Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Коронавирус, иқтисодиёт, аҳолига пул тарқатиш...» Кореядаги иқтисодчи ҳамюртимиз билан суҳбат

«Коронавирус, иқтисодиёт, аҳолига пул тарқатиш...» Кореядаги иқтисодчи ҳамюртимиз билан суҳбат

«Xabar.uz» хориждаги ватандошларимиз билан интервьюларни давом эттиради. Бугунги суҳбатдошимиз — Корея Республикасидаги Жеонбук Миллий университети «Халқаро савдо» йўналиши магистранти Миркомил Холбоев. Миркомил Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг «Халқаро иқтисодий муносабатлар» йўналишини тамомлаган.

Суҳбатимиз бугунги Корея: иқтисодиёт, жамият, коронавирус ва бошқа мавзуларда кечди.

— Миркомил, Жанубий Кореяда яшаб, мамлакатнинг тараққиёт омилларини нималарда кўряпсиз?

— Жанубий Кореянинг ривожланиш тарихига эътибор қаратилса, мамлакат жуда қисқа тарихий вақт оралиғида паст даромадли давлатдан юқори даромадли давлатлар сафига қўшила олганини кўриш мумкин. Ўтган асрнинг 60-йилларида ялпи ички маҳсулот аҳоли жон бошига 100 АҚШ долларидан тўғри келарди, ҳозир эса 31 минг доллар.

Мамлакатнинг ривожланишида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг ўрни катта бўлган. Айниқса, Япониядан.

Ўтган асрнинг 60-йилларидан Япония ўз текстил саноатини бошқа давлатларга чиқаришни бошлади. Бунинг асосий сабаби Япония ишчиларининг даромади иқтисодий ўсиш билан бирга жадал ошиб бораётганида эди. Шунинг баробарида ишчи кучи кўп талаб қилувчи текстил саноатида Япониянинг нисбий устунлиги йўқолиб бораради. Бунинг оқибатида текстил саноати арзон ишчилар кўп қўшни давлатларга (хусусан, Жанубий Кореяга — таҳр.) кўчиб ўтишни бошлади.

Ўша даврда Кореяда амалга оширилган барча истлоҳотлар алоҳида эътирофга лойиқ. Айниқса, миллий пул бирлиги — вон ислоҳоти ҳамда бизнес муҳитини яхшилашга қаратилган сиёсат хорижий инвестицияларни жалб қилишда жуда муҳим роль ўйнаган.

Аслида бундай ислоҳотлар фақат Кореяга хос бўлмай, кўплаб мамлакатлар томонидан қабул қилинган ва амалда синаб кўрилган тажрибалар.

Импортни юқори божлар билан чеклаб, иқтисодий ўсишга эришиб бўлмайди.

Мисол учун, 60-йилларда Кореяда импортнинг ўртача тарифлари 70 фоизга яқин бўлган. Аммо импорт божлари иқтисодий ўсишга катта тўсиқ бўлишини тўғри англаган ҳукумат божлар даражасини қисқа муддатда 30 фоизгача пасайтирган. Ўшанда бошлаб Кореяда ўртача тарифлар пасаювчи трендни намоён қила бошлади. Мамлакатимиз ҳам юқоридаги каби йўлни танлаб, импорт тўсиқларини йилдан-йилга пасайтириб боришини хоҳлардим. Импортни юқори божлар билан чеклаб, иқтисодий ўсишга эришиб бўлмайди.

Қарор билан тўлиқ танишиб чиқиб, цемент импорти ҳеч қанақасига осонлашмаслигини тушундим.

Суҳбатимиз импорт божлари мавзусига бурилди. Шу хусусда савол бермоқчиман. Яқинда ҳукуматимиз цемент импортини соддалаштириш бўйича қарор қабул қилди. Бироқ қарор ижтимоий тармоқларда турлича талқин қилиняпти...

Ўша қарор ҳақидаги мақоланинг сарлавҳасини ўқиб цемент импортидаги барча тўсиқлар олиб ташланар экан, деб хурсанд бўлгандим. Аммо қарор билан тўлиқ танишиб чиқиб, цемент импорти ҳеч қанақасига осонлашмаслигини тушундим. Аниқроғи 28 кунлик лаборатория текшируви бекор бўлишини кутгандим.

Билишим бўйича, 1 майдан цемент импортига вақтинчалик чеклов қўйилган эди. Лекин бозорда цемент нархининг кескин ошиши кузатила бошлангандан кейин чеклов бекор қилинди.

Энди қўлланиладиган янги тартибга кўра эса, цемент импортини доимий лицензия бериш ҳамда лаборатория текшируви орқали амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Назаримда, бунақа текширувларни жорий қилишдан кўзланган ягона мақсад импортни яширин усул орқали чеклашдан бошқа нарса эмас. Ахир 8 та босқич мавжуд бўлган импорт жарёнида соддалик ҳақида қанақа гап бўлиши мумкин?

Тасаввур қилинг, қанчадир миқдордаги цементни олиб кириш учун қарийб бир ой кутишга мажбурсиз. Очиғи, бу вақт ичида кичикроқ қурилишни бемалол битирса бўлади.

Миллий ишлаб чиқарувчиларимизга чет эл корхоналари билан рақобат қилишдан кўра, қонунни ўзгартиришнинг муқобил харажатлари арзонроқ.

Кузатишларим бўйича айта оламанки, ички ишлаб чиқарувчиларни ҳар хил йўллар билан ҳимоя қилишга қаратилган ҳаракатлар қанча кўп бўлмасин, миллий ишлаб чиқарувчилар барибир ривожланмайди. Аслида, чегарадаги тўсиқлар кўпайиб бораётгани учун ривожланмайди. Боиси миллий ишлаб чиқарувчиларимизга чет эл корхоналари билан рақобат қилишдан кўра, қонунни ўзгартиришнинг муқобил харажатлари арзонроқ.

Яна бир ажойиб мисол келтираман. Мамлакатимизда экспорт импортдан юқорироқ юрадиган бир ажойиб даврларда божхонадан ўтказиш даври тахминан 100 кунни ташкил этган. Хуллас, импортни турли усуллар билан чеклаш жамиятнинг камбағаллашишига сабаб бўлади. Устига-устак, импортни чеклаш орқали ҳеч қачон экспортда ўсишга ҳам эришиб бўлмайди.

— Сизнингча, Ўзбекистон коронавирус пандемиясига қарши Корея ҳукумати ҳаракатларидан қайсиларидан фойдаланиши, қай бирларини такрорламаслиги керак.

— Корея пандемиянинг биринчи тўлқинидан жуда тез чиқиб кетганлиги кўплаб нуфузли ташкилот ва давлатлар томонидан эътироф этилди. Менимча, Ўзбекистонда ҳам вирус хавфи борасида Кореядаги каби тушунтириш ишларини янадан фаолроқ ва самаралироқ ташкил этиш керак. Чунки, мамлакатимизда карантин чоралари пасайтирилган кундан бошлаб касалланиш ҳолатлари яна кўпая бошлади. Афсуски, шундан кейин яна карантин жорий қилинди. Касалланишлар сони бундай тез ўсиши иқтисодиётни тўхтатиш эвазига одамларнинг бошида икки ойдан зиёд уйда ўтирганини самарасизга чиқарди.

Назаримда ё одамларга вируснинг ҳақиқий хавфи етарлича етказилмаган ёки одамлар буни етарли даражада жиддий қабул қилмаяпти.

Кореяда эса, касалланиш бошланиши билан, ҳукумат вирусдан қандай ҳимояланиш бўйича жуда кўплаб йўриқномалар чиқарди, тарғибот-ташвиқот ишлари фаол олиб борилди.

Шунингдек, одамлар ўзларини ҳимоя қилиш учун онгли равишда ниқоб тақа бошлади. Масофа сақлашга ҳам жиддий эътибор қаратишди.

Менимча, одамларни карантинда сақлаб ўтиришдан кўра, уларга жамоат жойида ўзларини қандай тутиши ҳақида кўпроқ тушунча бериб, иш фаолиятига рухсат бериш самаралироқ. Бу йўл иқтисодиёт учун ҳам фойдали.

Кўплаб иқтисодчилар карантин даврида аҳолига пул кўринишидаги кўмак беришни илгари суришяпти. Сизнингча, бу қай даражада фойдали?

Яқинда интернет нашрлари орқали Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан 102 мингта эҳтиёжманд оила ва унга қўшимча оиласида 65 ёшдан ошган кишилар истиқомат қиладиган 106,5 мингта оила танлаб олиниб, уларга ёрдам кўрсатиш учун «Саховат ва кўмак» жамғармасидан 30 миллиард сўм маблағ ажратилиши ва унга озиқ-овқат тўплами тайёрланиши ҳақида ўқидим.

Одамларга озиқ-овқат тарқатиш у қадар ҳам самарали йўл эмас. Чунки озиқ-овқат тўплами тайёрланаётганида ўртача ҳисоб олинади. Аммо кимнингдир хоҳиши берилаётган миқдорга яқинроқ, кимникидир эса узоқроқ. Мисол учун, кимдир 1 кг. картошка, 2 кг. ун истеъмол қилса, бошқа биров 1 кг. ун, 2 кг. картошка истеъмолини афзал кўради. Яна кимдадир умуман озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёж бўлмаслиги мумкин. Балки дори-дармон олишни истар. Умуман олганда, одамларнинг хоҳиш ва танловлари турлича, бир-биридан фарқ қилади.

Бундай вазиятда ажратилиши кўзда тутилган маблағ одамларга бўлиб берилиши қолган усуллардан самаралироқ. Яъни одамлар ўзларига нима кераклигини бошқалардан кўра яхшироқ билишади. Агар 100 мингта оила танлаб олинса, унда ажратилаётган 30 млрд. сўм ҳар бир оилага 300 минг сўмдан бўлиб беришга етади. Муҳтож аҳоли учун маблағнинг озиқ-овқат тўплами олишдан кўра нафи кўпроқ. Шахсан мен пул кўринишидаги кўмак кўрсатилиши тарафдориман.

— Бўш вақтларингизда нималар билан бандсиз, китоб ўқишга ҳам вақт борми?

Бўш вақтларимда вазият ва кайфиятга қараб турли ишлар билан шуғулланаман. Баъзида, велосипедда шаҳар бўйлаб сайр қилиш кайфиятимни кўтаради. Лекин ҳозирги кунларда кўпроқ китоб ўқишга ҳаракат қиляпман. Охирги ўқиган китобларимга тўхталадиган бўлсам, яқинда Кругманнинг «Age of diminished expectations», Стиглицнинг «Мaking globalization work» китобларини ўқиб тугатдим.

Биринчи китобда АҚШ иқтисодиётининг ўтган аср 80-90-йилларидаги ҳолати ва 90-йилларда қабул қилинган иқтисодий қарорлар ёритилган бўлса, Стиглицнинг китобида глобализациянинг ҳозирги кундаги ҳолати, ривожланган ва ривожланаётган давлатлар ўртасидаги адолатсиз иқтисодий алоқалар фактлар билан кўрсатиб берилган. Энг яхши томони, муаллиф ҳар бир муаммонинг ечими борасида аниқ таклифларини ҳам бериб ўтган.

Нурилло Тўхтасинов
суҳбатлашди

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг