Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Марказий Осиё: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар

Марказий Осиё: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар

Фото: ЎзА

Бугун, 20 сентябрь куни Тошкентда «Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва фойдаланилмаган имкониятлар» мавзуида халқаро конференциянинг биринчи иш куни бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев конференция иштирокчиларига мурожаат йўллади. Бош вазир Абдулла Арипов томонидан ўқиб эшиттирилган мурожаатда минтақанинг халқаро транспорт тизимига интеграциялашувига тўсқинлик қилувчи бир қатор омиллар тилга олинди.

Асосий пленар йиғилиш «Hyatt Regency Tashkent» меҳмонхонасида бўлиб ўтди ва тушдан кейин танланган тематик тармоқлар бўйича тўртта параллел секцияли сессия ўтказилди. Хусусан, «Марказий Осиё мамлакатлари транспорт ва транзит салоҳиятининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари» секциясида Марказий Осиё мамлакатлари транспорт ва транзит салоҳиятининг имкониятлари, Марказий Осиёдаги ташқи интеграциялашган транспорт соҳасини шакллантириш ва минтақада янги йўлаклар яратиш масалалари муҳокама қилинди. Шўъба йиғилишини Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёт вазири Ботир Хўжаев, ЕХҲТ лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси Жон Макгрегор кириш сўзи билан очиб беришди. Айниқса, Жон Макгрегорнинг ўзбек тилида анжуман ишига омад тилагани барчанинг диққатини ўзига тортди. Анжмуманда БМТнинг Ўзбекистондаги доимий мувофиқлаштирувчиси Хелена Фрейзер, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби Ҳади Сулейманпур, Тошкентдаги ИНҲА университети ректори вазифасини бажарувчиси Музаффар Жалолов ва бошқаларнинг чиқишлари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, транспорт ва логистика соҳасидаги мутахассисларни тайёрлашнинг халқаро тизими, халқаро юк ташиш учун замонавий шарт-шароитлар ва божхона-чегара тартибларини ишлаб чиқиш масалалари, йирик транспорт йўналишлари бўйича логистика марказлари, божхона омборлари ҳамда TIR-парклар тармоғини яратиш мавзуси ва бошқа кўплаб масалалар кўриб чиқилди.

«Темир йўл транспортини ривожлантиришнинг жаҳон ва минтақавий тенденциялари» секцияси Марказий Осиё мамлакатлари темир йўллари соҳасида ахборот технологиялари, маркетинг ва рақамли транспорт хизматларини жорий қилиш, темир йўл тарифларини тартибга солиш, шу жумладан, Ўзбекистон экспорт қилувчи корхоналари, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, янги ва такомиллаштирувчи янги технологияларни яратиш учун жаҳон ва Марказий Осиёдаги темир йўл транспорти инфратузилмаси истиқболларига бағишланди. Шунингдек, Марказий Осиёдаги мавжуд темир йўл транспорт коридорлари ва темир йўл тармоғи билан боғлиқ бошқа масалалар ҳам муҳокама этилди.

Учинчи секция «Автомобил транспортини янада такомиллаштириш бўйича халқаро ҳамкорлик: хорижий тажриба ва миллий тажриба» иштирокчилари Марказий Осиё мамлакатларининг автомобил транспортида ахборот, маркетинг ва рақамли транспорт хизматларини жорий этиш, шунингдек, асосий транспорт коридорлари бўйлаб халқаро автомобил транспортини ривожлантириш учун инновацион технологиялардан фойдаланишни муҳокама қилдилар.

«Марказий Осиёда ҳаво транспортини ривожлантиришнинг долзарб масалалари» секциясида иштирокчилар жаҳон ва Марказий Осиёдаги ҳаво транспортининг бугунги аҳволи ва истиқболига, халқаро авиаташувларни ривожлантиришга, Марказий Осиё мамлакатларига хорижий авиакомпанияларни жалб қилишга, Марказий Осиёда ҳаво йўналишларини янада кенгайтириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишга, Марказий Осиё мамлакатларида терминаллар ва логистика марказлари, почта жўнатмалари марказларини яратиш ва бошқа масалаларга эътибор қаратишди. Анжуманнинг иккинчи куни, 21 сентябрда конференциянинг хорижий меҳмонлари Самарқандга боришади, жумладан, «MAN Auto-Uzbekistan» қўшма корхонаси фаолияти билан танишишади.

Маълумот учун:

Нуфузли анжуманда 37 мамлакатдан 300дан ортиқ меҳмон қатнашмоқда. Улар орасида Жаҳон банки, ОТБ, ИТБ, ЕТТБ, ОИИБ, БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси, БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси, Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти, Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси, ЕХҲТ, ГХҲЖ, ШҲТ, ИҲТ, МДҲ, Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастури, ТРАСЕКА дастури, Халқаро автомобил транспорти уюшмаси, Темир йўллар ҳамкорлиги ташкилоти каби халқаро ташкилотлар, молия институтлари ва етакчи транспорт компаниялари вакиллари бор.


Транспорт бўйича халқаро конференция тафсилотларини 50дан ортиқ ОАВ вакиллари ёритди. Халқаро конференция ҳамда унинг доирасида бўлиб ўтадиган шўъба йиғилишлари ҳақидаги тафсилотларни тезкорлик билан ёритиб бориш учун матбуот маркази ташкил этилди. Марказда замонавий компютер, юқори тезликка эга интернет, Wi-Fi тармоғи ва бошқа барча қулайликлар яратилган. ОАВ вакиллари халқаро конференция тафсилотларини шу ернинг ўзидан туриб тўғридан-тўғри онлайн узатишди.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг