Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Март ойида кутилаётган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди

Март ойида кутилаётган об-ҳаво маълумоти эълон қилинди

Фото: Xabar.uz

Республика Гидрометеорология хизмати бошланган март ойида кутилаётган об-ҳаво маълумотини эълон қилди.

Бу йил ҳам, Ўзбекистонда феврал ойида айрим кунлар баҳорий илиқ бўлди. Март ойи ҳам ҳарорат кўтарилиши билан бошланади. 1-4 март кунлари ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади ва 4 мартга келиб ҳаво кундузи 20-23° илиқгача исийди. Ушбу кунларда асосан қуруқ об-ҳаво кутилмоқда, фақат республиканинг айрим ҳудудларида 1 мартда кундузи ва 2 мартга ўтар кечаси бироз ёмғир ёғиши мумкин.

5 мартдан бошлаб об-ҳаво ёмонлаша бошлайди. Республика бўйича ёмғир ёғади, момақалдироқ бўлиши, баъзи жойларда кучли шамол эсиши ва март ойининг биринчи ўн кунлиги учун меъёрга яқин қийматларгача ҳаво ҳарорати пасайиши мумкин.

Кейинчалик эса ой охиригача март ойига хос бўлган беқарор об-ҳаво кутилмоқда. Баҳорнинг биринчи ойи ҳарорат кескин ўзгариши билан тавсифланади, бунда тез исиш даврлари кескин совуқ даврлар билан алмашади, баъзида эса қисқа муддатга ёмғир қорга айланиши ва кечаси ҳарорат манфий қийматларгага пасайиши билан кузатилади.

Сўнгги 50 йил ичида 1972 йилнинг март ойи энг совуқ бўлган эди, ҳатто март ойининг учинчи ўн кунлигида ҳам ҳарорат кечалари 10-15° совуқгача пасайган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда март ойлари илиқлашди. 2008, 2016, 2018 йилларнинг март ойилари барча кузатув йиллари учун энг илиқ учликка кирди. Март ойининг энг илиқ кунларида эса ҳарорат 30-32° илиқгача, жанубда баъзи жойларда 35-37° илиқгача кўтарилган.

Ўзбекистонда март ойи ёғингарчилик миқдори бўйича ҳам, ёғингарчилик кунлари сони бўйича ҳам йилнинг энг ёғингарчилик кўп бўладиган ойи деб ҳисобланади. Шимолий ҳудудлар ва чўл зонасини ҳисобга олмаганда, март ойида ўртача 10 кундан 15 кунгача ёғингарчилик бўладиган кунлар кузатилади.

Сўнгги 10 йил ичида 2013 йил ва 2014 йилларнинг март ойилари энг кўп ёғингарчилик кузатилган йиллар ҳисобланади. Ушбу йилларда, ёмғир қорга айланиши биринчи ўн кунликда тез-тез кузатилган, вақти-вақти билан кучли бўлган ва уларнинг ойлик миқдори бир ярим - икки ойлик меъёргача етган.

Сўнгги 25 йилда 1998 йилнинг март ойи энг қорли бўлди, бунда Тошкентда 9 кун давомида қор қоплами кузатилди, унинг максимал баландлиги эса 22 см ни ташкил этган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг