«Мени энди тополмайсиз, дада!»
Ота ўзининг вояга етмаган қизларини бўғиб ўлдиргани ҳақидаги совуқ ва аянчли хабар ижтимоий тармоқларни «портлатди». Йиғламаган дил қолмади. Бу ҳаётий воқеа. Аммо қизалоқ тилидан айтилган, бир ҳикояча, деб билинг. Балки, бу оддий ҳикоя эмасдир. Балки, қанчадан-қанча инсонлар тақдирини ўзгартирар. Балки ота, фарзанд доғига чидай олмаслигини тушуниб етар. Балки оталарни қотилликдан қайтарар, тўхтатар...
«Ҳаммаси ўша тунда содир бўлди. Мен ва синглим ўйинчоқларни ўйнаб тургандик. Бирдан дадам шовқин қилиб, ойимни телефонда уришдилар. Бироз вақт ўтиб, хонада сукунат чўмгандек бўлди. Дадам тинчландилар, деб ўйладик. Афсуски, ундай бўлмаган экан. Дадам жаҳл билан дала ҳовлимиз девори ўрнида ўралган симлардан бирини олиб, биз томон юрди. Бироз ўйланиб, сўнг ичкарига югуриб кирди. Синглим билан ойимни эслаб қўғирчоқларни ўйнаётгандик. Бирдан эшик очилиб, дадамнинг важоҳатли юзи кўринди. У эшик ёнида коптогини олаётган синглимга ташланиб, бояги сим билан бўға кетди. Мен қўрқиб кетдим ва шкаф ичига яшириниб олдим. Кеча боғчада, боғча опасини айтганини қилмагани ва шу учун уряптилар, деб ўйладим. Кейин мени ҳам уришлари мумкин, деган хаёлга бордим. (Мен 8 ёшда, синглим эса 6 ёшда.)
Биз уйда фақат болажон ва ақлвой телеканалларини кўрамиз, лекин, бу каби ҳолатни биринчи бор синглимда кўришим (яъни бўғишларини). Синглим «дада, дада» дея бақирарди, аммо дадам синглимнинг бақиришига ва жон талвасасида қўлларини қимирлатишига, умуман парво қилмас эдилар. Синглимнинг «Опа, дадамни тўхтат. Дада, бўйним оғрияпти.» – деган гапларини эшитардим. Мен шкаф ичида қизариб, қўрққанимдан гапира олмадим ҳам... Синглим қимир этмай жимиб қолди. Шкаф эшигидан мўраладим, қўрқувдан қўлларим қалтирарди. Нима қилишни билмай, жойимда ўтириб қолдим. Энди навбат менга келди, деб ўйладим. Янглишмаган эканман. Шкаф эшиги «шарақ» этиб очилди. Дадам менга қутурган ҳайвон каби қонталаш кўзлари билан қаради. Мен ҳануз қўрқув исканжасида эдим. Дадам шкафдан қўлимдан тортиб чиқарди ва ўша синглимнинг «қотили» сим билан бўға бошлади. Мен қимирлаш тугул, гапиришга ҳам тилим калимага келмай қолганди. Сим бўйнимни қаттиқ қисиши билан ўзимга кела бошладим ва оғриқ кучлилигидан бўйнимга тирмашиб, симни олиб ташламоқчи бўлдим. Аммо, сим қаттиқ ва шафқатсиз эди. Дадам менга қараганида, кўзидан ёш томчилагандек бўлди. Кўз олдим хиралашиб, нафас олишим қийинлашди, зўрға: «Мени ўлдирманг дада!» дея олдим. Бу менинг сўнги илтижоим эди. Бир пайт, ҳа, бир пайт кўзимга оппоқ кийинган, чиройли фаришталар кўрина бошлади...
Дадам стресс ҳолатдан чиқиб, бизга қараб йиғларди. Энди эса кеч, йиғлаш ҳам бефойда. Бизни ортга ҳеч ким қайтара олмайди.
Бизнинг ўлимимизга сабаб отамнинг рашки. Онам бир йил олдин Туркияга ишлагани кетганди. Дадам онамни рашк қиларди ва кунига телефон орқали уршишарди. Дадамдан жуда хафаман. Чунки орзуларимни ушалтиришга ваъда бериб бажармадилар. Мени энг нуфузли Президент мактабида, университетда ўқитмоқчи эдилар. Энг зўр ва малакали шифокор бўлишни орзу қилардим. Сабаби амакимнинг оёғи яхши ишламасди, юра олмасди. Амакимга ваъда берганман. Ҳали катта бўлсам, сизни ўзим даволайман, деб. Насиб қилмади. Эҳ, ёвуз дунё! Шу биргина...
Ҳа, ҳеч бўлмаса, амакимнинг орзусини ушалтирсам эди. Ақалли, бир марта катта бўлиш ҳиссини туйсам эди.
Синглимнинг ҳам мендек орзулари бор эди. Биз бошимизга дўппи кийиб, рўмол ўраб, бир-биримизга салом берардик. Биз ҳам келажакда оқ кўйлак кийишимиз, маликалардай чиройли бахтга етишимиз мумкин эди. Ойимнинг кетгани учун биз жавоб бердикми? Сизнинг кўнглингиз таскин топа олармикан энди? Балки, ўнгингиздамас, тушларингизга кириб, безовта қиламизми?! Сизни безор қилиб, нарса олиб беринг, дегувчи қизларингиз йўқ энди. Барибир сизни кечирдим, отажон. Чунки сиз бизни шафқатсизларча ўлдиргунингизча бирон марта хафа қилмаган эдингиз, жуда яхши кўрардингиз, биз ҳам сизни яхши кўрардик, ҳозир ҳам яхши кўрамиз ота!!!»
Саодат Ғаниева,
талаба, Бухоро
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter