Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Маданий мерос объектларига қаранглар десак, пул йўқ, дейишади. Амалда эса аҳвол бундай...» — Танзила Норбоева

«Маданий мерос объектларига қаранглар десак, пул йўқ, дейишади. Амалда эса аҳвол бундай...» — Танзила Норбоева

Фото: «Senat.uz»

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг кечаги ялпи мажлисида парламент юқори палатаси раҳбари Танзила Норбоева маҳаллий  бюждет маблағлари талон-торож қилиниши билан боғлиқ ҳолатларни яна бир бор тилга олиб ўтди.

«Бюджет ижросига қараб ислоҳотларнинг қандай кечаётганини билиб олиш мумкин, — деди Танзила Норбоева. — Тўғри, бу йил осон бўлмади. Шунга қарамасдан, 9 ой давомида кўп иш қилинган. Бироқ муаммолар ҳам етарли. Айниқса, маҳаллий бюджетлар билан боғлиқ тизимли муаммоларнинг сақланиб қолаётгани ҳудудлар палатаси сифатида бизни ташвишлантириши табиий. Хусусан, маҳаллий бюджетларда ҳосил бўлган қўшимча маблағларнинг 10 фоизини жамоатчилик таклифларига кўра йўналтиришнинг самарали, очиқ ва шаффоф тизимини яратишга эҳтиёж бор...».

Сенат раисига кўра, шу йилнинг октябрь ойида Ҳисоб палатаси билан ҳамкорликда Тошкент вилоятида маҳаллий бюджетлар қўшимча даромадлари ҳисобидан ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш ҳолатлари ўрганилган. Бунинг натижасида 146,5 млрд. сўмлик хато- камчиликлар аниқланди. Биргина қурилиш соҳасида қарийб 8 млрд. сўмлик харажатлар ортиқча ва
юқори нархларда киритилган. Бажарилмаган ишлар учун 1 млрд. 600 млн. сўмлик харажатлар қўшиб ёзилган.

Аксарият қонун бузилиши ҳолатлари таълим тизимида кузатилган. Тизимда умуман ишламайдиган одамларга йиллар давомида ойлик ёзиб келинган.

Вазирликлар ва ҳокимликларда ҳам аҳвол шу. Маданият вазирлигида амалда етказиб берилмаган маҳсулотлар, бажарилмаган ишлар ва кўрсатилмаган хизматлар учун 12 млрд. сўм бюджет маблағи талон-торож қилинган. Биз «Моддий-маданий мерос объектларига қаранглар, маданият марказлари хароб аҳволда», десак, пул йўқ дейишади. Амалда эса аҳвол мана бундай...

«Албатта, жавобгарлик муқаррар, ундан қочиб кетиб бўлмайди. Муаммо, бунга шароит яратиб бераётган омиллар: очиқлик таъминланмаган, масъулият йўқ, назорат суст», — дея  таъкидлайди Т.Норбоева.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг