Kun.uz мухбири ҳоким ўринбосарини туҳматда айблаб, прокуратурага мурожаат қилди
Кеча Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳобов KUN.UZ таҳририяти ходимларига таҳдид қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Бугун Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати томонидан А.Ваҳобовнинг видеоинтервьюси эълон қилинди. Ушбу интервьюда А.Ваҳобов KUN.UZ мухбири Раҳматилла Исроилов муқаддам ундан тамагирлик йўли билан ер талаб қилгани ва бунинг эвазига катта миқдорда пора таклиф қилгани ҳақидаги даъвони илгари сурди.
Мазкур даъво юзасидан KUN.UZ зудлик билан ўз ички суриштирувини ўтказиб, таҳририят мухбири Р.Исроилов ва бошқа ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинлади.
Хизмат текширувида мухбир Р.Исроилов унга нисбатан А.Ваҳобов илгари сураётган айбловлар бирор асосга эга эмаслигини, А.Ваҳобов билан муқаддам ҲЕЧ ҚАЧОН кўришмаганини, ҳаётда илк марта 14 август куни учрашганини ва ўз-ўзидан А.Ваҳобовнинг гаплари туҳматдан иборатлигини маълум қилди.
Бундан ташқари, 15 август куни Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати ходимлари томонидан айнан мазкур масала юзасидан ташкил қилинган юзма-юз учрашувда А.Ваҳобов KUN.UZ мухбири Раҳматилла Исроиловни танимаслигини ва ҳодиса юз берган куни (14 август) биринчи марта кўрганини баён қилган (буни тасдиқловчи аудиоёзувлар мавжуд).
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилаётгани сабабли хизмат текшируви давомида тўпланган ҳужжатлар (тегишли аудио ва видеоматериаллар билан бирга) қўшиб ўрганиш учун Тошкент шаҳар прокуратурасига юборилди.
Бундан ташқари, мухбир Р.Исроилов ўзига нисбатан оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилгани учун Олмазор туман ҳокими ўринбосари А.Ваҳобовга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали Бош прокуратурага шикоят йўллаганини маълум қилди.
Тошкент шаҳар прокуратурасида олиб борилаётган терговга қадар суриштирув жараёнларига халақит бермаслик, суриштирув жараёнлари холислигига таъсир ва босим ўтказмаслик мақсадида KUN.UZ таҳририяти ушбу мавзуда бошқа маълумотларни ошкор қилмасликка қарор қилди.
Эслатиб ўтамиз, 14 август куни Олмазор тумани ҳокими ўринбосари Абдурасул Ваҳабов суриштирув учун олдига келган «Kun.uz» ходимларига тажовуз қилган, уларнинг шахсий мулкига зарар етказганди.
Олий Мажлис депутати ва бошқа ташкилотлар Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг хатти-ҳаракатларини қоралаб, унинг жавобгарликка тортилиши масаласи кўрилиши лозимлигини қайд этишганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter