларини билдиришди. Аммо, бу — мамлакатимизда нашр этилаётган газета ва журналларга халқ хизматидаги давлат идора ходимлари обуна бўлмаслик керак дегани эмас.
«Мажбурий обунага бош прокуратура раҳбарияти топшириқ берган», дея бонг уришдан олдин мазкур нашрларнинг ижтимоий ҳаётдаги тутган ўрнини бир мушоҳада қилиш вақти келмадими?!
Обунага тарғиб қилиш — маънавиятга тарғиб қилишнинг бир кўриниши аслида. Буни наинки тўғри тушуниш, балки тўғри талқин қилиш ҳам керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter