Марказий идоралар ихчамлаштирилади, вазирлик ва идоралар эса…
Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг инаугурация маросими бўлиб ўтмоқда. Давлат раҳбари қасамёддан сўнг сўзлаган нутқида давлат идораларини трансформация қилиш ва ихчамлаштириш ҳақида гапириб ўтди.
— Навбатдаги муҳим вазифамиз – марказий идораларни трансформация қилиш орқали, фуқароларга хизмат қиладиган ихчам ва самарали бошқарув тизимини яратишдан иборат.
Бунинг учун, энг аввало, вазирлик ва идораларни ташкил этиш ва тугатишнинг тартиби, уларни бир-биридан фарқлаб турадиган мезонлар, таркибий тузилма ва штатларни белгилашга оид аниқ талаблар ишлаб чиқилади.
Шу асосда бир хил йўналишдаги вазифаларни амалга ошираётган идоралар оптималлаштирилади.
Марказий идораларнинг ҳудудий тузилмалар билан ишлаш жараёнига янгича ёндашувларни жорий этиб, эскирган бюрократик усуллардан воз кечамиз.
Бунда, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни тезкорлик билан мустақил ҳал этиш бўйича вазирлик ва идораларнинг ваколатлари янада кенгайтирилади.
Ҳар бир тармоқ ва ҳудуд бўйича қабул қилинган дастурлар ижроси юзасидан раҳбарларнинг ҳисобот бериш тизими йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, Халқ қабулхоналари том маънода халқ овозини, жамоатчилик фикрини ифода этадиган тузилмага айланиши учун, қўшимча ҳуқуқий асослар яратилади, — деди Шавкат Мирзиёев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter