Матбуот ва ахборот агентлиги бош директори: «Журналистлар Президентга кўмакчи бўлиши керак»
Шу йилнинг 25—27-апрель кунлари Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан жорий йилнинг Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган «Ёшлар оромгоҳи»да ҳудудий ва марказий ОАВларда фаолият олиб бораётган журналистлар иштирокида «Жамоатчиликка ахборот етказишда анъанавий ва интернет журналистикаси ютуқларидан самарали фойдаланиш» мавзусида семинар ташкил этилди.
Семинарнинг иккинчи кунида иштирокчилар «Интернет тармоғида миллий сегментни фаол ривожлантириб, ҳудудлардаги ахборотлар билан тўлдиришнинг янги услублари» лойиҳа доирасида фикр алмашдилар. Мамлакатимиз ва дунёда интернет журналистикасини ривожлантиришнинг асосий омиллари, халқаро медиамаконда мамлакат имижини шакллантиришда журналистнинг роли каби масалалар муҳокама марказида бўлди.
Иштирокчилар, дастлаб, матбуот соҳасида маркетинг тизимини ривожлантириш масаласини муҳокама этдилар.
— Афсуски, бугунги кун босма нашрларимизнинг аксарияти маркетинг соҳасида орқада қоляпти, — деди Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раҳбари Саид Абдулазиз Юсупов. — Кўплаб таҳририятларда маркетинг бўлимининг ўзи йўқ. Шунинг учун ҳам ҳар бир семинарда маркетинг масаласига алоҳида эътибор қаратяпмиз. Энди бошқа йўл йўқ — ўзининг молиявий муаммоларини ҳал эта олган нашргина яшаб кета олади. Шунинг учун журналистлар ўз фаолиятида нафақат ижодий материаллар сифати бўйича, балки иқтисодий муаммоларни ҳал этиш борасида ҳам янги босқичга қадам қўйиши лозим.
Тадбирда иштирок этган Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Лазиз Тангриев бугунги кун журналистларидан янада дадиллик ва журъат талаб этилаётганини алоҳида таъкидлади.
— Бугун жамиятдаги муаммоларга нисбатан энг муросасиз муносабат билдираётган одам ким деб сўрасангиз, Шавкат Мирзиёев, деб жавоб бераман. Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида муаммоларни рўй-рост, борича кўрсатиб беряпти. Ана шундай бир шароитда журналистлар Президентнинг ёнида туриб, унга кўмак бериши, юртимизда ўз ечимини кутаётган муаммоларни кўтариб чиқиши керак. Журналистнинг асосий вазифаси ҳам шу аслида. Бугун оммавий ахборот воситалари, айниқса интернет сайтлари фаолиятида жонланиш кўзга ташланмоқда. Бир қатор веб-сайтларда муаммоли мақолалар эълон қилинаётгани, журналист суриштирувлари ўтказилаётгани натижасида кўплаб муаммолар барҳам топди. Буларнинг барчаси ҳаммамизни қувонтиради.
Аммо шу ўринда яна бир жиҳатни эътибордан четда қолдирмаслик керак. Журналист аввало ватанпарвар бўлиши керак. Миллат ва халқ олдида масъулиятни ҳис этиши лозим. Давлатимиз рамзлари, муқаддас инсоний тушунчалар, азалий қадриятларимизга чуқур ҳурмат кўрсатиш талаб этилади. Ҳар бир мақолани ёзаётганда айнан мана шу нуқтаи назардан келиб чиқиб ёндашиш журналистнинг муқаддас бурчи бўлиши керак, — деди Лазиз Тангриев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter