Куйинчак журналистдан янги маънавий туҳфа
Яқинда «Академнашр»да таниқли журналист, истеъдодли ёзувчи Мақсуд Жонихоновнинг «Девор ортидаги ҳақиқатлар» китоби нашрдан чиқди.
Яхши эслайман. 1999 йил 26 февралда Вазирлар Маҳкамасининг «Журналист кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган, ўз даврида соҳада таълим тизимини «монополлаштириш»га хизмат қилган ушбу ҳужжат натижасида ўша ўқув йилидан Самарқанддаги журналистика факультети талабалари Ўзбекистон миллий университети журналистика факультетига келиб қўшилган эди.
Шу тариқа Мақсуд Жонихонов ҳам Самарқанддан Тошкентга йўл олган, учинчи курсдан «миллийчи»га айланган эди. Бошқа томондан, унинг яқинроқ танишим сабаби, бу «буюк журналистик кўчиш»да бизнинг курсимизга келиб қўшилган, кейинчалик, Ўзбекистон телерадиокомпанияси «Маданият ва маърифат» канали муҳаррири бўлиб ишлаган иқтидорли журналист Дилбар Маҳмудованинг турмуш ўртоғи ҳам эди.
Мақсудхон биздан бир курс юқорида ўқир, лекин таҳсил олиш баробарида «Қишлоқ ҳаёти» газетасида мухбир сифатида ишлар ҳам эди. Кейинчалик «Халқ сўзи» газетасида шарҳловчи, бўлим муҳаррири бўлиб ишлади. 2018 йилдан эса «Жамият» газетаси ва «bong.uz» сайти бош муҳаррири сифатида самарали фаолият кўрсатмоқда.
Доим жиддий бир салобат билан, қошларини чимириб, вазминлик билан юрадиган, жим турганда ҳам ниманидир хаёлан жиддий мушоҳада қилиб тургандай таассурот уйғотадиган Мақсудхоннинг матбуотдаги чиқишларини кўп йиллардан буён кузатиб келар эканман, ҳар бир мақоласида ўткир ижтимоий муаммоларни дадиллик билан, қатъий журналистик позициядан туриб, ўз кузатув чиғириғидан ўтказган ҳолда ёндашишига амин бўламан.
Шу сабабли у муҳаррирлик қилаётган «Жамият» газетаси, гарчи бугун барча нашрларнинг оғриқли муаммосига айланган камтиражли бўлса-да, саҳифаларида залворли ва тош босадиган таҳлилий мақолалар бериб келинмоқда.
Хизматлари муносиб эътироф этилиб, у турли йилларда «Йилнинг энг фаол журналисти» (2006) ва «Олтин қалам» миллий мукофоти ғолиби (2009), «Халқ таълими аълочиси» (2007), «Шуҳрат» медали соҳиби (2013) бўлди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси (2020) ва Ёзувчилар уюшмаси (2022) аъзоси ҳамдир.
Ушбу тўпламда журналистнинг турли даврларда ёзилган йигирмадан ортиқ энг сара мақолалари, турли қайдлари жамланган.
Жумладан, Озарбайжонга зиёрати акс этган «Девор ортидаги ҳақиқат» мақоласида муаллиф озар халқининг бой урф-одат ва анъаналаридан тортиб, кўп минг йиллик кўҳна тарихи, не-не улуғ сиймолари, ўзбек халқини боғлаб турувчи ижодкорлар ҳақида ўқувчига кўплаб қизиқарли маълумотларни тақдим этади.
«Абдуллажондан ўқинг...»да эса таниқли халқ шоири Эркин Воҳидовнинг хонадонига талабалик йилларида университетдаги устозимиз Раҳматилла Иноғомов билан биргаликдаги ёддан чиқмас ташрифи, мароқли суҳбатларидан олган олам-олам завқу шуури, улуғ шоирнинг юксак ижодий салоҳияти, беқиёс инсоний закоси, саховатини самимий туйғулар жилосида тасвирлаб беради.
«Ўзбек мўъжизаси» деб номланган мақолада эса мустақил давлатимизнинг мадҳияси муаллифи, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳақида баён этиб, шундай юксак эҳтиром сўзларини ёзади: «давру давронлар, замонлар ўтади, аммо Ватан равнақи, халқ манфаати йўлида фидойилик кўрсатганлар номи барҳаётдир. Абдулла Орипов шеърлари миллат шаъни, ор ва ғурур, қувонч ва изтироб, дарду ҳасрат, улуғвор мунг ифодаси сифатида дилларга кириб борди. Бирор бир шеъри шунчаки битилмаган, донишмандлик нафаси уфуриб турган ижоди боис у қардош ва кўплаб хориж мамлакатларида ҳам маълум ва машҳур бўлди».
«Самимият сеҳри» эса барчамиз танийдиган ургутлик забардаст ижодкор ҳақида ниҳоятда дилбар, ниҳоятда ажойиб тарзда ёзилгани билан эътиборингизни ўзига тортиб олади: «Абдусаид Кўчимовнинг адабиёт оламидаги ўрни, асарларининг аҳамияти ҳақида шу соҳанинг билимдонлари, нуктадонлари гапирса арзийди. Аммо бу борада билганим шуки, устознинг «ширин тили» бор. Ҳикояларини ўқисангиз, улар худди кино тасмасидек кўз олдингизда гавдаланаверади. Чунки ҳаётнинг, ҳаётийликнинг бор ранги бўй кўрсатиб туради устознинг ҳар бир асарларида. Долзарб мавзудаги мақолалари ҳам худди ҳикоядек ёзиладики, икки қўлингизни кўтариб тан бермасдан иложингиз қолмайди».
Китобни ўқир экансиз, мамлакатимизда кечаётган туб ислоҳотларга ўзига хос тарзда муносабатни ҳис қиласиз. Санъат, адабиётга кўрсатилаётган рағбат, ташкил этилган ижод мактаблари, матбуотдаги эркин нафас, одамларимиз тафаккуридаги ўзгаришларга оид холис фикрлар фактлар силсиласида чиройли терилади.
Шу билан бирга, тарғиботдаги ва мафкуравий курашдаги айрим оқсоқликлар, матбуот нашрларининг тобора тушиб бораётган адади, ёшлар маънавий дунёсидаги тузатиш қийин бўлаётган бўшлиқлар ижтимоий куйинчаклик ва таъсирчан мулоҳазалар асносида очиб бериладики, албатта бу ҳам китобхонни бефарқ қолдирмайди.
Ижоднинг пасту баланд дунёсида баъзан тушкун ва баъзан катта кўтаринкилик билан қалам тебратаётган иқтидорли журналист «бугунги шиддатли замонда, адабиёту маърифат, матбуот ва маънавият тушунчалари кимлар учундир эски даврда қолди, дея талқин қилинаётган кунимизда ижодкор шахсияти, зиёлиларга мамлакатимиз раҳбарининг алоҳида эътиборидан хулоса чиқаришимиз» кераклигини бот-бот такрорлаб келади.
Юртимиздаги кўзга кўринган, элимиз ҳурматини қозонган журналистлар Абдусаид Кўчимов, Маматқул Ҳазратқулов, Ўткир Раҳмат, Аббосхон Усмонов, Аҳмаджон Мелибоев, Карим Баҳриев, Аҳрор Аҳмедов ва Шуҳрат Жабборов каби устозлар этагини тутган Мақсудхон кўтарган мавзулар қирраси ранг-баранг ва кўламдордир.
Ҳаётда сабоқ берган марҳум устозлари Қурбон Эшмат ва Икром Ўтбосаров, халқимизнинг суюкли ёзувчиси Тоҳир Малик, Тошкент имом хатиби Анвар қори, миллий санъатимизнинг буюк дарғалари Шерали Жўраев, Ортиқ Отажонов, Фурқат Мирзаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Ўзбек миллий академик драма театри директори Фатхулла Маъсудов ҳақидаги хотиралари ҳар бири ибратдир.
«Шерали Жўраевнинг қўшиқлари доно ва ҳақгўй мураббийга, ширин сўз устозга ўхшайди: қайси мавзуда қўшиқ куйламасин, тилга олинган мавзу ҳақида мушоҳада қилишга мажбур бўласиз. «Бир улуғ эл бор жаҳонда» деган қўшиқни эшитсангиз, қанчалар гўзал ва муаззам юртда яшаётганингизни ўйлаб, шукроналар айтасиз. Эл-улус корига яраётганлар, халқим, деб туну кун тиним билмайдиганларга ажру мукофот бор. Бу ҳақда ҳофиздан ўтказиб ҳеч ким айтолмаган ҳали:
Ватан дея ўлса ким, тупроғи совимағай».
Мухтасар айтганда, Мақсудхонни «чинакам дардчил ва халқчил журналист», давримизнинг ўзига хос «виждон овози» деса ҳам муболаға бўлмайди. Ушбу тўплам унинг охирги йилларда китобхонларга тақдим этган «Ёнимиздаги одамлар» (2012), «Бир умрлик сабоқ» (2019), «Девона қилди ишқ мани» ва «Бир қўшиқ куйлайки...» (2022) каби бадиий-публицистик асарлари қаторидан муносиб ўрин эгаллаши шубҳасиз.
Лазиз Раҳматов,
Сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter