Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Коронавирусга чалинганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ – ТИВ

Коронавирусга чалинганлар орасида ўзбекистонликлар йўқ – ТИВ

Фото: focus.ua

Ўзбекистоннинг Хитойдаги дипломатик ваколатхоналари берган маълумотга кўра, 25 январь ҳолатига кўра коронавирусли пневмониядан вафот этганлар сони 41 нафарга, касалланганлар эса 1287 нафарга етган. Яна 1965 киши касалланган деган гумон билан шифокорлар назоратида. Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари қайд этилмаган, дея маълум қилди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги.

Ушбу вирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Хубей провинциясининг Ухан шаҳри ва бошқа 12та шаҳарлари карантин учун ёпилди. Гавжум жойларда вирус юқиши хавфининг юқорилигини инобатга олиб, санитария тадбирлари давомида ташқарига чиқмаслик тавсия этилмоқда.

Карантин эълон қилиниши муносабати билан, тегишли ҳокимият органлари Хитойда аккредитация қилинган хорижий мамлакатларнинг барча дипломатик ваколатхоналарига чет эл фуқароларини карантин эълон қилинган шаҳарлардан эвакуация қилиш бўйича рад жавобини бермоқда. Карантин киритилганидан сўнг бошқа давлатнинг элчихоналари ўз фуқароларини эвакуация қилгани тўғрисидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Таъкидланишича, Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг Хитойдаги дипломатик ваколатхоналари вазиятни назоратга олган ҳамда барча масалаларни, жумладан зарурат туғилганда Ўзбекистон фуқароларини эвакуация қилиш масаларини ҳал қилиш учун тегишли ҳокимият органлари билан доимий алоқада бўлиб турибди.

«Элчихона ва Бош консулхона вакиллари Ўзбекистон фуқаролари билан доимий мулоқот ўрнатган, жумладан «WeChat» ижтимоий тармоғида «Ухан 2020 Ўзбекистон» ва «Uzbeks in Wuhan» гуруҳлари ишлаб турибди», – дейилади ТИВ билдиришида.

Айни пайтда вазиятни монотиринг қилиш ва вируснинг Ўзбекистон ҳудудида тарқалишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўриш учун Санитария-эпидемиологик осийишталик агентлиги қошида штаб ташкил этилди. Хавфли ҳудудлардан келадиган барча фуқаролар кузатувга олинади.

Хитой ҳудудидаги Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолатларда исталган вақтда мамлакатнинг Пекин шаҳридаги элчихонасига (тел.:  +86 135-1102-4242 Бобур Яхяйев, +86 139 1175-4476 Шухрат Умиров) ҳамда Шанхай шаҳридаги Бош консулхонасига (тел.: +86 131-2255-5772,  Азиз Улуғбеков) мурожаат қилишлари мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг