Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Санжар Саид

Ҳаётда мўъжизалар содир бўлади

«Мени қучоқланг, онажон, ҳеч бўлмаса юрагим исисин...»

«Мени қучоқланг, онажон, ҳеч бўлмаса юрагим исисин...»

Болажон, уй шунчалик захлаб кетдики, қучоқлашим бефойда...

Фото: «vpravda.ru»

Эрталаб интернетга кириб хат-хабарларни кўздан кечираётсам, тунги учларда юборилган бир мактуб эътиборимни тортди. Сирдарё вилояти Ховос қўрғонидан бир ўқитувчи аёл юборган экан. Хатни ўқиб юрагимга оғриқ кирди, нима дейиш, қандай маслаҳат беришни ҳам билмай қолдим. Беихтиёр айбдорларни излайман, масалага ечим топиш, чорасиз қолган аёлга тўғри йўлни кўрсатиш, ҳеч бўлмаса далда беришни истайман. Муштипар оналар, касалманд болаларнинг совуқда қолишини қандай оқлаш мумкин, дея дунёга жар солгим келади. Оиласини қийин аҳволга солиб, шикоят қилиш, муаммога ечим топиш йўлини боғлаб қўйган эркакка таъна-маломатлар ёғдиргим келади. Ушбу мактубни имлоси таҳрир қилинган ҳолда эътиборингизга ҳавола этар эканман, сизда ҳам шундай ўй-хаёллар туғилиши, иложсиз қолаётган онанинг нолалари, мурғак боланинг дарди юрагингизга кўчишига шубҳа қилмайман. Аммо милтиллаб турган бир умид, ишончсизгина ишонч ҳам борки, зора ўзбек онасининг бу сўзларини ўқиган мутасаддилар Ховос қўрғонига узатилаётган газ миқдорини оширса...

«Ассалому алайкум. Сирдарё вилоятида туғилганингиз учун бир яқинлик сезган ҳолда сизга ёзаяпман. Узр, ярим тун бўлса-да. Совуқ жонимдан ўтиб (кўрпамни айтмасам ҳам бўлади) ухлолмай, бунинг ҳам ечими бўлиши керакку, деб интернетни титкилаб, сизни топдим.

Аввало ўзимни таништирсам. Сирдарё вилояти Янгиер академик лицейида ўқитувчи бўлиб ишлайман. Ховос қўрғонида яшайман. Бу ерга келин бўлиб тушганимга 23 йил бўлди. Келганимдан буён на табиий газ, на ичимлик сувига ёлчиймиз. Сувни узоқдан ташиб келамиз. У ҳам бўлса шўр ва тахир, яхшилаб қарасангиз, майда сув ўтлари кўринади. Аммо бизни энг кўп табиий газ муаммоси қийнаб келмоқда.

Бошим қотган. Кимга нима деб мурожаат қилишни билмай ҳайронман. Турмуш ўртоғим: «Агар бирор жойга арз қилсанг, сен билан хайрлашамиз, менга шикоятчининг кераги йўқ», — деб пўписа қилгани учун қўл-оёғим боғланган. Аммо нима қилай, дардимга нимадир чора топишим керак-ку. Ўғлим 3-синфда ўқийди. «Совуққа аллергия» деган дард ёпишди шу боламга. Юрагим тилка-пора. Тиббиётда бу янги дард экан, даво ҳали топилмаган, бирдан-бир чораси совуқдан эҳтиёт қилиш.

Қишдан эса чой қайнайди-ю, ош пишмайдиган газ билан чиқдик. Ошхона газини ёқсак, уйникини ўчириб қўйишимиз керак. Уйни ёқсак – ошхона газини ўчирмаса бўлмайди. Ҳар иккисини ёқсак газнинг ҳиди бору олов ёнмайди.

1 март куни газ ўчди. Куз-қиш мавсуми якунига етибди-да, деган хаёлга бордик (одатда негадир бизда тўловларни вақтида тўласак ҳам 1 ноябрь ёки 1 декабрдан газ берилиб, 1 мартда ўчирилади).

«3 кунда газ келар экан. Бу йил бошқача бўлар экан, ёзда ҳам, баҳорда ҳам, кузда ҳам газ бериларкан», — дейишди. Хурсандлигимизнинг чеки йўқ! Аммо 3 кундан кейин келган газнинг аҳволини кўриб кулишни ҳам, йиғлашниям билмай қолдик: липиллаган газда чой ҳам қайнамайди! Ошхона эшигини қаттиқроқ ёпсангиз шамолига ўчиб қолади. Уйлар зах тортиб кетган, халқ қабулхонасига бораман, газ бошқармасига бораман, десам хўжайинимнинг маломатидан қўрқаман.

8 март байрами куни кечаси кўрпага ўраниб эртанги дарсга тайёргарлик кўраётсам, ўғилчам ёнимга келиб: «Аяжон, ётайлик, юзим шишиб бораяпти совуққа, аллергиям қўзиди шекилли», — деди. Қават-қават кўрпани ёпиб, боламни қучиб, қачон кунлар исиркан деган ўй билан ётсам ўғилчам: «Ая, мени қучоқланг, совуқ қотаяпман», — дейди. Болажон, уй шунчалик захлаб кетдики, қучоқлашим бефойда, десам: «Қучоғингизда танам исимасаям қалбим исисин», — дейди! Кўз олдим қоронғулашиб кетди, ёшимни ичимга ютиб, энди нима қилсам экан, деган ўйда ётиб, уйқум ўчди. Қайга борай? Кимга мурожаат қилай? Бу ёғи турмуш ўртоғимнинг қаршилиги…

Хуллас, шунақа гаплар. Бир маслаҳат беринг. Нима қилиш керак? Тўғриси, ҳеч қачон ҳеч қаерга шикоят қилиб бормаганман, шикоят қилиш тартибларини ҳам билмайман. Ўзимдан уялиб кетаяпман…

М.Э, Ховос қўрғони Чаманзор маҳалласи».

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг